Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

Хушторига атайин СПИД юқтирган аёл, ёнаётган “Мерседес”лар


Тошкентда "Мерседес" автобусларининг ёниши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Тошкентда "Мерседес" автобусларининг ёниши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Cирдарёда 200 миллион йиллик тарихга эга диназавр суяги топилди. Тошкентда ёнаётган “Мерседес” автобуслари юзасидан масъул шахс изоҳ берди. Социолог олим лудамания хатаридан огоҳлантирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Хушторига атайин СПИД юқтирган ўзбекистонлик аёл жазога тортилди”

Хуштори Максим Ивановга атайин ОИТС касалини юқтирган ўзбекистонлик Лилия Авдеева жазога тортилди (“Даракчи”, 25 июнь).

Максим ва Лилия мактабда бирга ўқиган, ўспиринлик давридаёқ бир-бирига кўнгил қўйган. Аммо қиз кейинроқ фоҳишалик йўлига кирган.

М.Иванов эса хиёнатга чидолмай Россияга кетиб қолган. Бу орада Л.Авдеева қайсидир хушторидан ОИТС юқтирган. М.Иванов Россиядан қайтгач, яна Л.Авдеева билан яшай бошлаган.

Қайд этилишича, аёл давосиз дардга чалинганини М.Ивановдан яширган ва “Нега фақат мен?!” деган ғараз билан унга ОИТСни атайин юқтирган.

Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 113-моддасига мувофиқ, била туриб бошқа шахсга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Тошкентда ёнаётган автобуслар юзасидан масъул шахс изоҳ берди”

Тошкент шаҳрида “Mersedes-Benz” русумли автобусларнинг ёниб кетишига асосан электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлмоқда (“Оила даврасида”, 25 июнь).

Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” ширкати бўлим бошлиғи Мухтор Алиев маълум қилади. Масъул вакилга кўра, Германиянинг “Evo Bus GmbX” ширкатидан сотиб олинган “Mersedes-Benz Сonecto O 345” русумли автобусларнинг 12 йил ичида тасарруф этилиши оқибатида электр симлари пластик қобиғи носоз ҳолга келган.

Ҳаракат пайти ёниб кетаётган, нисбатан янги саналган “Mersedes-Benz Low Floor” автобуслари камчиликларини бартараф этиш юзасидан эса Германияга ширкатига рекламация хатлари жўнатилган.

Тошкент транспорт ширкати вакилига кўра, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилаётгани сабаб транспорт таркибини алиштириш – бошқа русумли автобуслар cотиб олиш режалаштирилмаган.

Газета Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида, хусусан, автобусларда ёнғинлар кўп кузатилаётгани, бу эса автобусдан фойдаланидиган ҳар бир йўловчини ташвишга солаётганини эслатиб ўтган.

“Темир йўл қурилиши ҳудудидан жойлашган ер эгаларига 4,1 миллиард сўм компенсация белгиланди”

Вазирлар Маҳкамаси Ангрен – Поп темир йўл ҳудудида яшовчи турар жой ва ер эгаларига компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Матбуот нашрлари хабарига кўра, Наманган вилояти ҳокимлиги темир йўл ҳудудида жойлашган турар жой ва ер участкалари эгаларига 4,1 миллиард сўм товон пули тўлаши лозим. Компенсация тўлови маҳаллий бюджетдан ажратилиши белгиланган.

Қамчиқ довони орқали ўтган, Тошкент ва Фарғона водийсини боғловчи электрлаштирилган темир йўл қурилиши айни пайтда давом эттирилмоқда.

“Cирдарёда 200 миллион йиллик тарихга эга диназавр суяги топилди”

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги хонадонлардан бирида мезозой эрасига мансуб диназавр суяклари топилди (“Адолат кўзгуси”, 25 июнь).

Тарих фанлари номзоди Боймирза Ўроқов ушбу ноёб топилма 200 миллион йилдан ортиқроқ вақт ер қаърида ётганини иддао қилган. “Шароит ҳар томонлама қулай ва қуруқ жой бўлгани учун суяклар сақланиб қолган бўлиши мумкин” деган тарихчи олим.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ҳудудида диназавр қолдиқлари топилган. Аммо Сирдарёдан топилган суяклар энг қадимга даврга мансублиги билан “шов-шувли янгилик” деб баҳоланган.

“Ота-оналар лудамания хатаридан огоҳлантирилди”

Қўл телефонига муккасидан кетиб, жамоат жойлари – транспорт, таълим муассасалари ва кўча-кўйда ундан бош кўтаролмаётган ёшлар кўпайиб бормоқда (“Жамият”, 24-сон).

Социолог Азизбек Амоновга кўра, кўчада қулоқчин тақиб, баланд овозда мусиқа тинглаб кетаётган ёшларнинг турли балоларга йўлиқаётгани масаланинг ўта жиддий эканини кўрсатади.

Айни пайтда, социолог ота-оналар бойлигини кўз-кўз қилиш қилиш, бошқаларга бир калла баланд юриш мақсадида фарзандларига қимматбаҳо буюмлар олиб бераётганини ҳам салбий баҳолайди. Мобиль ўйинларга муккасидан кетиш лудaманияга олиб келади деб ҳисоблайди А.Амонов.

“Бош имом мусулмонларни Рамазонда мусобақалашишга чақирди”

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имоми Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли Ўзбекистон мусулмонларини Рамазони шарифда эҳсон ва яхши амаллар борасида мусобақалашишга чақирди.

“Даракчи” газетасига мақола ёзган имом хатибга кўра, ўзи тўқ бўлатуриб қўшниси оч ўтиришига рози бўлган одам чин мусулмон бўлолмайди.

“Атрофимизга назар солайлик. Диққат қилсак, бизнинг меҳримизга, эътиборимизга эҳтиёж сезаётганларни албатта топамиз” дея бош имом хайру саховатга даъват этади.

Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли айни пайтда “Кўкча” жомеъ масжиди имом хатиби ҳам саналади.

XS
SM
MD
LG