ОзодМикрофонга Москвадан қўнғироқ қилган 32 яшар когонлик (Бухоро вилояти) йигит бундан 3 ярим йил илгари Россия фуқаролигини олган яқин қариндошини 6 июль куни Когон шаҳрида дафн этишга милиция ходимлари рухсат беришмаганидан шикоят қилди.
Исмини айтмаслигимизни илтимос қилган (негалигини суҳбат давомида тушунтиради) йигитнинг айтишича, Когон шаҳри, Ашхобод кўчаси, 4- уйда истиқомат қилган, ёши 60 га кирганда касалликдан вафот этган қариндоши – Фароғат опани дафн қилиш 6 июль, эрталаб соат 11 га белгиланган эди. Лекин жаноза намози бошланишидан олдин ўлим юз берган хонадонга бир неча милиция ходими келган ва марҳума Россия фуқароси эканлиги учун Ўзбекистон ҳудудида дафн этилишга ҳақи йўқлигини айтган.
Марҳуманинг яқинлари ва таъзияга йиғилган қўни-қўшнилар бундай талабни эшитгач норозилик билдирган ва 2 соат давом этган тортишувдан сўнг дафнга рухсат берилган.
Фароғат опанинг ОзодМикрофонга мурожаат қилган қариндоши билан мулоқотни эшитинг.