Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

Ўзбек имомлари: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Шайх Муҳаммад Содиқ - Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида чуқур из қолдирган ва зиддиятли шахс сифатида тарихга кирган йирик дин пешвосидир. Бу киши ҳақидаги муносабатлар, хотиралар, олқиш ва танқидлар кўлами ҳам кенг. "Ўзбек имомлари" рукнида биз у кишидан қолган илмий мерос, вафотидан кейин кўтарилган баҳс ва у кишининг шахсий ҳаётига оид баъзи муҳим маълумотларни жамлашга ҳаракат қилдик.

Ниёзботирлик талаба

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида яқинда Ўшда чоп этилган “Ҳазрат” номли китобда у кишининг таржимаи ҳоли тўлиқ келтирилган:

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371-йил 21-Ражаб – милодий 1952-йил 15-Апрел куни Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. Муҳаммад Юсуф домла Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган... Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди... Шайх Муҳаммад Содиқ Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. 1969-йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970-йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди”.

Шайх ҳазратлари ўқишга кирган пайтда мадраса 7 йиллик эди. Шайх мадрасининг бирданига 5-босқичига қабул қилинган. Уни битиргач, 1973-йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти - Олий Маъҳадга ўқишга кирган ва бунда ҳам бирданига 3-босқичга қабул қилинган. Бу билим юртини 1975 йилда тамомлагач, «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлаган.

Яна у кишига бағишланган “Ҳазрат” китобидан иқтибос:

"1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги “Исломий даъват факультети” номли дорулфунунга ўқишга кирди. Шайх Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг итеъдодли талаба сифатида намоён бўлди. Ўша пайтларда у дарсдан ташқари турли мавзудаги китоблардан ҳар куни 100 саҳифа ўқишни ўзига вазифа қилиб олганди. У 1980-йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди”.

Шайх 1980-йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан қайтгач, Тошкент Ислом институтига ўқитувчи бўлиб ишга кирди ва 1981–1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди. “Қуръон илмлари”, “улумул-ҳадис”, ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби қўлланмаларнинг Олий Маъаҳадга олиб кирилиши у кишининг номи билан боғланади.

Ўзбек имомлари -1: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:54 0:00
Бевосита линк

Шиддатли карьера

Шайх ҳазратлари қисқа муддат ичида оддий ўқитувчиликдан муфтийлик даражасига кўтарилди:

- 1982-йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;

- 1984-йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори;

- 1989-йили 6-Февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Муфтийси;

- 1989-йил Декабр ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати;

У киши 4 йил муфтийлик қилдилар ва 1993-йилнинг июн ойида муфтийлик лавозимидан истеъфо берди.

37 ёшда муфтийлик, оқимлар қутқуси

Шайх Муҳаммад Содиқ 37 ёшида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси этиб тайинланган.

1989-йилда шу лавозимни қабул қилганидан кейинги фаолияти орадан икки йил ўтиб мустақил бўлган Ўзбекистоннинг янги тарихида шубҳасиз чуқур из қолдирди ва бу давр ҳақида бугун билдирилаётган муносабатлар жуда зиддиятлидир.

У киши ўша пайтда СССР Олий Кенгашида депутат ҳам эди. У киши депутат бўлган кезда Ўзбекистонда масжид-мадрасалар очилиши ва совет ўлкаларидан Ҳажга борувчи мусулмонлар сонини оширишга кўп ҳисса қўшган. У киши муфтий бўлган 1990 йилда ўзбекистонлик ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан “Подшоҳнинг меҳмонлари” сифатида қабул қилинган ва бу ҳолатнинг 1993-йилгача давом этгани у кишига замондош ўзбекистонлик диндорларнинг аксарияти томонидан бирдек эътироф этилади.

Аммо, собиқ совет иттифоқи парчаланиш арафасида бўлган ва бу ҳудудда Қайта қуриш даври кечаётган бир пайтда муфтиятга бош бўлган шайх Муҳаммад Содиқнинг фаолиятига турлича баҳо берилади.

Бу даврда собиқ совет иттифоқида “Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партия”си тузилган ва шу кунда тақдири номаълум қолаётган фаол Абдулла Ўтаев бошчилигида унинг Ўзбекистондаги филиалини очиш ҳаракати кетаётган эди.

Бундан ташқари, озчилик бўлса-да, чуқур илм ва тақвоси билан дарров кўзга ташланадиган марказий осиёлик ҳожилар араб ўлкаларида ҳурмат қозонаётган, уларининг қизиқишини яна-да кучайтираётган эди. Араб ўлкаларидан меҳмонлар келаётган, бизнинг ўлкалардан борувчилар сони ҳам ортаётган эди.

Ўз навбатида турли давлатлардаги мусулмонларнинг ибодати, тақвоси, илми ва Исломда тутган йўли – мазҳаби, йўналишларидаги фарқлар ҳам бизнинг минтақаларга кириб келаётган эди.

Муҳими, собиқ совет иттифоқи нураб битаёзган, унинг таркибидаги республикаларни мустақилликка олиб чиқаётган ёш-навқирон, тажрибасиз сиёсий кучлар ҳам ўзаро фарқли эди.

Алғов-далғов давр муфтийси

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Муҳаммад Содиқ билан бирга ишлаган шайх Абдулазиз Мансур ўша даврни тилга олар экан, хориждан Ўзбекистонга кириб кела бошлаган турли оқимлар ва айни пайтда, Мусулмонлар диний идорасидаги алғов-далғов даврларни қисқагина қилиб шундай хотирлади:

- Ҳар хил оқимлар жуда кўпайиб кетган давр эдида. Юртимиз тарихида бунақаси бўлмаган эди. Мустақиллик арафасидан бошланиб, дарвозалар очилганидан кейин ҳар хил оқимлар ҳам кириб келаверди, яхши-ёмонлар ҳам кириб келаверди. Бу киши шундай оғир ўтиш даврида муфтийлик қилган. Шунинг учун бу кишига ё ижобий, ё салбий баҳо бериш қийин. Лекин, биз тушунамиз бу жуда катта одам. Бу киши 5 та республика мусулмонларига муфтийлик қилган-да. Ўша ўтиш пайтида диний идорамизда ҳам ҳар хил тушунмовчиликлар бўлган. Аммо, кейинчалик ҳамма хатосини тушунган, бир-биридан узр сўраган. Бу киши 63 йиллик умр кечирган бўлса-лар, юз ёшлик умрни яшаб ўтдилар. Оллоҳ у кишидан рози бўлсин! – деб хотирлади Абдулазиз Мансур.

Мусулмонлар намойиши, сотилган Қуръон

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф муфтийлик қилган пайтда Андижонда – ўша даврнинг кўзга кўринган уламоси сифатида танилиб улгурган Абдували қори Мирзаев қўлида таҳсил олган Муҳаммадсолиҳ Обутов шайх фаолиятига кескин танқидий кўз билан қараган ва бу ҳақда мақлолалар эълон қилган ўзбекистонлик имомдир.

У кишининг марҳум шайхга жиддий эътирозларидан бири айнан 1989-93-йилларга оид:

- Тожикистондаги коммунистларга қарши тожик мусулмонлари қилган намойишларни муфтий қувватлаган. Ўшанда Тожикистоннинг қозиси: “Бу майдонда бир соат туриш - 100 ракат нафл намоз ўқигандан афзалдир”, деган фатво чиқарган. Ўшани муфтий қувватлаб, адашмасам, телевизорда гапирган. Кейин у ëқда урушга ўтиб кетди иш. Табиийки, муфтийнинг олдинги гаплари кейин ўзгарди. Балки унга маъмурий босим бўлгандир. Кейин Абдулла Ўтаевлар исломий партиянинг Ўзбекистон бўлимини тузамиз деганда, ҳукумат қаттиқ қаршилик қилган. Муфтият ҳам ўшанда уларга қарши гапирган. Ҳажга бориш-бормаслик, Абдували қори аканинг мачитидаги одамларга печать босиб бермаслик, хуллас шу каби ишлардан норозилар кўп эди. Тўполон бўлиб турганда, уни айбдор деб ҳисоблашдими, бошқа бўлдими, тарк этди ватанни, чиқиб кетди. Кейин нариги группа диний бошқармага келди ва ҳукумат уларни поддержа қилди.

Озодлик: Яъни, ҳукумат ўша вақтда сафида Обид қори ҳам мавжуд бўлган группани қўлладими?

- Ҳа, Обид қори ҳам мавжуд эди. Шундан кейин Қурултой ҳам ўтказилмади. Каримов уже ўзини ўнглаб олган эди ва бунга бошқа изн бермади.

Озодлик: У пайтда Намангандаги гаплар ҳам бўлиб ўтган эди-а?

- Улар ҳам бўлиб ўтган эди. Энди Каримов муфтийни тайинлашни бошлади ва Абдулла Бухорий деган одам муфтий бўлди. Лекин Абдулазиз Мансур ўша пайтда ҳам нариги муфтийнинг ноиби эди, 10та муфтий алмашса ҳам бу киши ўтирибди ҳали. Менинг фикримча, ўзбек ҳукуматининг ўзи шайхнинг чиқиб кетишини мусулмонларнинг тинчлиги учун бирламчи омил, деб ҳисоблаган.

Озодлик: 90-йиллардаги сулҳда шайх битта гап айтган эди, турли гуруҳларга бўлинмайлик, бирлашайлик, акс ҳолда душманларга ем бўламиз, мазмунида. Балки шундан хавотир қилиб чиқариб юборишгандир? Зотан, кейинчалик мусулмонлар ўзаро иттифоққа келолмади ва ҳақиқатан ҳам майда гуруҳлар битта-биттадан йўқ қилинди.

- Лекин ҳукумат ўшанда шунақа узоқни кўзлаб, иш қилди деб ўйламайман. У пайтлар довдираб ëтган, ким нима қилишини тушунмаëтган давр эди. Жуда кўп факторлар бор эди. Шайхнинг чиқиб кетиши маъқул кўрилди, шекилли. Ҳукуматга шунча хизмат қилса ҳам чиқариб юборишди ва қамашмади ҳар ҳолда уни, - дея хотирлайди Обутов.

Муҳаммадсолиҳ Абутов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:27 0:00
Бевосита линк

Исломий партия, савод қайғуси

Тилга олинган давр -1989 йиллардан то 1993 йилгача шайхнинг муфтийлик фаолияти ҳақида Озодликка интервью берган ўзбекистонлик исломий илмлар тадқиқотчиси Муҳаммад Нурнинг фикри эса тамомила бошқача – яъни, мутлақ ижобийдир. Муҳаммад Нур сўнгги кунларига қадар шайхнинг ёнида бўлган тадқиқотчилардан бири. Шайх қолдирган 100 дан ортиқ, илмий-маърифий, фиқҳий ва сиёсий адабиётнинг қарийб ҳаммасини мутолаа қилган илм аҳлидан бири.

Шайхнинг муфтийлик давридаги фаолияти хусусийда билдирилаётган танқидларни Муҳаммад Нур "нохолис" деб баҳолади.

Хусусан, 1992-93 йиллар оралиғида Ўзбекистонда Исломий партия тузишга уринишларини шайхнинг қувватламаганини хотирлаган тадқиқотчи бу ҳаракатларга шайх ҳазратларининг ўзи берган изоҳни хотирлатди:

- Ҳазрат ва шу кишининг атрофидаги айни фикрдаги одамлар: “Ҳозир сиëсий партиялар тузишлик айнан исломнинг оëғига болта уриш билан бир хил. Ҳозирги кунда тарбия билан шуғулланиш керак, мусулмонлар савиясини исломий маънода юксалтириш керак”, деганлар. Ўзларидан менинг шахсан эшитганим: "Бир кун муфтиятда турсам, келиб айтишганки: "Биз қайсидир қўмитага бордик, сизга жўнатишди. Сиз рухсат берсангиз, кейин биз ислом партиясини тузарканмиз", дейишди. Шунда мен уларга: “Ҳозир сизларни менга жўнатган одамлар устингиздан кулиб ўтирибди. Сизлар исломий партия тузадиган бўлсанглар, менинг қанақа рухсатим керак бўлади? Партия тузишликнинг ўзига яраша конституцион йўл-йўриқлари бор” ,дедим. Исломий партия, тузамиз деганларнинг савияси шу даражада эди ўша пайтда" деган эдилар. Ҳазрат албатта биз бу партияга қўшилмаймиз, дедилар. Чунки бу партияни тузаман деган одамларни савиялари динга, миллатга хизмат қилишлик савиясида бўлмаганини сезган у киши.

Озодлик: Нимага ўзлари тузмаган унда?

- Ҳазрат сиëсатни мақсад қилмаганлар. Ҳазратнинг мақсадлари диний саводсизликни барҳам топтириш, коммунистик тузумдан қутулиб, мустақил бўлган давримиздаги янги бир авлодга исломни соф маънода, толерантлик, яъни бағрикенглик маъносидаги тушунчаларни беришни биринчи ўринга қўйганлар.

Озодлик: Ўша пайтда шайхнинг атрофида ҳам, бошқа диний жамоаларда ҳам диний-сиëсий партияни бошқаришга, уни ҳимоя қилишга қодир пешволар бор эди. Мана Тожикистонда рамзий, дея танқид қилинса-да, исломий партия бор. Бунга жамият ҳам, ҳукумат ҳам кўникди. Ўзбекистонда бунга йўл берилмагани катта хато бўлмаганми?

- Бу ишни хато ëки тўғри бўлганини натижага қараб белгилаш керак. Расмий, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган сиëсий партиядан кўра, ҳазрат қолдирган мадраса, ҳазрат қолдирган мактаб уммат учун жуда катта фойда бўлди. Буни аҳли илмлар шундай тушунади. Мен тарихга назар солиб кўрдим, у киши ўзбек миллатининг ичида бизнинг Моварауннаҳр юртида 500 йил ичида қилинмаган хизматни қилдилар, - деб ҳисоблайди ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Муҳаммад Нур.

У киши бу хулосасига далил тарзида ўзбек тилида Қуръони карим маъноларининг таржимаси чоп этилиши, Олий Маҳатга Қуръони карим, ҳадисга оид бир неча йўналишдаги фанларнинг киритилиши ва 100 дан ортиқ номдаги китобларнинг чоп этилишини мисол келтирди.

Дарвоқе, Муҳаммад Нур сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистонда, асосан, шайх Муҳаммад Солиҳ Муҳамад Юсуфнинг китоблари чиққани, у кишига рухсат берилганию, қолганларнинг чекланганига оид хулосаларга ҳам муносабат билдириб ўтди:

- Бу - Ўзбекистон ҳукуматининг узоқни кўра билиши ва энг ақлли қарорлардан бирини қилганидан далолат. Сабаби ҳазратга ўхшаган уламога рухсат бериш, албатта, ҳар қандай ақлли сиëсатчининг иши ҳисобланади. "Ҳазрат сиëсатга хизмат қилди ва бунга мазҳабни қурол қилди", деган одамлар мантиқнинг "иккита зиддият жамланмайди" деган қоидасига кўра мантиқсизлик қилишаяпти. Чунки мазҳабнинг сиëсатга алоқаси йўқ, сиëсатнинг мазҳабга алоқаси йўқ, - деб таъкидлади Муҳаммад Нур.

Муҳаммад Нур билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:46 0:00
Бевосита линк

Горбачёв эътибори, Афғонистонга сафар

"Ҳазрат" китобида шайх ҳазратларининг қайта қуриш даврида Михаил Горбачёв таклифи билан Афғонистонга сафар қилгани келтирилган:

"Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилдилар. Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб,афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб бордилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар".

Сулҳга чақириқ, муфтийликдан истеъфо

Бундан 22 йил муқаддам шайх бир қатор сабаблар билан муфтийликдан истеъфо берган йилларда Ўзбекистондаги мусулмонларга етакчилик қилаётган уламолар ўртасидаги муносабатлар ўта таранг эди.

Шайх муфтийликка келганидан бир йил ўтибоқ, зидлашиб юрган диний жамоаларни бирлаштиришга уринган ва 1990 йил май ойида Тошкентда жамоалар етакчиларини бир жойга тўплаб, сулҳга, иттифоққа чақирган эди.

Аммо, иттифоқ бўлмади ва аксинча, 90-91-92-йиллар оралиғида ўзбекистонлик мусулмонларни янада бўлакларга бўлган ва айни пайтда Диний идора ва унинг етакчиси бўлган шайхнинг обрўси тушишига олиб келган қатор ҳодисалар бўлиб ўтди.

Бугун хорижга сочилиб кетган ўзбекистонлик дин пешволари ёки сиёсатчиларнинг катта авлоди орасида мусулмонларга сотилган вақф Қуръонлари, ҳажга танланган одамларнинг боришию, алоҳида гуруҳларнинг боришиги тўсқинликлар қилиниши, Ўзбекистонда Исломий партия тузишга уринишга қаршилик ва бу каби ҳаракатларнинг тепасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф турган, деган қатъий ишончни таъкидловчи оз эмас.

Хуллас, воқеалар ривожи 1993 йилда шайх Муҳаммад Содиқнинг муфтийликдан истеъфо беришига қадар бориб етди ва июнда истеъфо берган шайх орадан кўп ўтмай, мамлакатни тарк этди.

Юртни тарк этиш, муҳожират

Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад хотирасига ёзилган илк китобда у кишининг муҳожиратдаги ҳаётига оид маълумот жуда қисқа:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993 – 2001 йиллар орасида Юрт ташқарисида бўлди. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилди. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик 6 жилддан иборат Тафсири Ҳилол, ҳадиси шариф шарҳига бағишланган 39 жилддан ташкил топган Ҳадис ва Ҳаёт асарларини айни ўша йилларда таълиф қилди. У “Тафсири Ҳилол” китобининг қолган 27 жузини Қуръони Карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада, Ҳарам олдида таълиф этди. Ҳадис ва ҳаёт асарини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида, у зотнинг изнлари билан бошлади ва қолган қисмини Ливияда ёзиб тугатди”.

Википедияда келтирилган маълумотлар ҳам бу борада жуда қисқа:

1993 йилда Мухаммад Юсуфни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ёқтирмай қолди. Ҳибсга олинишидан хавотир қилиб, муфтий Саудия Арабистонига қочди, лекин 1999 йилдаги терактлардан сўнг давлат раҳбари унинг нуфузидан фойдаланишга қарор қилди ва унга хавфсизлигини кафолатлаш шарти билан ортга қайтишни таклиф қилди”.

Ўзбекистондаги аҳли илмлар ҳам ҳазратнинг Ўзбекистонни тарк этиш сабаблари ва муҳожиратдаги ҳаёти ҳақида гаплашишни хуш кўрмадилар. Яқин шогирдларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, 1993-94 йиллар оралиғида шайх бир муддат Туркияда ҳам яшаган ва муҳожиратда у киши, асосан, дарс бериш, китоб ёзиш билан машғул бўлган.

Муҳими, шайхнинг 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этишига сабаб бўлган ҳодисаларни тилга олгувчилар кам бўлмоқда.

Шайхга суиқасд, президентга мактуб

Шайхнинг Ўзбекистонни тарк этишидан хабари бор кишилар ўша кезда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ичидаги диндор жамоалар ўртасида кучайган фитналар ҳамда бунинг ортидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Ўзбекистон ҳукуматига таҳдид экани битилган бир мактубнинг Каримовга олиб кирилгани ҳақида сўзламоқдалар.

Шайх билан суҳбатига таянган манбага кўра, у мактубда, гўёки, шайхга Саудиядан қувватлов бўлгану, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистонда исломий давлат қуриш ҳаракатига тушгани ҳақида президент Каримовга огоҳлантириш берилган. Ҳозирча бундай мактуб бўлганини тасдиқловчи маълумот Озодликда йўқ.

Буу шайх ҳазратларининг айнан президент Каримов қаҳрига учраб, Ўзбекистонни тарк этгани таъкидланган қатор норасмий маълумотлардан биридир.

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги, эҳтимол, илк сиуқасд ҳам айнан шайхнинг уйида содир бўлган эди. 1992 йилда унинг Тошкентдаги уйида граната портлаган. У кишининг яқинлари ва сафдошлари бу шайхга нисбатан уюштирилган, аммо оммага ошкор бўлмаган ўнлаб суиқасдлардан бири, деб хотирламоқдалар. Ўшанда ҳеч кимга зарар етмаган, аммо шундай сўнг шайхнинг уйи яқинлари томонидан қўриқлана бошлаган эди.

Озодлик билан ҳамкорлик

Шайх Муҳаммад Содиқ кўп йиллар давомида Озодлик радиосида диний мавзуларни шарҳловчи эксперт сифатида ҳам фаолият юиртган.

Марҳум 1993-97 йилларда Ливияда муҳожиратда яшаган пайтларданоқ Озодлик билан ҳамкорлик бошлаган. 2007 йилгача давом этган ҳамкорлик натижасида “Қадриятлар” диний-маърифий дастури Озодлик тингловичлари эътиборига ҳавола қилинган.

Бундан ташқари, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Озодлик радиосининг сиёсий, ижтимоий лавҳа ва дастурларини тайёрлашда ҳам ҳисса қўшган.

Жумладан, 2006 йилнинг 19 февраль куни эфирга берилган Қурултой дастурининг “Ислом ва демократия” мавзусидаги сонида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф иштирок этган эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфи иштирокидаги Қурултой дастури: "Ислом ва демократия"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:07 0:00
Бевосита линк

Сиёсатдан чиқиш шарти, юртга қайтиш

У кишининг 1997 йилда муҳожиратдан Ўзбекистнга қайтишида Озодлик радиосининг роли ҳам бўлган.

1997 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирокидаги матбуот анжуманида Озодликнинг ўша пайтдаги мухбирларидан бири Фурқат Яквалхўжаев давлат раҳбарига “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек олим қачонгача муҳожиратда юради, у кишининг Ўзбекистнга қайтишига қачон изн берилади”, маъносидаги саволни берган эди.

Президент Каримовнинг “у кишининг Ўзбекистонга қайтишига қаршилигим йўқ”, деган жавоби 5 йиллик муҳожиратдан кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ватанига қайтиши учун йўлларни очиб берган эди.

Шунингдек, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан узоқ йиллар дўст бўлган ва Ўзбекистон ҳамда муҳожиратдаги кунларида ҳамроҳлик қилган Тожикистоннинг собиқ муфтийси Ҳожи Акбар Тўражонзода ҳам 2001-йилда шайхнинг қайтарилишига ҳиссаси қўшилганини айтади:

- Ислом Каримов ўзлари бошладиларки: "Оғайнингизга айтинг, қайта келаверсинлар", дедилар. Мен: "Гап йўқ. У кишига омманинг олдида телевизор орқали туҳматлар бўлган эди. Энди у кишини оқлаш керак. Яъни, телевизор орқалими, гуноҳлари йўқ экан, текширдик, деган гап бўлса, иншооллоҳ қайтиб келишларига биз ëрдам берамиз", деб у кишига (президент Каримовга - таҳр.) ваъда берган эдим. У киши ҳам шарт қўйган эдиларки, агар сиëсатга қатнашмасалар, марҳамат қачон хоҳласа қайтсинлар, деб. Аслида, тақсирнинг сиёсат, депутат бўлиш ëки мансабга ҳаваси йўқ эди. Асосий иши ëзиш, тафаккур қилиш, китоб орқали одамларга етказиш, шогирдларни тарбиялаш – асосий вазифаси, деб билардилар.

Озодлик: Энди у кишининг Ўзбекистондан чиқиб кетишига сабаб Каримов режимининг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тимсолида бир таҳдидни кўрганимиди?

- Энди ўша пайтларда Муҳаммад Содиқ ҳазратлари катта обрўга эга эдилар. Кўпинча ҳукуматдорлар обрўси катта бўлган одамлардан хавотирланишади. Энди мумкин атрофидаги идоралар буни ëмонлаб, каттайтириб, ваҳима қилиб етказишган каттароқ болаларга. Шу нодуруст хулосалар орқали у кишини турмага солиш ниятлари бўлди. Ҳатто, суиқасд, уйларида граната портлатилди ва бошқа ишлар бўлди. Шунинг учун у киши мажбур бўлиб Қозоғистон орқали ҳижратга чиқиб кетди. У фақатгина Худонинг, исломнинг хизматида эди. Ўзбекистон мусулмонларининг хизматида бўлган одам эдилар, - деб хотирлайди Тожикистоннинг собиқ муфтийси Ҳожи Акбар

Ҳожи Акбар Тўражонзода билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:02 0:00
Бевосита линк


Мадрасага айланган уй, расталарни тўлдирган китоб

2001-йили Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг шайх ҳазратларига ҳеч қандай лавозим берилмади. У киши, асосан, Тошкентда истиқомат қилди ва жуда қисқа фурсатда унинг теграсида бир неча юзлаб шогирд жамланган мактаб пайдо бўлди.

Шайх ҳазратларининг муҳожиратда ёзган, аммо чоп эттиришга муваффақ бўлмаган китоблари бирин-кетин чиқа бошлади.

Шайх муттасил ўзи ёзди ва ёнига йиғилаётган илм аҳлини ёзишга ундади. Натижада, Ўзбекистондаги диний-маърифий китоб дўконларини у киши ёки шогирдлари ёзган китоблар тўлдира бошлади.

Қизиқ жиҳат шуки, ўша 2002-2003-2004 йилларда Тошкентда бир неча бор ёпилиб, аксари қайта очилмаган диний-маърифий китоб дўконларидан бошқа китоблар йўла бошлади.

1994-95 йиллардан кейин Туркия, Саудия, Мирсда яшаётган ёки яшаб ўтган ислом олимларининг китоблари шиддат билан таржима қилина бошлаган ва 2000 йиллар арафасида Ўзбекистондаги дўконларни тўлдирган эди. Бундан ташқари, марказий осиёлик уламолар ва ўртамиёна диндорларнинг рисолалари ҳам шиддат билан босилаётган, сотилаётган эди.

Ўзбекистонлик диндорлар орасида ҳанафийликдан ташқари, шофеъий ва моликий мазҳабига эргашувчи гуруҳлар кўзга ташлана бошлаган эди. Айниқса, Туркиялик уламоларга эргашган гуруҳлар ҳам фаоллашган эди.

1999-йил 16-феврал портлашлари ортидан “Ваҳҳобийлик”, “Ҳизбут таҳрир”, “Жиҳодчилар” диний жамоаларига аъзо, деб кўрилган диний жамоалар устидан тақибни ўта кучайтирган, юзлаб диндорларни қамаган Ўзбекистон ҳукумати 2000-йиллардан кейин турли мазҳабдаги жамоаларни ҳам қаттиқ назоратга олди.

Аста-секин китоб расталаридаги диний адабиётлар ҳам саралана бошлади ва 2004-2005 йилларга келиб, аввалига хорижда чоп этилган диний китоблар йўқола бошлади. 2010-йилларга келиб эса Ўзбекистонда диний адабиётларни чоп этишга рухсат берилган бир неча йирик нашриётдан бошқа нашриётда чиққан диний-маърифий китоблар ҳам расталардан олина бошлади.

Натижада, китоб расталарида, асосан шайх ҳазратлари қаламига мансуб китоблар қолди ва ҳануз шундай бўлиб қолмоқда.

МХХ билан келишув, советча бошқарув

Ўша даврни хотирлаган ўзбекистонлик фаол, шу кунда АҚШда яшаётган Аҳмаджон Мўминов ҳукумат Ўзбекистонга қайтарилган шайх воситасида диний жамоалар ортидан таъқибларини давом эттиргани, шайх эса бунга рози бўлиб, Ўзбекистонда мазҳабпарастликни ривожлантирган, деб ҳисоблашини айтиб келади:

- Инсоф билан айтадиган бўлсак, бу одам илмли киши. Анча китоблар ëзган. Ўзига яраша шогирди, жамоатига эга киши. Лекин бу киши ўзининг илмий меросини қанақадир абсолют бир монополия ҳолатига олиб келгани ва бунда давлатнинг қанақадир административ ресурсларидан кенг фойдаланганига мухолифмиз. Оллоҳ раҳмат қилсин собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф даврида, қандайдир фақат биргина жамоани тўғри деб билиб, бошқа бир жамоаларнинг барчасини бидъатчи, ваҳҳобий, салафий, бало-бадтар гапларга чиқарган бир жамоат юзага келди. Бу ҳеч бир жамоа билан келишиш ëки бирор жамоага толерантлик, деган нарсадан умуман йироқ жамоатга айланди.

Лекин, буни мен нормал ҳолат деб биламан. Чунки, бу киши совет тузумида катта бўлиб, совет тузумида депутат бўлди бу киши. Шайх жанобларининг қилган фаолиятларини асосан совет пайтидаги тузумга жуда муносиб ва ўшанга жуда ҳам яқин фаолият, деб айтган бўлардим. Бу ўринда Ўзбекистонда бир тарафдан мана диний эркинликлар бор, деб жар солишди. Ҳамма ëқда китоблар чиқаяпти, кутубхоналар бор, дейилди. Лекин бирор-бир ақли расо одам савол бермайдики, нега фақат бир одамга имконият берилади ва бошқа ҳамма инкор қилинади?

Бу киши қолдирган мерослардан яна биттаси шундаки, у кишининг фикрига мос келмаган ëки у кишининг фикрига тўғри келмаган фикрларнинг ҳаммасини бидъатчига ëки қанақадир адашганга, ваҳҳобийга, бало-баттарга чиқаришлик. Афсуски, шогирдлари тарафидан ҳам худди шу мерос қайтарилаяпти. Агар ҳозир мусулмонлар ўзаро консенсус бўлиб келишувга эришилмаса, Ўзбекистон жамияти келажакда бундан ҳам катта фитналарни олиб келиши мумкин деб ўйлайман. Тарихга баҳони келажакдаги авлод беради, - дейди шу кунда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик Аҳмаджон Мўминов.

Аҳмаджон Мўминов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00
Бевосита линк

Ҳанафий мазҳабига эргашиш, мухлис орттириш

Ўзбекистонлик таниқли тасаввуфшунос, навоийшунос олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, Сайфитддин Рафитдиновнинг фикрича, шайх ҳазратлари асосий эътиборни Ўзбекистон ва Марказий Осиёда асрлар давомида сақланиб келган илмий мерос ҳамда мазҳаб - Ҳанафийлик мазҳаби асосилари бўлган манбаларга қаратган.

У киши буни жуда тўғри қарор, деб ҳисоблаши ва бу йўлда тинимсиз илм олган ва илм ёйган шайхнинг умматга фойдаси улкан, деб билишини таъкидлади:

- Масалан, Ҳанафий фиқҳи билан боғлиқ "Мухтасарул Виқоя" деган китоб бор. Бу - Имоми Аъзам мазҳабидаги мусулмонларнинг фатво китоби, энг асосий китобларидан. Тафсир соҳасида "Тафсири ҳилол", ҳадис соҳасида "Ҳадис ва Ҳаëт", фиқҳ соҳасида "Кифоя", кейин "Адабул Муфрад"нинг 4 жилд шарҳладилар, кейин тасаввуф соҳасида "Руҳий тарбия" деган китоблари чиқди. Хуллас, бу киши умри давомида халққа, оммага шариат илмини тушунтиришга кўп куч сарфладилар. Бу китоблар айни вақтида чиқди. Энди бу ëғи халқ уни ўқиб, ўрганиб, амал қилиш қолди холос, - дейди .

Сиёсат-матбуотсиз ҳаёт, islom.uz

2001 йилда Ўзбекистонга қайтганидан сўнг шайх ҳазратлари телеэкранларда қарийб кўринмади. Унда-мунда қилган чиқишларида ҳам сиёсат ёки мамлакатдаги мусулмонларнинг халқаро жамоатчилик томонидан танқид қилинган абгор аҳволи ҳақида баёнотлар бермади.

Аммо, у кишининг Интернетда islom.uz порталини очишига тўсқинлик қилинмади. айнан шу портал ва кейинчалик ижтимоий тармоқлар воситасида шайх мамлакат мусулмонлари билан фаол мулоқотни бошлади.

У кишининг атрофига йиғилган юзлаб шогирдлар қисқа муддат бу порталдан ажралиб чиққан ўнлаб диний-маърифий сайтларни юргиза бошлади.

Бу сайтларда эса, асосан, Ислом асослари, ибодат ва фиқҳ илми, бундан ташқари дунёда содир бўлаётган Ислом ва мусулмонлар билан боғлиқ маълумотлар берилди. Айни пайтда шайх ҳазратлари мусулмонлардан тушган саволларга ҳам жавоб берди.

Ўзбек имомлари -2: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:04 0:00
Бевосита линк

Раҳбарга итоат, маъсиятдан қўрқиш

Саволлар сирасида, жумладан, "Раҳбарларга қарши чиқиш мумкин?" мазмунидаги саволлар ҳам бор эди ва унга берилган жавоблар, одатан, қуйидаги мазмунда бўлди:

"Мусулмонларнинг раҳбарларига ва ишбошиларига, улар зулм қилган чоғларида ҳам қарши чиқиш жоиз эмас. Шунингдек, уларга қарши даъват қилмаймиз. Уларнинг итоатида бош тортмаймиз. Яхшилик ишларга уларга хилоф қилмаймиз. Балки, мусулмонлар раҳбарларининг итоатини фарз, деб биламиз. Аллоҳнинг итоатидан бир тури, деб биламиз. Агар улар маъсиятга амр қилмаган бўлсалар. Аллоҳга дуо қилиб уларни салоҳиятга бошлашишини ва афв қилишини сўраймиз", дея шарҳ берганди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Ўзбекистонлик мусулмонлар орасида андижонлик машҳур имом - Абдували қори Мирзаев қавмидан тарқалган "Оллоҳга осийликда, маҳлуққа итоат йўқ!" жумласини хотирловчилар оз эмас.

Фақат 1990-йиллар бошида танилган ва кейинчалик қамоқларга тиқилган, ўғирланган ва ўлдириб юборилган дин пешволари гуноҳга бошлаган маҳлуққа итоатсизликни биринчи планга олиб чиққан бўлсалар, шайхга эргашган пешволар буни қуйи планга туширдилар, аммо, айтиш жоиз бўлган ўринда айтдилар.

ИШИДга муносабат, виртуал маърузалар

Ўтган йили шайх ҳазратларининг Рамазон ойи муносабати билан Тошкентдаги йирик масжидларда бўлиб, турли мавзуларда қилган маърузалари ижтимоий тармоқларда кенг ёйилди.

Бу у кишининг Ўзбекистонга қайтганидан сўнг виртуал тармоқда кузатилган энг йирик чиқиши бўлди. Жамоатдан тушган қатор саволлар сирасида у киши ўша кезда янги эълон қилинган ҳалифалик - "Ироқ ва Шом ислом давлати" ҳақида ҳам муносабат билдирди:

- Бир ташкилот бор - ўзларини "Ироқ ва Шом ислом давлати", деб номлаб олган. Икки кун аввал улар Ислом халифалигини эълон қилишди. Улар паспортини ҳам эълон қилишди. Буларга нима дейишимиз керак деб туриб, бомдоддан кейин Интернетга кириб, электрон почтамни очсам, Дунё мусулмон уламолари иттифоқидан менга хат келибди: "Ўша халифалик эълон қилган ташкилот бекорларни айтибди, мусулмонлар бунга қулоқ солмасин, мусулмон миллатига тегишли гапларни мусулмон миллати тан олган уламолар маслаҳат қилиб, бир овоздан ҳал қилиши керак", деган гапларни айтяпти, - деган эди шайҳ ҳазратлари.

5-10 йилдан сўнг бошқа олимлар ҳам кўринади

Шайх ҳазратларидан қолган илмий меросга баҳо берган навоийшунос олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, Сайфитддин Рафитдинов Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва унинг мактаби аъзоларига ёзиш имкони берилганию, бу мактабдан ўзгача фикрлаган аҳли имларнинг китобларини чоп этишга рухсат берилмагани ҳақидаги танқидларга ҳам муносабат билдирди.

У киши 5-10 йилдан сўнг мамлакатдаги бошқа олимлар ҳам кўзга кўриниб қолади, деб таъкидлади:

- Бу киши катта олим эдилар. Бу кишининг китобларига рухсат берилди. Лекин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бошқа олимларга ҳам рухсат бераяпти. Олимларнинг китобларига чеклов бўлгани йўқ. Мана бугунги кунда бошқа олимларнинг китоблари ҳам энди чиқаяпти.

Озодлик: Сиз шу кишининг даражасида деб санайдиган олимлар борми?

- Албатта, бу кишидан кейин бир қатор олимлар – мана Абдулазиз Мансур домла ҳам, Усмонхон Алимов ҳам, бошқа ëш-ëш олим йигитлар ҳам ҳозир китоблар ëзиб чиқараяпти. Энди биласизми, одатда шундай бўлади. Бу ҳаëтнинг бир қонуни. Мана 5-10 йил ўтгандан кейин мана бу олимларнинг ҳам китоблари чиқиб, ҳамма ёқни босиб кетади. Иккинчи бир қатлам қилган ишлар ҳам кўзга кўриниб қолади. Илм ўқиган одамлар: "Бу китоблар ҳам қолишмайди у кишининг китобларидан. Демак булар ҳам олим экан, буларнинг ҳам шундай катта-катта ишлари, улуғ меҳнатлари бўлган экан" деган бир гап бўлади. Бир кун ўзлари “Қўлимиздан келганча хизмат қиламиз. Биз улгурмаганларга биздан кейин келганлар улгуради”, деган эдилар. Худди шундай. Катта миллат, катта халқ бу, халқнинг ичидан олимлар чиқаверади. Қиëматгача чиқади, - дейди ўзбекистонлик таниқли тасаввуфшунос, навоийшунос олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, Сайфитддин Рафитдинов.

Сайфиддин Рафиддинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:52 0:00
Бевосита линк

63 ёшлик шайх билан видолашув

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йилнинг 10 мартида Тошкентда юрак хуружидан вафот этди.

63 ёш - пайғамбар ёшида вафот этган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳаси, “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидида жаноза ўқилди ва бу маросимда республика тарихида кузатилмаган миқдорда кўп одам - 200 минг киши келди. Намозга келганларнинг сафи масжиддан ошиб, ташқарида 1 километргача чўзилган. Зиёратчилар зичлигидан намозхонлар бир-бирининг елкасига сажда қилди.

Дунё бўйлаб Шайх ҳазратлари ҳақига 300 дан ортиқ марта Қуръон хатм қилинди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Шайх Зайниддин” қабристонига дафн этилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дафн маросимидан лавҳа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:27 0:00

У кишининг бир ўғли - Исмоилжон ва икки қизи - Одинахон, Оминахон отасининг изидан бориб, диний илмларни эгаллаган. Шайхнинг вафотидан сўнг у кишидан мерос қолган мактаб унинг ўғли Исмоилжонга қолди.

Қизлари ижтимоий тармоқларда муслима аёлларга диний илм ва маслаҳатлар беришга қаратилган саҳифаларни юритмоқда.

Шайхнинг набиралари сони 8 нафар.

Шайх аъзо бўлган уюшмалар:

1. Маккаи Мукаррама шаҳридаги Ислом олами Робитаси тасис мажлиси аъзоси; 2. Бутун дунё тасаввуф уюшмасининг аъзоси;

3. Бутун дунё исломий халқлар бошқарувининг бош котибияти аъзоси;

4. Бутун дунё давъват уюшмаси аъзоси;

5. Бутун дунё уламолар кенгаши уюшмаси аъзоси;

6. Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси аъзоси;

7. Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё матфакир уламолари йиғининг ижроий қўмитаси аъзоси;

8. Бутун дунё масжидлар уюушмасининг аъзоси;

9. Иорданиядаги Олий Байт “Исломий тафаккур” қироллик академияси аъзоси.

Шайх ёзган китоблардан баъзилари:

- Қуръони Карим маъно таржимаси.

- Тафсири Ҳилол. Қуръони Карим тафсирига бағишланган, йирик олти жилддан иборат;

- Ҳадис ва Ҳаёт. Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш “Ат-тажул-жамиъ лил-усул фи аҳадисир-росул” асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу “Ҳадис ва Ҳаёт”мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган.

- Сунний ақидалар; Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхиси;

- Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар;

- Усулул-фиқҳ; Кифоя (Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафийнинг “Ан-нуқоя фи мухтасарил-виқоя” асарининг таржима ва шарҳи);

- Мазҳаблар – бирлик рамзи; Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар;

- Қуръон илмлари; Мусталаҳул-ҳадис;

- Тасаввуф ҳақида тасаввур; Руҳий тарбия: 1-жилд “Покланиш”, 2-жилд “Тикланиш”, 3-жилд “Хулқланиш”;

- Хислатли ҳикматлар (Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг “Ҳикам”ига ёзилган шарҳ), 5 жилд;

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; (таржима)

- Зикр аҳлидан сўранг (савол-жавоблар тўплами), 4 жилд ва ҳоказо.

Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг!

Биз ўзбекистонлик мусулмонларга илм берган ва уларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган аҳли илмлар ҳақида имконимиз қадар хотирлашга ҳаракат қиляпмиз.

Тингловчиларимиздан бу маълумотларга қўшимча қилиш зарур бўлган маълумотлари бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, бизга мурожаат қилишларини илтимос қилар эдик.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг:

ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)

XS
SM
MD
LG