АҚШда яшаётган Аҳмаджон Мўминов ҳукумат Ўзбекистонга қайтарилган шайх воситасида диний жамоалар ортидан таъқибни давом эттирди, шайх эса бунга рози бўлиб, Ўзбекистонда мазҳабпарастликни ривожлантирди, деб ҳисоблашини айтиб келади. Унинг фикрича, бу мерос келгусида фитналарга сабаб бўлиши мумкин.
- Инсоф билан айтадиган бўлсак, бу одам илмли киши. Анча китоблар ëзган. Ўзига яраша шогирди, жамоатига эга киши. Лекин бу киши ўзининг илмий меросини қанақадир абсолют бир монополия ҳолатига олиб келгани ва бунда давлатнинг қанақадир административ ресурсларидан кенг фойдаланганига мухолифмиз. Оллоҳ раҳмат қилсин собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф даврида, қандайдир фақат биргина жамоани тўғри деб билиб, бошқа бир жамоаларнинг барчасини бидъатчи, ваҳҳобий, салафий, бало-бадтар гапларга чиқарган бир жамоат юзага келди. Бу ҳеч бир жамоа билан келишиш ëки бирор жамоага толерантлик, деган нарсадан умуман йироқ жамоатга айланди.
Лекин, буни мен нормал ҳолат деб биламан. Чунки, бу киши совет тузумида катта бўлиб, совет тузумида депутат бўлди бу киши. Шайх жанобларининг қилган фаолиятларини асосан совет пайтидаги тузумга жуда муносиб ва ўшанга жуда ҳам яқин фаолият, деб айтган бўлардим. Бу ўринда Ўзбекистонда бир тарафдан мана диний эркинликлар бор, деб жар солишди. Ҳамма ëқда китоблар чиқаяпти, кутубхоналар бор, дейилди. Лекин бирор-бир ақли расо одам савол бермайдики, нега фақат бир одамга имконият берилади ва бошқа ҳамма инкор қилинади?
Бу киши қолдирган мерослардан яна биттаси шундаки, у кишининг фикрига мос келмаган ëки у кишининг фикрига тўғри келмаган фикрларнинг ҳаммасини бидъатчига ëки қанақадир адашганга, ваҳҳобийга, бало-баттарга чиқаришлик. Афсуски, шогирдлари тарафидан ҳам худди шу мерос қайтарилаяпти. Агар ҳозир мусулмонлар ўзаро консенсус бўлиб келишувга эришилмаса, Ўзбекистон жамияти келажакда бундан ҳам катта фитналарни олиб келиши мумкин деб ўйлайман. Тарихга баҳони келажакдаги авлод беради, - дейди шу кунда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик Аҳмаджон Мўминов.