Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2024, Тошкент вақти: 09:51

Ўзбекистон хабарлари

Тошкент-Иссиқкўл поезди 16 августдан юра бошлайди

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг Тошкент-Иссиқкўл йўналишидаги поезд қатнови 16 августдан бошланади.

Аввалроқ ширкат Ўзбекистон пойтахтидан Қирғизистоннинг Балиқчи шаҳригача сайёҳлик поезд қатновини йўлга қўймоқчи эканини маълум қилганди.

Расмий маълумотда айтилишича, жорий йилда Тошкентдан Иссиқкўлга учта қатнов режаланган. Рейслар ҳафтасига бир марта - якшанба кунлари амалга оширилади.

Қирғизистоннинг энг катта кўли Иссиқкўл бўйида дам олиш масканлари мавжуд.

Тошкент ва Иссиқкўл орасидаги масофа 800 километрдан кўпроқни ташкил этади. Поезд йўналиши қисман Қозоғистон ҳудудидан ўтади.

Кун янгиликлари

Мирзиёев Қозонда “Келажак ўйинлари”нинг очилишида қатнашади ва Путин билан учрашади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлади.

Ўзбек президенти матбуот хизматининг билдиришича, мусобақанинг очилиш маросимига Шавкат Мирзиёевни Владимир Путин таклиф қилган.

Ташриф дастурида икки давлат раҳбарларининг учрашуви кўзда тутилган. Унда 2023 йил 5-7 октябрь кунлари Россияга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Россияда илк бор ташкил этилаётган “Келажак ўйинлари" 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтади. Тадбирида 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.

Таҳлилчилар фикрича, Украина босқинидан сўнг халқаро санкциялар ва босим остида қолган Россия бу ўйинни Париж олимпиадасига муқобил тарзда ўтказмоқда. Бу ўйинларда МДҲ ва БРИКСга аъзо давлатлар, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этади.

Путин мусобақанинг очилиш маросимига МДҲ давлатлари раҳбарларини таклиф қилган.

Расман: Олмалиқдаги қурилишда уч киши ўлди, 29 киши жароҳатланди

Расмийлар бу ҳодисани “бахтсиз воқеа” сифатида талқин қилмоқда.
Расмийлар бу ҳодисани “бахтсиз воқеа” сифатида талқин қилмоқда.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қурилаётган мисни бойитиш фабрикасида темир конструкциялар қулаши оқибатида уч киши ўлди ва 29 киши жароҳатланди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, уларнинг барчаси қурилишга жалб этилган Ҳиндистон фуқароларидир.

“20 февраль куни таҳминан соат 08:00 ларда Олмалиқ шаҳар Саноат зонаси ҳудудида жойлашган янги қурилаётган “3-сонли Мисни бойитиш фабрикаси”да бирламчи маълумотга кўра темир конструкциялар сурункали қор ёғиши натижасида қулаб тушган”, дейилади расмий билдирувда.

Вазирлик бу ҳодисани “бахтсиз воқеа” сифатида талқин қилган. Расман билдирилишича, конструкциялар қулашидан 32 киши жабрланган. Улардан уч нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган 29 киши касалхонага етказилган. Улардан тўрт нафарига биринчи ёрдам кўрсатилгач, касалхонадан кетишга рухсат берилган.

Ҳозирда воқеа тафсилотлари ва сабаблари ўрганилмоқда.

“Газета уз”нинг ёзишича, мазкур фабрика Олмалиқ тоғ-кон комбинати таркибида қурилаётган эди. Фабрика қурилиши Enter Engineering ва Россиянинг “Уралмашзавод” ширкати томонидан амалга оширилаётганди. Лойиҳа қиймати эса 2 миллиард сўм деб белгиланган.

Enter Engineering бир неча марта Озодлик видеолари ва мақолаларининг “бош қаҳрамони” бўлган. Ширкат ишчилари ойликлари мунтазам кечиктирилиб берилаётганидан шикоят қилиб келишган.

Enter Engineering ишчилари иш ташлаш билан таҳдид қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:31 0:00


Озодликнинг 2023 йил февралида эълон қилинган “Озодлик суриштируви: Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар” сарлавҳали журналистик суриштирувида 2012 йили Сингапурда рўйхатдан ўтган Enter Engineering акцияларининг 51 фоизига 2019 йилга қадар Кипрда рўйхатга олинган ширкат орқали Бахтиëр Фозилов¸ 49 фоизига эса¸ Газпромбанк эгалик қилгани очиқланган.

Ўзбекистонда бир кишининг икки марта Сенат ёки Қонунчилик палатаси раиси бўлиши тақиқланди

Адлия вазирлигининг билдиришича, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий қонунига киритилган қўшимчага асосан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши тақиқланди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси раисига нисбатан ҳам ҳудди мана шундай меъёр жорий этилди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида” қонунга киритилган ўзгартишларда қайд этилишича, сенаторлар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади.

Сенатнинг тўққиз аъзоси “фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган обрўли фуқаролар орасидан” президент томонидан тайинланади.

Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши ҳам тақиқланди.

Қонунларга киритилган ўзгартишларга асосан, депутат ва сенаторларга 36 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади.

Январнинг ўрталарида Сенат расмий сайтида Сенат аъзолари сонини 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш белгиланганаётгани тўғрисидаги маълумот пайдо бўлган эди. Унда айтилишича, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари президент томонидан тайинланиши назарда тутилганди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сонини 7 тадан 2 тага қисқартириш режалаштирилаётган эди.

Япония Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш учун 246 миллион доллар қарз беради

Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) логотипи.
Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) логотипи.

Ўзбекистон Япония ҳукумати билан иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури учун қарз ажратиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) маълум қилди.

Расман билдирилишича, 19 февраль куни иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ва Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти ваколатхонаси раҳбари Ёшибуми Бито имзолаган шартномага асосан Ўзбекистонга 37 миллиард иен (246,2 миллион доллар) миқдорида қарз берилади.

Кредит ўн йиллик имтиёзли давр билан ўттиз йил ичида қайтарилади. Кредит 1,8 фоиз билан берилган.

“Қарз Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтишини ривожлантирувчи ислоҳотларни дастаклашга ишлатилади. Маблағнинг бир қисми аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий инклюзивликка ажратилади”, дейилади JICA билдирувида.

Ташкилотнинг билдиришича, 1993 йилдан 2021 йилгача JICA Ўзбекистонга турли ташаббусларни амалга ошириш учун 1,5 миллиард доллар берган.

Статистика агентлиги: Ўтган йили Ўзбекистонда 104 мингдан зиёд жиноят содир этилган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2023 йили Ўзбекистонда 104 минг 96 та жиноят содир этилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида билдирилган.

Ўтган йилда содир этилган жиноятлар 2022 йилги кўрсаткичдан (105 минг 215 та) 1,1 фоизга кам, бироқ 2019 йил билан солиштирилганда мазкур кўрсаткичнинг 2,3 баравар ошганига гувоҳ бўлиш мумкин. 2019 йили 10 минг аҳолига 13,7 та (46 минг 89 та) жиноят тўғри келган бўлса, 2023 йилда 10 минг аҳолига 28,3 та жиноят тўғри келган.

Агентликнинг ИИВ маълумотларига таянган ҳолда қайд этишича, ўтган йили содир этилган жиноятлар сони бўйича Тошкент шаҳри (21 минг 728 та) 1-ўринга чиққан. Иккинчи ўринда Фарғона вилояти (13 минг 25 та), учинчи ўринда эса Тошкент вилояти (12 минг 430 та) турибди.

Содир этилган жиноятларнинг 4,1 фоизини ўта оғир жиноятлар (4 минг 318 та) , 28 фоизини оғир жиноятлар (29 минг 145 та), 26,4 фоизини унча оғир бўлмаган жиноятлар (27 минг 430 та), 41,5 фоизини эса ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар (43 минг 203 та) ташкил этган.

Март ойидан Варшава — Тошкент авиақатнови йўлга қўйилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 13 мартидан Польшанинг LOT Polish Airlines авиаширкати Варшава–Тошкент қатновини йўлга қўяди.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида бўлиб ўтган LOT Polish Airlines авиаширкати сотув департаменти директори Марта Вишневска маълум қилган.

Европа Иттифоқи мамлакатларида Ўзбекистон туризмига бўлган қизиқиш ошиб бораётганини қайд этган Вишневска бўлажак ҳаво қатновлари Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини янада ривожлантиришга хизмат қилишини урғулаган.

Сўнгги йилларда Польша ўзбекистонликлар энг кўп бораётган мамлакатлардан бирига айлангани, бу мамлакат ўзбеклар учун Европага дарча вазифасини ўтаётгани ҳақида Озодлик томонидан ўтган йилнинг ноябрь ойида ёйинланган суриштирувда сўз юритилган эди.

Ўзбекистонда электр энергияси танқислиги туфайли чеклов жорий этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 18 февраль куни электр энергияси етказиб бериш бўйича дефицит 6,4 млн кВт·соатни ташкил этган, шу важдан мамлакат бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 МВтгача чекловлар киритилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Мулозимга кўра, якшанба куни барча электр станцияларда жами 231,4 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 40,3 млн кубометр табиий газ, 26,3 минг тонна кўмир ҳамда 10,7 минг тонна мазут ёқилган.

Бундан ташқари, Туркманистондан 21,6 миллион кВт/соат электр энергияси импорт қилинган, бироқ бу ҳам электр энергиясидаги танқисликни қоплашга етган эмас. Шу сабабли вазирлик чеклов киритишга мажбур бўлган.

Тошхўжаев 18 февраль куни истеъмолчиларга 225,6 миллион кВт/соат электр энергияси етказиб берилгани, табиий газ истеъмоли 151,6 млн кубометрни ташкил этганини қўшимча қилган.

Газета.uz нашри Энергетика вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда, танқислик туфайли аввало иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатмаётган корхоналар тармоқдан узилаётганини, шунга қарамай, чекловлар 50 минг абонентга дахл қилишини қайд этган.

Uzbekistan Airports: Москвадан Самарқандга учиб келаётган учоқ об-ҳаво шароити сабабли Тошкентга йўналди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия пойтахти Москва шаҳридан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига 19 февраль тонгида учиб келаётган Uzbekistan Airways авиакомпанияси учоғи (HY606 рейси) экипажи Самарқанд халқаро аэропортида об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ширкат вакиллари қайдича, кейинроқ Самарқанд халқаро аэропорти одатий тартибда ишлашга қайтган.

Ўзбекистонда икки кундан буён ёғаётган қор маҳаллий аэропортлар ишида ҳам айрим муаммолар юзага келишига сабаб бўлган. 18 февраль куни Uzbekistan Airports Дубайдан учиб келаётган HY340 рейси, шунингдек, Жиддадан учиб келаётган HH5530 рейси Фарғона халқаро аэропортидаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўл олгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Тошкент суди хоразмлик педофиллар “ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят” содир этганини билдирди

Тошкентдаги судлардан биридаги қафас.
Тошкентдаги судлардан биридаги қафас.

Хоразмдаги етимхона қизларига нисбатан жинсий зўравонлик юзасидан очилган шов-шувли иш бўйича Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2023 йилнинг 3 ноябрь куни уч йил озодликдан маҳрум қилинган Адлия вазирлигининг собиқ ходимлари А.М., ва А.К., жазо муддатини қамоқда эмас, манзил қолонияда ўтамоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов бу ҳолатни “жамоатчиликни алдаш” сифатида баҳолади.

“Яъни, педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил колонияга юборилган экан. Боз устига уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташланган экан.

Қозиларимиз шу қадар айёр эканки, жамоатчиликни "педофиллар узил-кесил 3 йил қамоқда ўтиради" деган гапга ишонтиришган экан. Аслида эса улар бор-йўғи 2 йилдан кўпроқ манзил колонияда ўтиришади, у ердаги барча шарт-шароитлардан фойдаланишади.

Биз бекорга шунча бақир-чақир қилибмиз”,
деб фикр билдирган Ташанов.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати ҳуқуқ фаолининг бу баёнотига муносабат билдирар экан, А. М., ва А. К., лар “ижтимоий хавфи катта бўлмаган” жиноятни содир этгани ортидан жазо муддатини қамоқда эмас, манзил колонияда ўтаётганини билдирган.

“А. М. ва А. К. жиноят содир қилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида 3 йилгача, 128-1-моддасида 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра ҳар икки жиноят ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар таснифига кирган.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан ушбу моддаларнинг санкцияси оғирлаштирилган бўлса-да, Жиноят кодексининг 13-моддасига кўра қилмишнинг жазога сазоворлиги жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади, шунингдек, қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланиши, қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.

Шу сабабли, А. М. ва А. К.га жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми ва 128-1-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 50-моддасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга эркакларга нисбатан жазони манзил-колонияларда белгиланиши назарда тутилган.

Шу сабабли, А. М. ва А. К.га тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси манзил-колонияларда ўтаттирилиши белгиланган”,
дейилади Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати муносабатида.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати 3 ноябрда Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи А.М., ва вилоятнинг Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи А. К.,ни суд залидан қамоққа олган эди.

Суд ҳукми билан А.М., 3 йилга, А. К., 2 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.

2022 йилнинг сентябрь ойида мазкур жиноят иши Хива туман судида кўриб чиқилганди ва Меҳрибонлик уйи мудираси Ю. Х., ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари эса ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан 1,5 йилга озодликдан чекланган. Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси 2022 йил декабрда ҳукмни кучда қолдирган эди.

Nemolchi.uz лойиҳасига кўра, Урганч шаҳридаги Меҳрибонлик уйи мудираси уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) «моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган».

Маданият вазирининг Қорасувда хизмат машинаси велосипедчини уриб юборди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Маданият вазирлиги вазир Озодбек Назарбековнинг хизмат автомобили велосипеддаги йўловчини уриб юборганини тасдиқлади. Бунга оид видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Вазирлик матбуот хизмати қайдича, ҳодиса 16 февраль куни Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида рўй берган.

“Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб борилган ва шифокорлар унга тезкор тиббий ёрдам кўрсатишган. Текширувлар натижасида йўловчининг соғлиғи билан боғлиқ жиддий, хавотирли ҳолат йўқлиги аниқланди”, дейилган хабарномада зарурат туғилган тақдирда бу борада қўшимча маълумот берилиши билдирилган.

Вазирлик Қорасувдаги ЙҲТ кимнинг айби билан содир бўлганига аниқлик киритган эмас, бироқ хабарномадаги тавсиядан келиб чиқилса, қоидани велосипеддаги шахс бузган бўлиб чиқяпти.

Айни пайтда ҳодиса акс этган видеодан ЙҲТ аҳоли пунктида содир бўлганини англаш мумкин. Бу пайтда вазир автомобилининг тезлиги қанақа бўлгани очиқланган эмас.

Ўзгидромет кейинги ҳафта ўртасигача олти вилоятда қор кўчиши эҳтимолидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 16 февралидан 22 февралигача Ўзбекистонда кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати ўзгариши туфайли олти вилоят ҳудудларида қор кўчиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзгидромет қайдича, кўчки тушиши хавфи Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманларида, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманларида, Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин туманларида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари) ҳамда Наманган вилояти Поп туманида кутилмоқда.

Тошкентда олти яшар қизалоққа жинсий тажовуз қилган шахс 16 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди 15 февраль куни ёпиқ тарзда ўтказилган маҳкама жараёнида олти яшар қизчага нисбатан жинсий жиноят содир этган шахс иши бўйича ҳукм ўқиган.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати қайдича, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топилган судланувчи 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд қарорига кўра, у жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайдиган бўлган.

Болалар омбудсмани ўз хабарномасида бу каби жиноятлар учун жавобгарликнинг янги тартибига мувофиқ, мазкур ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг маҳкумга нисбатан жазони юмшатиш бўйича ҳеч бир чора қўлланилмаслиги ҳамда у жазони тўлиқ ўташини урғулаган.

“Ҳамон авторитар” — Ўзбекистон “Демократия индекси”да 148-ўринни эгаллади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қароргоҳи Британияда жойлашган The Economist Intelligence Unit ташкилотининг “Демократия индекси”да Ўзбекистон бу йил 148-ўринга қўйилган. Ўтган йили мамлакат мазкур рейтингда 149-ўринни эгаллаганди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон мазкур рейтингда аввалги йилга нисбатан 1 поғонага юксалган бўлса-да, мамлакат кўрсаткичлари бир неча йилдан буён ўзгарган эмас (2,12 балл) ва ҳали ҳам авторитар режимли давлатлар қаторида қолмоқда.

Халқаро экспертлар Ўзбекистондаги сайлов жараёни ва плюрализм сифатини 0,08 балл, ҳукумат фаолиятини 1,86 балл, сиёсий иштирокни 2,78 балл, сиёсий маданиятни 5 балл, фуқаролар эркинлигини эса 0,88 баллга (мавжуд 10 баллдан) баҳолашган.

Минтақа давлатлари орасида Ўзбекистон демократия кўрсаткичлари бўйича Қирғизистон (109-ўрин) ва Қозоғистондан (120-ўрин) ортда, Тожикистон (155-ўрин) билан Туркманистондан (162-ўрин) эса олдинда турибди.

Аввалги йилларда бўлгани каби Норвегия бу йил ҳам жаҳонда демократия энг ривожланган давлат ўлароқ топилган. Ундан кейин демократия энг ривожланган давлатлар қаторида Янги Зеландия, Исландия, Швеция, Финляндия ва Дания саналган.

Айни пайтда Сурия, Марказий Африка Республикаси, Конго, Шимолий Корея, Мьянма ва Афғонистон каби мамлакатлар энг нодемократик ўлкалар қаторидан жой олишган.

“Ҳудудгазтаъминот” ҳаво совиши билан газ қуйиш шохобчалари фаолиятида чекловлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳафта охирида ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан аҳолини Ўзбекистон бўйлаб метан қуйиш шохобчаларида иш графиги ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Хабарномасида 16-18 февраль кунлари об-ҳаво кескин ўзгариб, ҳарорат кундузи -8, кечаси эса -16 даражагача совиши кутилаётганини эслатган “Ҳудудгазтаъминот” газ тўлдириш шохобчаларида навбат ва ноқулайликлар юзага келишини олдини олиш мақсадида ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олишни сўраган.

Корхона ҳозирда Ўзбекистондаги барча АГТКШлар 24 соатлик режимда фаолият юритаётгани, “бироқ яқин орада маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда уларнинг иш графигига ўзгартиришлар киритилиши мумкин”лигини қайд этган.

“Ҳудудгазтаъминот” фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланиш, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни, газ жиҳозлари ишлаб турган хоналарда дам олмаслик, чироқни ёқишдан олдин газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина газдан фойдаланишни сўраган.

Аввалроқ Озодлик Ўзгидромет маълумотига таянган ҳолда 16 февралдан эътиборан Ўзбекистонда ҳарорат пасайиши кутилаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Истанбулда одам савдосида гумонланаётган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йилда қидирувга берилган Мунисахон Алижонова қўлга олинган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумотига кўра, 23 ёшли М. Алижонова Туркия полицияси ва Ўзбекистон ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Қидирув бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир чоғида ушланган.

Ўзбек дипломатлари одам савдосида айбланаётган ва жиноят оламида “Моня” лақаби билан танилган бу аёлнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишни сўраган. Айни пайтда консулхона хабарномасида М. Алижонованинг конкрет қандай жиноятларда гумонланаётганига аниқлик киритилган эмас.

Аввалроқ Озодлик январь ойида халқаро қидирувда бўлган тўрт нафар аёл Истанбулдан Ўзбекистонга йўллангани ҳақида хабар қилган. Улардан уч нафари қўшмачиликда, яна бири фирибгарликда гумонланаётгани айтилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG