Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:58

Самарқандда 63 ёшли ҳамқишлоғи зўрлаган 17 ёшли қиз ўзини осди


Самарқандда 17 ёшли қиз 63 ёшли ҳамқишлоғи тарафидан жинсий зўрланиши ортидан ўзини ўзи осиб қўйди. Қиз ўлимидан олдин ўз ҳамқишлоғи номусига тажоввуз қилгани ҳақида милицияга ҳам шикоят қилган. Лекин, ҳуқуқ-тартибот органлари ариза юзасидан жиноят иши очмаган.

Ҳодиса 31 июль куни Самарқанднинг Пайариқ тумани Бурхут фуқаролар йиғини Аювча қишлоғида рўй берди.

Шу қишлоқ аҳли вакилларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳамқишлоғи тарафидан зўрланган қиз иснодга чидай олмаган ва молхонаси айвонининг тўсинига ўзини осган.

– Қишлоғимизда ҳозир жанжал. Кекса фермер бобой ёш қизчани зўрлаб қўйган. Қиз иснодга чидай олмай уйининг молхонасида ўзини осиб қўйган. Бундан хабар топган қишлоқ аҳли қизни қабрга қўйиб, шу зўрлаган фермерни уйига бостириб бориб ғалаён кўтарди. Участкавой милиция келиб аралашганидан сўнг ҳамма тарқалди, - деб билдирди исми сир қолишини истаган аювчалик аёл.

Қиз ўлимидан олдин ўз ҳамқишлоғи номусига тажоввуз қилгани ҳақида милицияга ҳам шикоят қилган. Лекин, ҳуқуқ-тартибот органлари ариза юзасидан жиноят иши очмаган.

- Шундан сўнг унинг зўрлангани бутун қишлоққа овоза бўлиб кетди. Қизни юрадиган йигити олмайман деганми, шундан сўнг у ўзини осиб қўйган, - дейди аювчалик бошқа бир аёл.

Пайариқ тумани Ички ишлар бўлимидагилар марҳума 7 июль куни ҳамқишлоғи зўрлагани ҳақида шикоят аризаси билан мурожаат этганини тасдиқлади.

Лекин, милиция қизнинг шикоятини асоссиз, деб топган ва уни аризаси бўйича жиноят иши очмаган.

-Терговчи уни аризасини отказ қилди, чунки экспертиза унинг зўрланганини тасдиқламади. Ҳозир энди бу қиз ўзини ўзи осиб қўйганидан сўнг унинг қариндошлари, икки акаси ва ҳалиги фермер ўртасида жанжал чиққан. Участкавой ҳозир шуни текширмоқда, - дейди Самарқанд Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда зўрланган қизларнинг ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Ўтган йили Хоразм вилояти Хива туманилик 21 ёшли қиз ҳамқишлоқлари тарафидан зўрланиши ортидан сирка кислотасини ичиб ўз жонига қасд қилган эди.

Шу йилнинг май ойида эса Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синф ўқувчиси мактаб директори телефонидан беҳаё расмларни топиб олиб, уни синфдошлари орасида масхара қилганидан сўнг уйида ўзини осган эди.

XS
SM
MD
LG