Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Қашқадарёда геморрагик безгакдан уч киши ўлди


Геморрагик безгак касалининг¸ асосан¸ кана орқали заҳарланган мол гўштидан одамларга юқиши айтилмоқда.
Геморрагик безгак касалининг¸ асосан¸ кана орқали заҳарланган мол гўштидан одамларга юқиши айтилмоқда.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида халқ тилида “қора ҳалак” деб номланувчи Қрим-Конго геморрагик безгаги касаллигидан уч киши ўлди, бир киши касалхонага ётқизилди. Озодлик манбаларига кўра, бу касаллик мол сўйиш чоғида қондан юққан. Расмийлар шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, айни пайтда касаллик ўчоғида кучли профилактик ишлар олиб борилаётганини айтди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Қайрағоч қишлоғида яшовчи уч киши – Шуҳрат Боймирзаев, унинг куёви Дилшод Бобоёров ва Райҳон Норқулова Қрим-Конго геморрагик безгаги касаллигидан вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган яккабоғлик манбага кўра, уларга бу юқумли касаллик қўй сўйиш жараёнида юққан:

“Боймирзаевлар хонадонида қўй сўйилган. Қўйнинг гўштини бўлишда ва калла-поччани тозалашда касаллик уларга юққан. Кейин бирин-кетин маззаси қочиб, иситмалай бошлаган. Касалхонага олиб боришса, дўхтурлар ҳам бу нима эканлигини аввал тушунмаган. Тушунганидан кейин кеч бўлган шекилли, икки кун ичида учаласи ҳам жон берган”, деди манба.

Манбанинг айтишича, бу оиладан яна бир киши касалхонага ётқизилган ва муолажа олмоқда.

Қашқадарё вилояти санитария эпидемиология назорат марказининг исми сир қолишини сўраган мулозими уч одам Қрим-Конго геморрагик безгаги касаллигидан ўлганини тасдиқлади:

“Яккабоғ тумани юқумли касалликлар касалхонасида яна бир бемор қолмоқда. Унинг аҳволи ҳозирча қониқарли. Анализларни олиб Тошкентга юборганмиз. Ҳозирча тасдиқ жавоби келгани йўқ. Ўлган уч одам Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўйган талабларга биноан юз фоиз обработка қилиниб, дезинфекцияланиб кўмилди. Дафн маросимини ходимларимиз назорат қилиб туришди. Айни пайтда Яккабоғда мутахассислардан иборат махсус штаб тузилган”, деди мулозим.

Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг ўша ҳудуддаги қўй-моллардан каналар намунаси ва қон анализи олиниб, вирусолигия институтига жўнатилган.

Мутахассисларнинг айтишларича, бу касалликка чалинган одамнинг иситмаси кўтарилади ва бемор қалтирай бошлайди. Бош қаттиқ оғриб, бўғинлар ва мушаклар зирқирайди. Касалликнинг бошланғич даврида беморнинг юзи, бўйни ва кўкрагининг тепа қисми қизара бошлайди. Касаллик олди олинмаса вируслар қон томирларини ишдан чиқаради.

Халқ тилида “қора ҳалак”(қора ўлим) деб аталадиган Қрим-Конго геморрагик безгаги Ўзбекистонда бир неча бор кузатилган.

Жорий йилнинг июнь ойида Самарқандда икки кишига Қрим-Конго геморрагик безгаги юққани ҳақида хабар берган эдик.

2013 йилнинг август ойида эса Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида тарқалган геморрагик безгак касаллиги оқибатида ўнга яқин одам бу касаллик қурбони бўлган эди.

XS
SM
MD
LG