Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:29

Ғиждувонлик савдогарлар бозор кўчирилишидан норози


Бухоро вилоятининг Ғиждувон туман марказидаги буюм бозори кўчирилиши савдогарлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Бозорнинг савдо расталари бузилиб, туманнинг бошқа қисмида қурилаётган дўконлар савдогарларга қиммат нархда таклиф этиляпти.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туман марказидаги деҳқон бозорига туташ буюм бозорида савдо қилиб, тирикчилик ўтказиб келган савдогарлар бозорнинг чеккароқ ҳудудга кўчирилгани ва у ерда қурилган янги дўконлар қимматга тушаётганидан норози эканликларини айтишади.

– Буюм бозорида ички кийим сотамиз. Биз ўтирадиган жойни бузиб, чеккароқ жойдан дўкон таклиф этишяпти. 18 миллион 300 минг сўмга уни ололмаймиз. Арендалари ҳам қиммат бўляпти. Давлат чиройли бозорларни қуряпти, лекин у ерга бориб, савдогарлик қилиш ўзини оқламайди-да. "Ҳозирги жойимизни бузишмасин, тадбиркорларни йўлни тўсишмасин", деб президентга ҳам хат ёздик, жавоб бўлмади. Ҳокимиятдагилар ўз одамлари орқали янги бозорни ўзиники қилиб олган, бизга ҳеч нарса қолмайди у ерда. Зўрға қозонимизни қайнатиб ўтирган жойимизни ҳам бузишяпти, - дейди ғиждувонлик савдогарлардан бири Зебо Худойназарова.

Ғиждувон туман ҳокимлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда тадбиркорликни давом эттириш истагида бўлганлар бозорда қурилаётган 18 миллион сўмдан 48 миллион сўмгача бўлган дўконларни сотиб олиши мумкинлигини билдирди.

Ҳокимият расмийси бозорни кўчириш Ўзбекистон президенти қарорига кўра амалга оширилаётганини айтди.

- Бу бозорнинг проекти Тошкентда тасдиқланган, ҳеч ким ҳеч кимнинг ҳақини уриб қолаётгани йўқ. Қиммат эмас. Улар беш бармоғини оғзига солишяпти-да. Президентимизни қарори билан савдо расталари дўконларга ажратилсин, дейилган, тамом. Шу дўконда савдо бўлсин, терминали бўлсин, касса аппарати бўлсин, банкда ҳисоби бўлсин, банкка нақд пул топширсин, давлатга солиқ тўласин, деган маънода шу иш қилиняпти. 1 сентябрь куни шу савдо комплекси ишга туширилади. Ҳаммаси зўр бўлади, - дейди ҳокимият расмийси.

Ғиждувон бозори кейинги икки-уч йил ичида кўчирилаётган илк бозор эмас.

Ўзбекистон президентининг 2010 йилги қарори билан бутун мамлакат бўйлаб бозорлар у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа кўчирилаётгани минглаб тадбиркорлар учун қимматга тушмоқда.

Вилоятлар марказларида бундан беш-олти йил аввал қурилган буюм бозорларидан ўн миллионлаб сўмга дўкон сотиб олган тадбиркорлар ҳали фойдага кириб улгурмасдан бошқа жойга кўчирилган бозордан дўкон сотиб олишга мажбур бўлгани Озодликда аввал ҳам кўп марта ёритилган.

XS
SM
MD
LG