Россиянинг Псков область суди Эстония хавфсизлик полицияси ходимини 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Жазони қаттиқ режимли колонияда ўташга ҳукм қилинган Эстон Кохвер 100 минг рублли жаримага ҳам тортилди.
Россия суди Кохверни жосусликда, қурол контрабандсаи билан шуғулланганликда ҳамда чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор, деб топди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Эстон Кохверни ўтган йилнинг сентябрида қўлга олган эди. ФСБга кўра, қўлга олиш пайтида Кохвернинг ёнидан тўппонча ва унинг ўқлари, 5 минг евро, хуфя овоз ёзиб олувчи ускуна чиққан.
Кохвер ўзини жиноят содир этмаган, деб ҳисоблайди.
Расмий Таллиннга кўра, Россия махсус хизмати ходимлари Кохверни Эстония ҳудудида қўлга олиб, Россияга ўғирлаб кетган.