Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

"Пахта териш деярли суннат экан, фарз қилиб қўйишмаса бўлди"


Ўзбекистондаги масжидлардан бири.
Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Ўзбекистонда пахта терими мавсуми арафасида мамлакатнинг жоме масжидларида имомлар Аллоҳдан мўл хосил тилаб, аҳолини пахта теримига кўмаклашишга чорловчи вазлар ўқимоқда.

Жума кунги номозларда мамлакатнинг бир қатор масжидларида имомлар тарафидан Аллоҳдан мўл ҳосил сўралган тилавотлар ўқилди, аҳолини теримга чорловчи ваъзлар айтилди.

–Бугун жумада имом пахтакорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашимизни сўради. Пахта териш ҳам почти суннат экан. Фарз қилиб қўйишмаса бўлди, - деб ёзди Интернет фойдаланувчиларидан бири.

Тошкентдаги Хўжа Аламбардор жоме масжиди мутаваллиларидан бири Озодлик билан суҳбатда жума намозларида аҳолини пахта теримига чорловчи даъватлар Мусулмонлар идораси топшириғи бўйича айтилаётганини тасдиқлади.

- Мусулмонлар идорасидан чиққан қарор бор, шу қарор асосида ўқиб эшиттирдик. Ҳамма дуо қилиб, деҳқонларга пахта баракасини тилаб, дуо қилаяпмиз жамоа билан. Пахтани аҳамияти, нес-нобуд қилмасдан териб олиш ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти, - дейди Хўжа Аламбардор жомеъ масжиди мутаваллиси.

Вилоятлардаги масжидларда ҳам пахта мавсумида имомлардан ташвиқот-тарғибот ишларида фойдаланилмоқда.

Швецияда яшовчи ўзбекистонлик танқили имом Муҳаммадсолиҳ Абутов Ўзбекистонда масжид имомлари ҳукуматнинг тарғибот қуролига айланганини айтади.

-Одамларни газни пулини тўланглар, пахтани теринглар, ҳукуматни танқид қилиш гуноҳ, деган маърузалар қилишади. Бу нима деган гап? Қани бу ерда дин? Ҳозир Ўзбекистонда масжидлар у ердаги зулмкорларни тарғиботчисига айланган, - дейди Абутов.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг жойлардаги бўлимларидан олинган маълумотга кўра, пахта мавсумида имомлар зиммасига юкланган масъулиятли вазифа фақат пахта тарғиботи эмас.

Имомлар бу йил ҳам далада пахта териб, Ўзбекистоннинг кўп тонналик хирмонига ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда одамларнинг мажбурлаб пахта терими, дала меҳнатига жалб этишини танкид қилиб келади. Бир қатор ташкилотларни бирлаштирган Cotton Campaign гуруҳи ҳам Ўзбекистонда инсонлар ўз ихтиёрларига қарши дала меҳнатига мажбурланаётганини айтиб, ҳукуматни мажбурий меҳнатдан воз кечишга чақириб келади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда халқаро босимлар таъсирида ҳукумат вояга етмаганлар, жумладан мактаб ўқувчиларини мажбуран далага олиб чиқишдан воз кечган.

Бироқ ишчи кучи тақчиллиги сабаб улар ўрнига миллионлаб катталар далага мажбурлаб чиқарилмоқда.

XS
SM
MD
LG