Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:53

Самарқанд қишлоқларида пахта муносабати билан тўйхоналар ёпилди


Самарқанд қишлоқларидаги тўйхоналарда 10 октябргача тўйлар ўтказилмайди
Самарқанд қишлоқларидаги тўйхоналарда 10 октябргача тўйлар ўтказилмайди

Самарқанд вилоятининг қишлоқларида пахта мавсуми бошлангани боис тўйхона ва ресторанларда тўй ўтказиш тақиқланди. Маҳаллий ҳокимликларнинг оғзаки буйруғи асосида 6 сентябрдан бошлаб тўйхоналарни бир ой муддатга ёпиш ҳақида топшириқ берилди.

“Тўй кунини ўзгартиришга мажбур бўлдик”

Самарқанднинг Иштихон туманида яшовчи йигитнинг ёзишича, опасининг никоҳ тўйини 10 сентябрга белгилашган, бироқ тумандаги барча тўйхона ва ресторанлар тўй ўтказиш учун буюртма олишдан бош тортган:

“Опамни 10-числода узатмоқчи эдик. Тўйхоналарнинг бирортаси буюртмамизни қабул қилмади. Тўйхона эгаларининг айтишича, пахтага сафарбарлик бошлангани боис тўйларни тўхтатишга буйруқ олишганмиш. 10 октябргача тўйга буюртма олмаймиз, дейишди. Кейин зудлик билан опамни тўй кунини ўзгартиришга мажбур бўлдик. Қудалар билан келишиб, 5 сентябрь куни шошилинчда ўтказдик опамнинг тўйини”, дея хабар қилди иштихонлик йигит.

“Одамлар уйларида тўй қилаяпти”

Самарқанднинг Каттақўрғон туманидан олинган маълумотга кўра, тўйхоналарда тўйлар ўтказишни тақиқланиши ортидан, одамлар тўй маросимларини ҳовлиларида ўтказишга мажбур бўлишмоқда.

“Икки кун бўлиб қолди, тўйхоналарда ҳам, ресторанларда ҳам тўй бўлмаяпти. Ҳаммасига пахта бошланди, одамларни пахтадан қўясан деган мазмунда, тўй ўтказишни тақиқлашган. Ҳамма тўйхоналар ёпилган. Лекин одамлар тўйларини тўхтатмади. Олдиндан кунларини белгилаб қўйганлар худди аввалгидай ўз ҳовлиларида тўйларни ўтказаяпти. Фақат оворагарчилик кўпайди. Ташвишлар кўпайди. Одамлар тўйхона ва ресторанларда ўтказишга ўрганиб қолган. Ҳовлиларда ўтказиш анча қийин, ташвиши кўп”, деди исмини очиқламасликни сўраган каттақўрғонлик манба.

“Оғзаки буйруқ олдик”

Каттақўрғондаги тўйхоналардан бирининг эгаси, исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, бир ой давомида тўй ўтказмаслик ҳақида маҳаллий ҳокимликдан оғзаки топшириқ олган:

“Ўзи ҳар йил пахта мавсуми камида бир ой ишсиз қоламиз. Бу йил ҳам шундай бўлаяпти. 2 сентябрь куни ҳокимиятга чақириб, одамларни бир жойга тўплаб, пахта мавсумига ҳалақит қилманглар. Тўй, зиёфат ва одам кўп тўпланадиган бошқа маросимларни тўхтатинглар, дейишди. Ҳатто ўзинглар ҳам пахтага теримчи чиқариб, ҳисса қўшинглар, деган гапни ҳам айтишди”, деди Каттақўрғондаги тўйхоналардан бирининг эгаси.

Ҳокимлик: Тўйларни тўхтатмадик

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг ижтимоий масалалар бўйича масъулларидан бирининг айтишича, вилоятда тўйларни тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай расмий кўрсатма берилмаган.

Лекин мулозим айрим туман мутасаддилари пахта мавсумини тезроқ тугатиш мақсадида ички топшириқ берган бўлиши мумкинлигини таъкидлади:

“Бу ерда ҳеч қандай тақиқ деган нарса йўқ. Бу мутасаддиларнинг ташаббуси асосида бўлган ҳолат. Агар пахтани олдин тугатишса, тўйларни ҳам совуқ тушмасдан яна бошлайдилар. Бундан ҳеч ёмонлик изламаслик керак”, деган фикрни билдирди вилоят ҳокимлиги мулозими.

Озодлик ўрганишича, Самарқанд шаҳридаги тўйхона ва ресторанлар тўйларни тўхтатиш ҳақида буйруқ олишмаган. Ҳаммаси ўз фаолиятини одатдагидай давом эттирмоқда.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам пахта муносабати билан тўйхоналар ёпилгани ёки тўйлар тўхтатилгани ҳақида маълумотлар Озодликка етиб келгани йўқ.

Ўтган йиллари ҳам пахта мавсумида мамлакатнинг аксар вилоятларида сентябрь ва октябрь ойларида тўй ўтказиш тақиқланган эди.

XS
SM
MD
LG