Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:56

Пахтага чиқмаган пенсионер ва болали аёллар жазоланмоқда


Ўзбекистонда пахта теримига умумий сафарбарлик эълон қилинар экан, барча вилоятларда маҳалла фаоллари пахта теримига одам топиш ҳаракатига тушган.

Наманган шаҳрининг Паҳлавон мавзесида маҳаллақўмлар уйма-уй юриб ҳар бир оилани ë пахтага одам юбориш ëки ўз ўрнига мардикор ëллаш учун пул беришга мажбурламоқда.

Паҳлавон мавзесида яшовчи Нозима опанинг айтишича, маҳалла фаоллари бунинг учун турли усуллар билан аҳолига босим қилмоқда.

- Маҳалла комитетидан келиб 25 минг сўмдан пахтага пул йиғяпмиз, ё берасиз ё пахтага чиқасиз, бўлмаса уйингизни печатлаймиз, газ-светни узамиз, деяпти. Мен квартирада ижарага тураман, уларнинг ҳаққи борми шундай қилишга?! - дейди Нозима опа.

Наманганнинг Тўрақўрғон туманида эса маҳаллақўмлар нафақахўр қариялар ва уйда ўтирган ёш болали аёлларни ҳам пахтага чиқишга мажбурламоқда. Пахтага боришдан бош тортган пенсионерларга нафақасини, ёш болали оналарга эса бола пулини кесиш билан таҳдид қилмоқда.

- Ҳар бир хонадондан бир одам чиқиши керак, ё пул берасизлар, ё шу пулни пенсиядан қирқиб қоламиз, дейишяпти. Пенсияси қирқилишидан қўрқиб, кўпчилик қариялар пахтага чиқишяпти, - дейди тўрақўрғонлик Моҳиржон.

Наманган вилояти ҳокимлигига кўра, бу йил пахта теримига вилоят бўйлаб 200 мингга яқин одам сафарбар этилади.

Аммо, ҳокимлик расмийлари пахтага одамлар мажбурлаб чиқарилаётганини рад этмоқда.

Наманганлик маҳалла фаоли Убайдулло Азимов ҳам Озодлик билан суҳбатда маҳалладошлари пахтага "ўз хоҳиши билан" чиқарилаётганини айтди.

​- Ҳозир даладамиз. Мен отряд бошлиғиман. Биронтасини уйига бориб чақирганим йўқ. Ўз хоҳиши билан келиб теришяпти. Бизни маҳалладан ҳозир 135 киши теряпти. Ўзимизнинг миллий бойлигимиз, ўзимиз йиғиштириб олишимиз керак. Ўзим ҳам белимга этак боғлаб пахта теряпман. Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлагани йўқ, - дейди Убайдулло ака.

Наманган далаларида пахта тераётганлар орасида кўплаб кекса ёшдаги нафақахўрларни учратасиз.

- Кучимиз борида пахтани терамиз-да, янаги йилга бормизми, йўқмизми. Ҳозирча тан-жонимиз соғ. Пахтани термасак бўлмайди, - дейди 68 ёшли наманганлик онахон.

Шунга ўхшаш манзарани Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кузатиш мумкин.

Жиззах вилоятида эса одамларни пахтага чиқаришга милиция ходимлари ҳам жалб этилган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, пахтага чиқишдан бош тортганлар милиция бўлинмаларига олиб кетилмоқда.

- Эркак киши чиқмайман, деб айтса ўша одам Ички ишлар бўлимига олиб кетилмоқда. Аёл кишилар билан эса бақиришиб, сўкишиб, гаплашишади. чиқмасанг газингни, светингни қирқаман, дейди. Хуллас, одамларни пахтага чиқариш учун ҳамма воситаларни ишга солишмоқда, - дейди Ўктам Пардаев.

Айни пайтда "ҳашарчи" теримчилар мажбуран чиқарилаётганликларини сотиб қўймаслик” ҳақида ҳам қаттиқ огоҳлантирилган.

- Улар билан гаплашсангиз ҳаммаси бир хил гапни айтади. "Ўз хоҳишимиз билан чиқдик", дейди. Қайси одам уй юмушларини қўйиб пахтага кўнгилли чиқади? Ҳозир бозорда ўтирган савдогарлар пахтага бормаслик учун кунига 20 минг сўмдан пул бермоқда. Бермаса бизнесидан айрилади. Нафақахўр чиқмаса нафақасидан айрилади, - дейди Ўктам Пардаев.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатдан воз кечишга даъват этиб келади.

АҚШдаги болалар меҳнатига қарши курашувчи “RSN -Responsible Sourcing Network” ташкилотига кўра, ҳозирга қадар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши петицияни имзолаган ширкатлар сони 150 дан кўпроқни ташкил этмоқда.

XS
SM
MD
LG