Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:25

Ўзбекистонда ИШИДга одам ëллаган гуруҳлар жазога тортилмоқда


Озодлик манбаларининг билдиришича¸ айни кунларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Хўжаобод маҳалласидан олти нафар ака-ука ва улар гуруҳига қўшилган яна 9 нафар шахс ИШИДга одам ëллаш ва унинг жиҳодий ғояларини тарқатишда айбланиб ҳибсга олинган. Айни пайтда Хоразм маҳкамаси ҳам ИШИД ғояларини тарқатиб¸ жиҳодга одам ëллаганликда айбланган гуруҳ бошлиғини 18 йилга қамоққа ҳукм қилди.

Жорий ҳафтаКоллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)НИНГ Душанбеда ўтказилган йиғилишида ташкилот Бош котиби Николай Бордюжа “Исломий давлат” террор гуруҳига марказий осиёликларни ёллаш учун фойдаланиладиган 57 мингдан зиёд борлигини аниқлагани тўғрисида баёнот берди.

Николай Бордюжага кўра, 50 минг сайтнинг фаолияти тўхтатиб қўйилган, қолганлар бўйича текширув-тергов ишлари олиб борилмоқда. Унинг айтишича, Марказий Осиёда эктремистик характердаги Интернет-ресурслар ҳам кескин кўпайган.

Озодлик манбаларига кўра¸ Ўзбекистон махсус хизматлари ана шундай Интернет сайтлар орқали ИШИД ғояларини юқтириб¸ уларни оддий ўзбекистонликлар орасида тарқатиш¸ қолаверса Суриядаги жиҳодга одам ëллаш билан шуғулланган гуруҳларни таъқиб қилиш ва қўлга олиш амалиëтларини кучайтирган.

“Пайариқнинг битта Хўжақишлоғидан бир оиладаги олтита ака-ука бир кунда махсус кучлар томонидан ҳибсга олинди. Улардан бири икки боласи ва хотини билан Тошкент-Истанбул рейсига чиқаëтган пайтда қўлга олинганидан кейин¸ ака-укаларнинг ҳаммасини бир кечада босишди. Энг катта аканинг гуруҳ раҳбари бўлгани айтилаяпти. Ҳеч қаерда ишламаган бу одам хотинлари билан ҳожамат қиламиз¸ ўт-ўлан билан даволаймиз¸ деб қишлоқма-қишлоқ юриб¸ содда одамларга жиҳодчиликни тарғиб қилишган. Ака-укалардан бири Интернетда ишидчилар билан доимий алоқа қилиб келган. Уларни кимдир пул билан таъминлаб келган¸ дейишаяпти”¸ дейди ака-укаларнинг ҳибсга олинишига гувоҳ бўлганлардан бири.

Махсус ОМОН гуруҳи ҳибсга олинган ака-укаларнинг ҳозирда қаерда сақланаëтгани¸ уларга расман қандай айб қўйилаëтганига оид аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик манбасига кўра¸ ИШИД ғоялари тарғиботи ва унга одам ëллаш билан шуғулланган ака-укалар яшаган маҳалла раиси ҳуқуқ тизимлари томонидан қаттиқ босим остига олинган.

18 сентябрь куни Россиянинг Интерфакс агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси сўзларига таянган ҳолда

Хоразм вилоят судиИШИД - “Исломий давлат” жиҳодий гуурҳи ғояларини ёйган бир гуруҳ ёшларга нисбатан ҳукм ўқилгани ҳақида хабар тарқатди.

Агентлик манбасига кўра, суд гуруҳнинг етти аъзосини 3,5 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум қилган. Айбланувчиларнинг барчаси ИШИДга одам ёллашда айбланиб, судланган.

“Маҳкамада уларнинг жиҳодий ғояларни ёйиш билан шуғуллангани ҳамда Исломий халифалик қуриш мақсадида Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ўзгартириш зарурлигига ошкора даъват қилиб юргани аниқланди”, деган Интерфакс манбаси.

18 йиллик энг узун қамоқ жазоси гуруҳ раҳбари, муқаддам судланган Улуғбек Олимовга берилган.

Аввалроқ Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари мамлакатнинг турли жойларида “Исломий давлат”га одам ёлловчи бир неча шахс қўлга олингани, шунингдек, ИШИД аъзолари шу йил баҳорида Ўзбекистон ҳудудида қатор террор амалиётлари ўтказишга тайёрланганини иддао қилиб чиққанди.

Туркиядан туриб ўзбекистонликлар орасида ИШИДга одам ëллашни бизнесга айлантирган гуруҳларга яқин манбасининг билдиришича¸ ИШИДга иқтисодий жиҳатдан ночор вазиятда қолган ëшларни ëллаш кампанияси фаол давом этмоқда:

- Авваллари дуч келган одамни ëллашса¸ ҳозир энди Ўзбекистон ички ишлар ëки мудофаа тизимида ишлаб¸ порахўрликда айбланиб¸ урилган кадрларни қидиришаяпти. Бу айб билан ишдан кетганлар Ўзбекистонда бошқа ишга киролмайди¸ айни пайтда¸ улар яхши ҳарбий тайëргарликдан ўтган¸ қайсидир маънода¸ давлат ичидаги гапларни ҳам билади. ИШИД ҳозир шунақа одамларни излаяпти ва уларга 30-40 минг долларгача ҳақ берилади¸ деган гапларни қилишаяпти. Бундан уларнинг Ўзбекистонда ҳам нимадир бошлаш режаси йўқ эмаслиги кўринади¸ дейди Туркиядаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ИШИДнинг бундай аггрессив тактикасидан нотинчлик мамлакат ичида кузатилаëтганини айтади:

- Ўзим ҳам яқинда Истанбул-Тошкент рейсида учиб кўрдим. Айнан шу рейсга чиқадиган ëш йигитлар¸ айниқса¸ оиласи билан чиқаëтган бўлса¸ қаттиқ текширилмоқда. Буларнинг қўлида махсус рўйхатда турадиганларнинг ИИВ ва МХХ дан берилган рўйхати бор. Бу рўйхатда диний айблар билан қамалиб чиққанлар¸ ëки махсус кузатувдагилар бор¸ ҳамма ҳам эмас. Ана шундайлар Истанбулга кетаëтган бўлса¸ уларни қаттиқ текшириб¸ олиб қолиш ҳоллари бўлаяпти. Менимча¸ Туркия билан Сурияга ўтмоқчи бўлаëтган ўзбекистонликларни ушлаш бўйича ҳам иш олиб борилаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Июль ойида Туркиянинг Анадолу агентлиги Сурияга ўтишга уринган уч ўзбекистон фуқаросининг қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.

XS
SM
MD
LG