Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Бухоро вилоятида фоҳишалар пахта теримига жалб қилинди


Карикатура www.eltuz.com сайтидан олинди
Карикатура www.eltuz.com сайтидан олинди

Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманларида фоҳишалик билан шуғуллангани боис милиция рўйхатида турган аëллар ëппасига пахта теримига жалб қилинган.

Бу ҳақда Қоракўлдаги “Микрорайон” мавзеси яшовчиси, нафақадаги зобит Асад Саломов Озодликка билдирди.

Унга кўра¸ илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларнинг ҳаммасини йиғиб, пахта даласига олиб кетишган:

- Қоракўлда “Микрорайон” деса, ҳамманинг кўз олдига енгил-табиат қизлар келади. Бу жойдаги кўп қаватли уйларда аксарият эрдан ажраган ëлғиз аëллар яшайди. Ўтган ҳафта участковой милиса маҳалла посбонлари билан келиб 40 дан зиëд аëлни пахтага олиб кетди. Агар бормасанг баëннома тузиб ишингни судга ошираман деб пўписа қилди. Мен балкондан қараб турдим. Ҳаммасини бир қатор қилиб тизиб рўйхат билан перекличка қилиб автобусга солиб олиб пахтага олиб кетди¸ дейди Асад Саломов.

Маълум бўлишича¸ айни ҳолат Бухоронинг Олот туманида ҳам кузатилган.

Исми сир қолишини истаган олотлик участка нозири Озодлик билан суҳбатда фоҳишалар пахта теримига жалб қилиниши билан боғлиқ тафсилотларни айтиб берди:

- Пахтага одам чиқариш масаласи қаттиқ қўйилди. Маҳалладан одам чиқаришни ўзи бўлмайди. Кўпчилик ишидан пахтага боради. Юра олмайдиган касаллар бор. Пахтага чиқиб териши мумкин бўлган ва ҳеч қаерда ишламайдиган аëллар бор Бу аëллар одам савдоси ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш масаласида спец учетда туришади. Энди шу пулга танасини сотадиган аëллар десак уларни . Ўшаларни пахтага олиб чиқдик. Чиқмайман деса эски делоларга ход бериб жаримага тортамиз дедик. Йўқ туппа-тузук пахта теришяпти. Энди кўпга келган ҳашарку бу¸ - дейди олотлик милиция ходими.

800та ҳуқуқбузар далада

Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ махсус рўйхатда турган енгилтабиат аëллар¸ гиëҳванд ва ичкиликка мубтало бўлганлар ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб қилинган:

-Бошқармада бу тоифадаги фуқароларни ижтимоий-фойдали меҳнат воситасида тарбиялаш режаси бор. Хозир улар пахта теримида иштирок қиляпти. Бошқа пайтда, масалан, кўча супуриш¸ қабристонларни обод қилиш каби жамоатга фойдаси тегадиган ишларга жалб қилинади. Лекин фақат фоҳишлар пахтага чиқарилди, деган гап нотўғри. Ишини тайини йўқ ва турли ҳуқуқбузарликларга мойил бўлганлар билан тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. Улар орасида гиëҳвандлар ҳам пул эвазига жинсий алоқа қиладиган енгилтабиат аëллар ҳам бор. Агар сизга рақам зарур бўлса, Бухоро вилоятидаги 11та туман ва Газли¸ Когон каби шаҳарларда 800 нафарга яқин ҳуқуқбузар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинган. Ҳа, улар хозир пахта теришмоқда. Терим ҳам тарбиявий аҳамиятга эга меҳнат турига кирадику¸ - дейди Бухоро вилоят Ички Ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасидаги Озодлик манбаси.

Фоҳишаликни йўқ қилиш усули

Бухородаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган ва ўз исми сир қолишини сўраган 48 яшар киши “фоҳишаларнинг пахта териб тарбияланишига” ишонишини таъкидлади.

- Участка нозирларига ҳоким 50 тадан одам топиб пахтага чиқариш талабини қўйган экан. Олот ва Қоракўлдаги “микрорайон”даги фуқарорлар йиғинини бошлиқлари ва участка нозирларининг бахти чопиб фоҳишаларни чиқарибди. Чунки, бутун фоҳишалар ва фоҳишахоналар микрорайонда жойлашган-да. Фоҳишалар чиқмаса, устидан протокол тузадилар ва ҳар бало қиладилар. Қизиғи шундаги, пахта йиғим-терими орқали ишсиз қолиб кетган фоҳишалар жон деб пахтага чиқибдилар. Ва бошқалардан кўра, кўп пахта тераётган эканлар. Шуни англадимки, аёлларимиз иш бўлса, ҳеч қачон фоҳишалик қилмайдилар¸ - дейди суҳбатдош.

Бу йилги пахта теримида ўтган йилгидан фарқли тарзда раққоса¸ ҳонанда¸ гўянда ва созандаларнинг қатнашаëтгани кузатилади.

Ўтган ҳафта Тошкентда кино ва теaтр артистлари пахтага чиқарилган эди.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG