ИИВ: Сузоқ ва Новкен туманларида сайловчилар овозини сотиб олиш фактлари аниқланди
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Жалолобод вилоятининг Сузоқ ва Новкен туманларида сайловчилар овозини сотиб олишга уринишлар бўлганига оид фактлар аниқлангани, мазкур фактлар юзасидан дастлабки текширувлар бошлангани ҳақида маълумот тарқатди. Аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларни сайловчилар овозини сотиб олганлик учун жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Twitter: Овоз бериш участкаларида турнақатор навбатлар
Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Брюс Паниер Қирғизистондаги парламент сайловлари жараёнида овоз бериш участкаларида кузатилган навбатга эътиборни қаратди. 24kg сайти эса Бишкекда катта навбат йиғилган участкалардан бирида олинган видеони эълон қилди.
Ҳукумат мулозими: Айрим сайловчилар такроран овоз беришга ҳаракат қилиб кўрди
Қирғизистондаги баъзи сайлов участкаларида айрим сайловчилар такроран овоз беришга уриниб кўрганлар, бироқ бу уринишлар зое кетган. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати ташкилий-назорат ишлари ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш бўлими мудири Алтинбек Эргешов билдирди.
“Соат 14.00 гача мамлакат ҳудудларида ижтимоий-сиёсий вазият барқарор бўлди, участка сайлов комиссияларидан бирортасида ҳам ҳориқулодда вазият қайд этилмади. Айрим сайлов участкаларида давомли бўлмаган техник носозликлар кузатилди. Ҳозир бу носозликларнинг ҳаммаси бартараф қилинди. Республика штаби мутахассислари мамлакатнинг турли жойларида ишлатган барча техник гуруҳлар билан тиғиз алоқада бўлиб турибди”, деди Алтинбек Эргешов.
Мулозимга кўра, ҳукумат уйида икки кундан буён турли давлат идораларида IT-технологиялар соҳасида ишлайдиган мутахассислар ва ИИВ вакилларидан иборат республика техник штаби туну-кун узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
Қирғизистондаги овоз бериш жараёни суратларда: