Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:32

Ўзбекистон чегараларини фавқулодда вазиятларга ҳозирламоқчи


Андижон билан Ўш ўртасидаги "Дўстлик" чегара назорат-ўтказиш маскани.
Андижон билан Ўш ўртасидаги "Дўстлик" чегара назорат-ўтказиш маскани.

Ўзбекистонга қўшни давлатларда фавқулодда вазиятлар юзага келган вақтда ҳаммаси бўлиб 9 та чегара масканидан мамлакатга киришга рухсат берилади. Бу 9 масканни халқаро андозалар даражасида қуриш ва жиҳозлаш учун 20 млн. доллар атрофида маблағ сарфланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага таяниб Регнум ахборот агентлиги хабар қилди.

Янгиликнинг давоми

Агентликнинг ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукумати учун мамлакатнинг Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги мавжуд чегара масканларидан фақат тўққизтасини қолдириб, қолганларини тақа-тақ ёпиши учун тилга олинган мамлакатларда фавқулодда вазиятлар юзага келиши етарли сабаб бўлади.

Манбага кўра, қўшни давлатда эпидемия тарқалиши, радиацион, биологик, кимёвий таҳдидлар, турли техноген авариялар фавқулодда вазиятдир.

Мана шундай вазиятларда мавжуд бир неча ўн назорат-ўтказиш масканлари ёпилади. Фақат тўққизта халқаро маскан ишлайди.

Улардан бири Тошкент аэропорти, иккинчиси Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги Термиз дарё порти, учинчиси Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги Келес темир йўл станцияси, тўртинчиси Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги Олот маскани.

Агентлик қолган 5 масканнинг номини келтирмаган.

Ўзбекистон чегараларида шу кунда нечта мақоми “халқаро” назорат-ўтказиш маскани бор?

Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси билан боғланиб, маълумот олиш мутлақо имконсиз.

Интернетдаги очиқ манбаларда Ўзбекистоннинг 5 қўшниси билан ўртасида ҳаммаси бўлиб 13 та халқаро мақомдаги назорат-ўтказиш маскани мавжуд. Яъни масканлар бундан кўп - бир неча ўн, лекин 13 тасигина халқаро мақомга эга. Айтаётганимиз 13 танинг ичига Тошкент аэропортидаги чегара маскани (паспорт назорати) кирмайди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида нечта назорат-ўтказиш маскани бор?

15 та.

15 маскандан 3 таси фақат кундузи, қолган 11 таси кечаю кундуз ишлаши белгилаб қўйилган.

15 маскандан 2 тасининг мақоми “халқаро”дир.

Улардан бири Андижон билан Ўш ўртасидаги “Дўстлик”, иккинчиси Наманган билан Жалолобод ўртасидаги “Учқўрғон” масканларидир.

Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати матбуот хизматининг Озодликка айтишича, шу кунда 15 маскандан фақат 9 таси очиқ, қолгани ёпиқ.

Очиқ 9 та масканнинг 4 таси темир йўлдаги маскандир.

Демак, қирғизистонлик Ўзбекистонга ва ўзбекистонлик Қирғизистонга фақат 5 та маскандан ўтиш мумкин.

Қоғозда мумкин

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги борди-келдига оид сўнгги келишувга биноан икки қўшни давлат фуқаролари бири иккинчисининг мамлакатига визасиз бориши ва 60 кунгача муддат қолиши мумкин.

Фақат бу ерда муҳим бир фарқ бор. Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоеванинг Озодликка айтишича,

- Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга визасиз келиб, 60 кун давомида туриши мумкин ва улардан қайддан ўтиш талаб қилинмайди. Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга визасиз бориб, 60 кун давомида туриши мумкин, лекин улар 3 кун ичида қайддан ўтиши лозим.

Амалда мумкин эмас

Гулмира Бўрибоеванинг Озодликка айтишича, икки давлат ўртасида келишув мавжудлигига қарамай, Ўзбекистон Қирғизистон билан борди-келдиларга бир томонлама чеклов жорий этган.

- Фуқароларимиз (Қирғизистон фуқаролари – таҳр.) Ўзбекистонга истаган вақтида бора олмайди. Дафн маросимига ёки баъзан тўйга, агар қўлида телеграмма бўлса, киритилади. Телеграммани маҳалла қўмитаси тасдиқлаши лозим, деди Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати матбуот котиби.

Шуни айтиш керакки, қирғизистонликлар ҳам ўзбекистонлик қариндошини чақириш учун телеграмма жўнатиши керак.

Гулмира Бўрибоева бу гапни тасдиқлади. Лекин унинг айтишича, "бундай телеграмма Қирғизистон чегарачисига эмас, балки Ўзбекистон чеграчисига кўрсатиш учун керак".

Шаҳрихонлик нега Ўшдан опасини чақира олмади?

Мақолани тайёрлаш жараёнида туғишган опаси Ўшда яшайдиган шаҳрихонлик (Андижон вилояти) бир амаки билан гаплашдим.

У яқинда ўз уйида бир маърака (худойи, эҳсон) ўтказмоқчи бўлгани;

маъракага йиллардан буён кўролмаётгани – Ўшдаги опасини чақирмоқчи бўлгани;

тартибни билгани учун маҳалла оқсоқолидан “фалончи тўй қилаяпти”, деган мазмунда маълумотнома ёзиб беришини сўраганини;

маҳалла оқсоқоли чиндан ҳам тўйга тайёргарлик бор-йўқлигини билиб келсин учун амакининг уйига милиция ходимини юборганини;

милиция ходими келиб тўйга тайёргарлик аломатларини топа олмагани (амаки чиндан ҳам тўй эмас, маърака ўтказмоқчи эди);

натижада маҳалла оқсоқоли маълумотнома беришдан бош тортгани;

ва Ўшга телеграмма жўнатолмагани, йиллардан буён кўролмаётгани – Ўшдаги опасини чақиролмагани тўғрисида айтиб берди.

Ўзбекистон учун ўшлик ўзбек ўгай, Россиялик- ўз

Қирғизистонликлардан маҳалла қўмитаси тасдиқлаган телеграмма талаб қиладиган Ўзбекистон маъмурлари чегарадан, масалан, Ўш билан Андижон ўртасидаги “Дўстлик” масканидан паспорти Россияники бўлган одамни чекловсиз ўтказаверади.

“Темир панжара” ортида қоладиган этник ўзбеклар

Агар Ўзбекистон ўз чегараларидаги мавжуд 14 та (13+Тошкент аэропорти) халқаро назорат-ўтказиш пунктини 9 тага туширса ва уларни жиҳозлаш учун 20 млн. доллар атрофида маблағ сарфласа, Ўзбекистондан ташқарида яшайдиган этник ўзбеклар “темир панжара” ортида қолишини, Ўзбекистонда яшайдиган жигарлари билан кўришишдан умидини узоқ йилларга узиб қўйишини тахмин қилиш қийин эмас.

XS
SM
MD
LG