Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:28

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов устидан иш очилди


Ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов
Ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов

Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими ўзбекистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновга нисбатан маъмурий иш очди. Дмитрийнинг Озодликка айтишича, мазкур иш унинг пахта мавсумида мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш уринишлари билан боғлиқ. Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда, ҳуқуқ фаолига маъмурий иш очилганини билдирди. Ҳуқуқ фаоли ўтган ойда пахтага олиб кетилаётган ангренликлар колоннасини суратга олаётган пайтда милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, ички ишлар бўлимида таҳқирланган эди. Дмитрий Тихоновнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъқиби, гап Жаҳон банкининг лойиҳа майдони бўлган Бўка туманига минглаб одам мажбуран пахтага олиб чиқилгани ҳақида кетаётгани билан боғлиқ.


Ҳуқуқ фаоли ва журналист Дмитрий Тихонов ўзига нисбатан Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилаётгани боис бир неча кундан бери уйига қайта олмаётганини айтади.

Дмтирий ўзига нисбатан Ангрен милицияси иш очгани тўғрисида 20 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда маълум қилди. Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъқиби жорий йил пахта мавсумида мажбурий меҳнат муаммосини мониторинг қилгани билан боғлиқ.

- 19 сентябрь, шанба куни Ангрен шаҳар ҳокимлиги олдида Бўка туманига олиб кетилаётган пахтакорлар колоннасини суратга олаётган эдим. Пахтага олиб кетилаётганлар орасида ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари билан маҳалла қўмиталари вакиллари бор эди. Мен расмга олиб у ердан кетаётган пайтимда маҳалла қўмиталарининг бир неча раиси ёнимга келиб, “нега бизни расмга оляпсиз, нима сабабдан пахта ҳақида сўраяпсиз, пахта ватанимизнинг бойлиги, расмга олишнинг ўрнига бориб пахта терсангиз бўлмайдими”, дея бақириб кетишди. Шу билан мен кетдим ва гап шу ерда тугади, деб ўйлаган эди. Лекин эртасига, 20 сентярь куни у ерга яна мониторинг қилиш учун борганимда, бу аёллар устимдан милицияга арз қилгани маълум бўлди, чунки у ерда Ангрен ички ишлар бўлими жиноят қидирув ходимлари турган экан. Пахта колоннаси жўнаб кетиши биланоқ улар мени Ангрен ички ишлар бўлимига олиб кетишди. Мени у ерда 4 соатча ушлаб ўтиришди. Орада ички ишлар бўлими бошлиқ ўринбосарларидан бири хонага кириб, менга бақира кетди ва стол устидаги қоғозлар солинган папка билан бошимга бир икки марта тушурди,- дейди Дмитрий Тихонов.

Ҳуқуқ фаоли ўша воқеадан кейин, 30 сентябрь куни фуқаролик кийимидаги бир гуруҳ одам уни кузатиб юрганини айтади:

- Мен бир неча соат давомида шаҳарда юрдим, улар битта машинада қаерга борсам орқамдан кузатиб юришди. Мен Тошкентдаги адвокатимга қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани гапириб бердим. Кейин Тошкентга кетдим, улар мени 100 километр узоқликдаги Тошкентгача кузатиб боришди. Мен журналист ҳамкасбларимдан мени кутиб олиб, орқамдан кузатаётган машинани расмга олишни илтимос қилдим. Адвокатнинг уйига борганимда, журналистлар мени кутиб олишди. Менинг орқамдан яна битта машина кузатаётганини кўриб қолдик. Ўша куни орқамдан камида беш киши, камида иккита машинада кузатгани маълум бўлди. Уларни расмга ола бошлашимиз биланоқ қочиб қолишди,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича, расмийларнинг унга нисбатан тазйиқни кучайтиргани сабаби, у мониторинг қилган жараён жорий йилги пахта мавсумида ангренлик камида 12 минг одамнинг мажбурий тарзда Бўка туманига олиб чиқилгани билан боғлиқдир. Бўка тумани эса, Жаҳон банки ажратган кредит ҳисобидан тадбиқ этилаётган лойиҳа майдонларидан биридир.

Шу ой бошида Жаҳон банки ўз лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланадиган тақдирда Ўзбекистон ҳукуматига қишлоқ хўжалиги лойиҳалари учун ажратилган 500 миллион АҚШ долларига тенг молиявий ёрдамни тўхтатишини билдирган эди.

Ўтган ҳафта Дмитрийнинг адвокати Полина Браудерг ҳуқуқ фаолига нисбатан тазйиқ ўтказилгани тафсилотларини ўрганиш учун Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимига борганида, унга нисбатан иш очилганини маълум қилишган. Лекин бу иш маъмурийми, ё жиноийми аниқлаштиришмаган.

Адвокатга берилган маълумотда Дмитрий Тихонов 20 сентябрь куни милиция бўлимига олиб келинишига уч нафар фуқародан тушган шикоят аризаси сабаб бўлгани айтилади
Адвокатга берилган маълумотда Дмитрий Тихонов 20 сентябрь куни милиция бўлимига олиб келинишига уч нафар фуқародан тушган шикоят аризаси сабаб бўлгани айтилади

Ички ишлар бўлими ходимлари адвокатнинг қўлига Дмитрий Тихоновга нисбатан жисмоний босим ўтказилмагани, унинг 20 сентябрь куни милиция бўлимига олиб келинишига уч нафар фуқародан тушган шикоят аризаси сабаб бўлгани тўғрисидаги ёзма маълумотнома беришган.

Адвокат 20 октябрь куни ҳам Ангрен ички ишлар бўлимига бориб, Дмитрий Тихоновга нисбатан маъмурий иш очилганини аниқлади. Озодлик билан суҳбатда Полина Браудер ўз мижозига қарши очилган иш материаллари билан танишиш имкони берилмаганини айтади.

- Мен Тихоновга нисбатан очилган маъмурий иш материаллари билан танишиш учун участка нозири кабинетига келдим. Тегишли ордерни тақдим этдим. Лекин у менга материалларни кўрсатмади, кўчирма олишга рухсат бермади. У фақатгина ички ишлар бўлими бошлиғи рухсати билан материалларни кўрсатишини таъкидлади,- дейди адвокат.

Полина Браудернинг айтишича, қонунга биноан маъмурий иш бир ой ичида судга топширилиши лозим. Яъни бу иш 20 сентябрда очилгани инобатга олинса, Дмитрий Тихонов устидан суд энг кечи билан бугун 20 октябрда ўтказилиши керак.

- Эртага уни жавобгарликка тортиб бўлмайди. Чунки бир ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлади. Бугун охирги кун,- дейди адвокат Полина Браудер.

Озодлик Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Шаҳобхонов билан боғланиб, Дмитрий Тихонов устидан очилган маъмурий иш борасида изоҳ беришни сўради. Лекин подполковник Шаҳобхонов изоҳ беришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG