Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

Муҳиддин Кабирийнинг ўғли исённи молиялаштирганликда айбланмоқда


ТИУП лидери Муҳиддин Кабирийнинг ўғли Руҳуллоҳ Тиллозода.
ТИУП лидери Муҳиддин Кабирийнинг ўғли Руҳуллоҳ Тиллозода.

Тожик расмийлари мамлакатда тақиқланган Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирийнинг катта ўғли Руҳуллоҳни исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзодага 1 миллион 200 минг доллар берганликда айблаяптилар.

Бу айблов 26 октябрь оқшомида Тожикистон давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган теледастурда янгради.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари айбловига кўра, исёнчи генералга пул берган Руҳуллоҳ Тиллозода Кабирий гўё ўша пайтда Туркияда юрган отасининг топшириғини бажарган.

Тожик расмийлари иддаосича, бу маблағ генерал Назарзоданинг Ваҳдатдаги милиция бўлими биноси ва Душанбедаги милиция масканига қуролли ҳужум уюштириши учун мўлжалланганди.

Озодлик радиоси тожик хизмати маълумотига кўра, Руҳулло Тиллозоданинг ўзи Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбарияти ҳибсг олинганидан бир неча кун ўтгач, Душанбени тарк этган ва хориждаги отасининг ёнига йўл олган.

Душанба куни намойиш қилинган дастурда Муҳиддин Кабирийнинг қариндошлари Жамшед Нарзуллоев, Маҳмадали Раҳматуллоев ва ТИУП лидерининг ҳайдовчиси Ҳикматулло Сайфов 1,2 миллион доллар маблағ собиқ мудофаа вазири ўринбосари Назарзодага (Ҳожи Ҳалимга) топширилиш жараёни ҳақида гапирганлар.

Жамшед Нарзуллоевга кўра, Руҳуллоҳ Тиллозода унга гўё: “Назарзодага етказиш зарур” деб, 400 минг доллар нақд пул тайёрлаб қўйишни айтган, қолган 800 минг долларни эса ўз сейфидан чиқариб берган. Ҳайдовчи Сайфов эса Руҳуллони Назарзодани нон комбинати яқинидаги уйига элтиб қўйгани, пул генералга ўша ерда топширилганини айтган.

Дастур якунида ҳуқуқ-тартибот идоралари генерал Назарзоданинг шу йил 4 сентябридаги исёни Тожикистон Ислом уйғониш партияси томонидан режаланган тадбир натижаси бўлгани ҳақида хулоса берганлар.

Шу йил 4 сентябрида тожик расмийлари Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида милиция хизматчиларига қарши қуролли ҳужум уюштирилгани, у ерда Ички ишлар вазирлигининг 9 ходими ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилгандилар. Бу воқеадан сўнг бошланган амалиёт 16 сентябргача давом этган.

Исённи уюштиришда Тожикистон Ислом уйғониш партиясини айблаган расмийлар ТИУП вакилларининг мақсади мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш бўлганини билдирганлар.

6 октябрь куни Тожикистон Бош прокуратураси партиянинг 23 нафар аъзоси ҳибсга олингани ҳақида маълумот тарқатганди. Прокуратура хабарида айтилишича, бу одамларга қарши террорчилик, ирқий ва диний адоват қўзғаганлик, маҳаллийчилик билан шуғулланганлик, ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганлик, конституциявий тузумни ағдаришга ва қуролли қўзғолонга чақирганлик моддалари бўйича жиноят иши очилган.

Шу йил март ойида ўтказилмиш парламент сайловидан кейин Тожикистонни тарк этган Муҳиддин Кабирий ўзи ва партиядошларига қўйилаётган барча айбловларни қатъиян рад этмоқда. Кабирийга кўра, буларнинг ҳаммаси Тожикистонда Ислом уйғониш партиясини ёпиш учунгина қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Олий суди шу йилнинг 29 сентябрь куни Тожикистон Ислом уйғониш партиясини террор ташкилоти деб эълон қилиб, бу партия фаолиятини мамлакат ҳудудида тақиқлаб қўйганди.

XS
SM
MD
LG