Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:17

Тошкентда бензинга навбат узунлиги километрларга чўзилмоқда


Тошкент шаҳрида бензин яна тақчиллашди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда шаҳардаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бир неча километрга узайган турнақатор автомобиллар навбати вужудга келганини кўриш мумкин. Бу эса кўчаларда тирбандликларга ҳам сабаб бўлган.

4 ноябрь куни Тошкентдаги аксар ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин учун навбат бир неча юз метрга, айримларида бир неча километрга чўзилган.

Куннинг ярмига келиб Тошкентдаги аксар АЁҚШлар бензин йўқлиги сабаб ёпилган.

- Бензин йўқ, ёпганмиз. Бензин кам бериляпти, етмай қоляпти. Эртага эрталаб келсангиз оларсиз, - деди Тошкентнинг Бошлиқ маҳалласидаги ёнилғи қуйиш шохобчаси ходими.

Тошкентда бензин бўҳрони
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

Ҳайдовчилар эса бензин олиб-сотарлардан ортмаётганини айтишади.

– Эрталаб 10 литрдан берди, шунда ҳам олиб-сотарлар олиб, бошқаларга етмай қоляпти, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Айтилишича, ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбат кутиб турганларнинг кўпчилиги олиб-сотарлар.

"Ўзнефтмаҳсулот" ширкати расмийлари ҳам Ўзбекистонда шу кунларда бензин тақчиллиги юзага келишида керагидан ортиқ бензин харид қилиб, сотишга ҳаракат қилаётган “чайқовчилар”ни айбламоқда.

Исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган ширкат расмийларидан бири мамлакат ёнилғи қуйиш шохобчаларига бензин етарли миқдорда берилаётганини айтди:

- Одамлар бензин қимматлар эмиш, деган миш-мишларга учиб, керагидан ортиқ олиб қўйишяпти, шунинг учун заправкаларда бензин тортилиб қоляпти. Аслида бензин етарлидан ҳам ортиқ бериляпти, - деди "Ўзнефтмаҳсулот" ширкати расмийси.

Шу кунларда пойтахт Тошкентда 2050 сўм бўлиши керак бўлган 91-бензининиг нархи 3700 сўмга чиқиб кетгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Сўнгги йилларда куз мавсумида Ўзбекистон бўйлаб ёнилғи тақчиллиги юзага келиши одатий ҳолга айланган.

- Ҳар куни шунақа бўляпти, бугунгиси ошиб тушди. Ҳамма заправкаларда километрларга узайган навбат, йўллар тирбанд. UzGazOil дагилар муаммо йўқ, ҳаммага етади, дейди. Лекин, етмаяптику, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Ўзбекистон ўз нефть заҳираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурслари ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг бензинга бўлган эҳтиёжини қондириш учун четдан йилига камида 4 миллион тоннадан ортиқ бензин сотиб олишига тўғри келиши мумкин.

Четдан бензин олиб келиш ҳуқуқи эса фақатгина "Ўзбекнефтмаҳсулот"га берилган. Шахсий ширкатларга бензин савдоси билан шуғулланиш тақиқланган.

XS
SM
MD
LG