Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:44

Яшнобод тумани ОВИР бошлиғи коррупцияда гумон қилиниб ушланди


Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИБ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни рўйхатга олиш бўлими бошлиғи Акмал Исмоилов коррупцияда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Гувоҳларга кўра, Исмоиловни миллий хавфсизлик хизмати ходимлари иш кабинетида қўлига кишан солиб олиб кетишган. Яшнобод ОВИРи бошлиғининг қамоққа олиниши сўнгги ойларда пойтахтда амалга оширилган оммавий ҳибслар билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Узоқ йил Яшнобод тумани ОВИР - ИИБ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни рўйхатга олиш бўлимига раҳбарлик қилиб келган Акмал Исмоилов мавжуд қонунчиликка зид равишда фуқароларни моддий манфаат эвазига Тошкент пропискаси билан таъминлаганликда айбланмоқда.

Яшнобод тумани ИИБ ОВИРнинг Озодлик боғланган мулозимларидан бири Исмоиловнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Ҳозир унинг ўрнига майор Жасур Мамадалиев вақтинча бошлиқ этиб тайинланган, - деди Яшнобод тумани ОВИРи расмийси.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин Uzmetronom Интернет газетаси хабарига кўра, бу мулозимнинг қамоққа олиниши сўнгги ҳафталарда пойтахтда амалга оширилган оммавий ҳибслар билан боғлиқ.

Тошкентда диний-экстремист ташкилотларига алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинганлар орасида муайян пора эвазига яқиндагина пойтахт пропискасини олганлари ҳам бўлган.

“Паспорт столи бошлиқлари моддий манфаат эвазига қонунчиликни бузгани тушунарли хол. Шундай экан иш судга ошса, уларни террорчиларга ёрдам беришда эмас, балки порахўрлик ва товламачиликда айблашлари эҳтимоли кўпроқ”, деб ёзди Uzmetronom.

Таъкидлаш жоиз, фуқароларнинг Тошкентда доимий ва вақтинчалик рўйхатдан ўтиши ўтган ойдан тўхтатилган. Айни вақтда Тошкентда фуқароларни пропискасини текшириш кучайган.

Пойтахтда пропискаси бўлмаган ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмай ишлаб юрган фуқаролар милиция томонидан ушланиб, сўроқ қилинмоқда. Уларнинг диний оқимларга аъзолиги ёки эмаслиги текширилмоқда.

Шунингдек, намозхонлар ҳамда узоқ ва яқин хориждан қайтиб келган фуқаролар милицияга чақирилиб, суҳбатдан ўтказилмоқда.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг айтишича, пропискасиз пойтахтда яшаётганлар ва чет давлатларда бўлиб қайтган фуқаролар террорчи ташкилотлар билан алоқада бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун милиция бўлимларида давомли сўроқ қилинмоқда, чет давлатларда кимлар билан учрашгани ҳақда номма-ном сўралмоқда.

- Россия, Туркия ва ғарб давлатларидан келганлар маҳаллий милиция бўлимларига чақиртирилиб, сўроқ қилинмоқда. “Қаерда бўлдинг, ким билан учрашдинг?” ва ҳоказо, саволлар берилади ва қўйиб юборилади. Айримлари ҳибсда ушлаб қолинади, - дейди Сурат Икромов.

Кузатувчилар, жумладан Сурат Икромов ҳам собиқ совет давридан сақланиб қолган прописка тартиби мамлакат худудида фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатловчи мамлакат Конституциясига зид эканини айтишади.

Прописка тартиби амалда милиция учун катта даромад манбайи экани ҳам айтилади.

- Жуда кўп ОВИР бошлиқлари пора билан тушган ва ҳибсга олинган. Пропискани тезлаштириб бериш ёки чиқиш визаси билан боғлиқ порахўрликлар авж олган. Ҳозир терроризм бўйича кетаётган рейдлар оқибатида кўпчилиги фош бўлиши мумкин, - дейди Сурат Икромов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ироқ ва Суриядаги "Исломий давлат" Ўзбекистонга таҳдид эканини айтган.

Шу кунларда пойтахт Тошкент ва вилоятлардаги рейдлар ана шу таҳдидни бартараф этиш мақсадида олиб борилаётгани айтилмоқда.

Ҳозирга қадар биргина Тошкент шаҳри ва вилоятида исломий экстремист гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб 160дан зиёд одам ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG