Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:32

Президент девонини пикет қилмоқчи бўлган шикоятчиларни милиция ушлади


Жамшид Шомуродов(чапда) ва Баҳодир Саримсоқов.
Жамшид Шомуродов(чапда) ва Баҳодир Саримсоқов.

Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг Пайариқ туманидан президент девонини пикет қилиш учун пойтахтга келган шикоятчиларни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман милицияси ушлаб, ички ишлар бўлимига олиб кетди. Шикоятчилар билан ўтказилган махсус суҳбатдан сўнг улар қўйиб юборилди.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қиладиган 45 ёшли Жамшид Шомуродов ва пайариқлик 56 ёшли Баҳодир Саримсоқов 25 ноябрь куни президент девонини пикет қилиш учун Тошкентга келди.

Баҳодир Саримсоқовнинг айтишича, тошкентлик инсон ҳуқуқи фаоли Елена Урлаева пикетга рухсат сўраб расмийларга қўнғироқ қилганидан сўнг, унинг уйини 20 нафар милиция ходими босган:

Шикоятчилар милиция бўлимига олиб кетилмоқда
Шикоятчилар милиция бўлимига олиб кетилмоқда

- Биз Тошкентга адолат излаб бордик. Иложи бўлса Каримовга кирмоқчи эдим. Бир дўстим бор эди, у Елена Урлаева билан учраштирди. Елена опа Каримовнинг олдига ҳеч ким киролмаслигини айтганидан сўнг, девонни пикет қилишга қарор қилдик. Елена опа бу ҳақда ҳокимият ва милицияни расман огоҳлантирди. Ҳали плакатларни ёзиб бўлмасимиздан, 20 нафарга яқин милиция ходими уйга бостириб келишди. Мени ва Жамшид Шомуродовни зўрлик билан Улуғбек тумани ички ишлар бўлимига олиб кетишди, деди Баҳодир Саримсоқов.

Шикоятчига кўра, улар ички ишлар бўлимида уч соат ушлаб турилганидан сўнг қўйиб юборилган:

- Мен милицияга ҳам адолат излаб келганимни айтдим. Маҳалламиздаги газнинг узиб ташланганига 7 йил бўлган бўлса ҳам, йўқ ердан мени 2 миллион сўм қарздор қилиб қўйишганини, суд ижрочилари мол-мулкимни мусодара қилмоқчи бўлишаётганини, лекин ҳеч қаердан ҳақиқат тополмаётганимни айтдим. Улар ҳамма маълумотларни ёзгач, қўйиб юборишди. Аризаларингни тегишли идораларга етказамиз, фақат пикет қилманглар деб, жавоб беришди, деди Баҳодир Саримсоқов.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қиладиган Жамшид Шомуродов эса милиция майорининг товламачилиги устидан қилган шикоятлари маҳаллий идоралар томонидан рад қилинавергач, адолат излаб президент девонига келганини айтади:

- Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг собиқ терговчиси товламачилик билан бизни роса туширган. У бизга сотган дўконининг ҳужжатларини сохталаштириб, яна қайтариб бошқага сотган. Лекин суд, милиция ва прокуратура каби идораларда унинг яқин қариндошлари ишлаётгани боис, арзимиз шу ерда қолиб кетаяпти. Шунинг учун Тошкентга келган эдим. Мирзо Улуғбек тумани милиция ходимлари бизни ушлаб келгандан сўнг, арзимизни юқори идораларга ўзлари етказишини айтди, деди Жамшид Шомуродов.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ва адолат истаб келган фуқароларнинг президент девонини пикет қилиш ҳолатлари кузатилиб туради.

Бироқ бу пикетлар узоқ давом этмайди. Аксарият ҳолларда пикетчилар плакатларини ёйиши билан милиция ходимлари уларни ушлаб, ички ишлар бўлимларига олиб кетишади.

XS
SM
MD
LG