Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

21 йил қамоқда ўтирган собиқ сиёсий маҳбусга паспорт берилмаяпти


Мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолган сиёсий тутқун ўтган ой АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Ўзбекистонга ташрифи ортидан озодликка чиқарилди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолган сиёсий тутқун ўтган ой АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Ўзбекистонга ташрифи ортидан озодликка чиқарилди.

21 йил қамоқда сақланган ва ўтган ойда озодликка чиқарилган собиқ сиёсий маҳбус Мурод Жўраевга фуқаролик паспорти берилмаяпти. Бу ҳақда Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти бонг урди. "Узоқ йиллик тутқунликда орттирган касалликларидан даволаниши учун собиқ маҳбусга зудликда паспорт зарур", демоқда ташкилот.

Ёши 63 га чиққан Мурод Жўраевга паспорт берилмаётганини Озодлик боғланган унинг яқинлари тасдиқлади.

- Бир неча марта паспорт столига бордилар, лекин ололмаяпти. Чўзиляпти. Паспортсиз поездга билет ҳам олиб бўлмайди, яшаш жойида қайддан ҳам ўтказишмайди. Шусиз ҳеч бир касалхона қабул қилмайди, - деди Озодликка гапирган Мурод Жўраевнинг ўғилларидан бири.

Собиқ маҳбуснинг ўзи билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Жўраев қамоқдан чиқарилганида унга журналистларга гапирмаслик шарти қўйилгани айтилади.

Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг Озодликка айтишича, 63 ёшли Мурод Жўраев қамоқхонада орттирган сил ҳамда буйрак етишмовчилиги касалликларидан зудликда даволаниши зарур.

– 21 йил қамоқда ўтириб чиққан одамга навбатсиз паспорт берилиши керак. Ўзбекистонда паспорт шахсини аниқловчи ҳужжат саналади. Ҳозир Мурод Жўраевга даволаниши учун зудликда шу ҳужжат зарур. Лекин, берилмаяпти. Мурод Жўраев қамоқхонада даволаниш имконига эга бўлмади, энди озодликка чиққанидан сўнг даволаниши учун яна муаммоларга дуч келмоқда, - дейди Надежа Отаева.

Мурод Жўраев 1994 йилда ҳокимиятни ноқонуний босиб олишга уринишда айбланиб, қамоққа олинган эди. Жўраевга ўшанда 12 йиллик қамоқ белгиланган эди.

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати тўрт марта узайтирилди.

- Қамоқда Мурод Жўраев сил касаллигини орттирди. Бундан ташқари, қаттиқ совуқда қийноққа солинганида буйраги шамоллаган. Қамоқ даврида Жўраевни тишлари тўкилиб бўлди. Паспорт берилмаётгани Мурод Жўраевнинг ҳаётини хавф остига қўйган ва шу ҳужжатсиз собиқ маҳбус фундаментал ҳуқуқларидан махрум қолмоқда, - дейди Надежда Отаева.

Мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолган сиёсий тутқун ўтган ой АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Ўзбекистонга ташрифи ортидан озодликка чиқарилган эди.

1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Ўша йилларда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган эди.

Мурод Жўраев 1990- йиллар бошида Ўзбекистон парламенти депутати ҳам бўлган.

XS
SM
MD
LG