Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:20

Тошкент маҳаллаларида кузатув камераларини аҳолининг пулига ўрнатмоқчилар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги келаси йил ичида пойтахтнинг барча турар-жой мавзелари ва маҳаллаларида видеокузатув камераларини ўрнатишни режаламоқда. Ҳокимлик расмийлари “аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва турли жиноий унсурлар ҳаракатига чек қўйиш” мақсадида бу ишга қўл ураётганликларини айтишмоқда.

Тошкентнинг Учтепа тумани Зулфизар маҳалласи фаолларидан бири кузатув камераларини ўрнатиш жараёни аллақачон бошланганини айтади.

- Бизнинг маҳаллага кираверишда учта жойда ўрнатишар экан. Кеча келиб кўриб кетишди. Ҳисоб-китоб қилишди. Шу нарса керак-да. Ҳар-хил одам келади маҳаллага, ҳар-хил машиналар келади. Энди ҳаммаси кузатувда бўлади, - дейди тошкентлик маҳалла фаоли.

Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-эксплуатацион бирлашмасининг Озодлик боғланган расмийларидан бири ҳозирда шаҳарда кузатув камералари ўрнатиладиган нуқталар белгилаб чиқилаётганини тасдиқлади.

- Асосан кўпқаватли турар-жой биноларининг кириш-чиқиш ҳудудлари, маҳалла ва мавзеларнинг йўл ва йўлакларида камералар ўрнатилади. Шу видео-кузатув мосламалари участка нозирлари хизмат хоналаридаги мониторга уланган бўлади. Камера қайд этган ҳар бир жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолати, шубҳали ҳолатларни тегишли органларига тақдим этиш шу участка нозирлари зиммасида бўлади, - деди Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-эксплуатацион бирлашмаси расмийси.

Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда кузатув камераларини ўрнатиш учун зарур жиҳозлар сотиб олиш ва уларни ўрнатиш бўйича барча ишлар бюджет ҳисобидан амалга оширилиши, кейин эса сарфланган пул аҳолидан йиғиб олиниши айтди.

- Бошқарув сервис компаниялари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан ҳар бир хонадон билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади бу. Видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш билан шуғулланадиган махсус ташкилотлар ўрнатиб беради. Бунинг пулини ўша ердаги хонадон эгалари ва шу ерда жойлашган ширкатлардан ундириб олинади, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийси.

Кўпчилик тошкентликлар кузатув камералари улар ҳисобидан ўрнатилишидан норози эканликларини айтишади.

- Хавфсизлик учун давлат масъул ва давлат ҳисобидан бўлиши керак бу, - дейди Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи Абдураззоқ ака.

Хавфсизликни таъминловчи кучлари ноябрь бошидан буён казарма ҳолатида бўлган Тошкентда Парижда амалга оширилган террористик ҳужумлардан сўнг назорат янада кучайтирилгани кузатиляпти.

3 ноябрдан бошлаб Тошкентдаги барча хавфсизлик кучлари - милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкентдаги ҳарбий гарнизон - кучайтирилган ҳолат (казарма ҳолати)га келтирилгани айтилади.

Тошкентда кузатув камералари шаҳарнинг кўпгина шоҳ кўчалари, маъмурий бинолари ва автобус бекатларида мавжуд.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, жиноятларни очишда кузатув камералар қўл келаётганини айтишмоқда.

Вазирликка кўра, ўтган бир йил ичида очилган жиноятларнинг 22 фоизга яқини кузатув камералари тасвирларини ўрганиш орқали фош этилган.

XS
SM
MD
LG