Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:28

Россия чиқариб юборган ўзбекни Ўзбекистон қабул қилмади


Одам ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказгани учун Сибирда жазо ўтаган ва Россиядан чиқариб юборилган фуқаросини Ўзбекистон қабул қилмади.

Бу ҳақда mediakuzbass.ru сайти Россия Федерал миграция хизматининг Кемерево область бошқармасидан олинган маълумотга таяниб хабар қилди.

Тилга олинган бошқарма расмий вакили Евгений Невзоровга кўра, ўзбекистонлик Кузбассда жазо ўтаган ва жорий йил августида озодликка чиққан.

Мазкур шахснинг 2023 йил августигача Россия Федерацияси ҳудудида қолиши номақбул эканлиги тўғрисида Адлия вазирлиги қарор чиқарган ва уни Ўзбекистонга депортация қилмоқчи бўлганлар.

Шу мақсадда Ўзбекистон консулхонасига тегишли ҳужжатлар юборилган, лекин Ўзбекистон ҳокимияти вакиллари депортация қилинажак шахснинг фуқаролиги йўқлиги тўғрисида баёнот бериб, уни қабул қилишдан бош тортган.

Шу муносабат билан миграция хизмати шахсга нисбатан реадмиссия чорасини қўллаган, яъни уни Россияга қайси давлат ҳудудидан кириб келган бўлса, ўша давлат ҳудудига чиқариб юборган.

mediakuzbass.ru сайтининг ўз манбаси айтганларига таяниб ёзишича, бу жорий йилдаги учинчи реадмиссия ҳолати бўлиб, давлатнинг депортантни ўз фуқароси сифатида қабул қилмагани - биринчи ҳолатдир.

mediakuzbass.ru реадмиссия қилинган ўзбекнинг исм-фамилияси ва унинг шахсига оид бошқа маълумотларни келтирмади.

Хабар матнини ўқиш давомида пайдо бўлган бошқа саволларга (масалан, нима учун Адлия вазирлиги ўзбекистонликнинг 2023 йилгача Россияда қолиши номақбул эканлиги тўғрисида қарор чиқарган? Нима учун айнан 2023 гача?) ҳам жавоб йўқ.

Озодлик мавзуга қайтиб, ўз саволларига жавоб топишга ҳаракат қилади.

Жорий йил августида Ўзбекистонда “жамият ва давлат манфаатларига сезиларли зиён етказган” шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиш имконини берадиган қонун кучга кирган.

Бундай имкониятни яратадиган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга тузатиш ва ўзгартишлар киритишга оид қонунни мамлакат президенти Ислом Каримов 10 август куни имзолаган.

Мазкур қонун 29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 6 август куни Сенат томонидан маъқулланган.

Ҳужжатга мувофиқ, агар ўзбекистонлик бирор шахс бошқа давлат фойдасига ишлаш ёки осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, фуқаролигидан айрилиши мумкин.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, уруш, тажовузкорликни ташвиқ қилиш, уруш қонунлари ва одатларини бузиш, геноцид, чет давлатларда ҳарбий хизматга ёлланиш, хорижий давлатда хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий юстиция ва бошқа шу каби идораларга ишга кириш, террорчилик, миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғаш кабилар осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бўлиб ҳисобланади.

Қонун2015 йил 11 августидан кучга кирган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, мазкур қонун шахснинг фундаментал ҳуқуқларидан бирининг қўпол тарзда бузадиган ҳужжатдир.

XS
SM
MD
LG