Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:06

Ўзбекистон қўшни давлатларнинг юк вагонларига эшигини ёпди


"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати бегона юк вагонлари - ёпиқ, музлатгич ва термос вагонларнинг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлади. Хабарларга кўра, тақиқ номаълум муддатга - бекор қилингунича жорий этилган, аммо сабаблар очиқланмаган. МДҲ Темир йўллари кенгашидан олинган маълумотга кўра, ҳамдўстлик давлатлари аро савдо-сотиқ, олди-берди сустлашгани боис, Ўзбекистоннинг ўзида юк вагонлари йиғилиб қолган, қўшниларининг вагонларига эса эҳтиёж йўқ.

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик жамияти 28 январдан бошлаб, мамлакатга юк вагонлари киритилишини тўхтатиб қўйгани сабабларини очиқламаётир.

Озодлик мухбири ширкатга қилган мурожаатига расмий жавоб ололмади. Аммо, мухбир билан микрофонсиз суҳбатда ширкат ходимларидан бири "бегона вагонларга жой ҳам йўқ, юк ҳам йўқ", дея қисқагина жавоб берди.

Ўзбекистон томони тақиқидан қўшни давлатлар темир йўлларини огоҳлантирган МДҲ давлатлари Темир йўллари кенгаши ҳам Ўзбекистон томонидан олинган хабарга изоҳ ёки сабаб келтирмади.

Аммо, Россия темир йўллари тузилмасида ишлайдиган ва исмини очиқламаган мулозим ўзбекистонлик ҳамкасби норасмий тарзда келтирган сабабни қарийб тўлиқ тасдиқлади:

"Улар ўз вагонларини қаерга қўйишни билмаяпти ҳозир. Ҳамма жойда кризис, вагон-вагон юклар жўнатилмай ётибди баъзи жойларда. Қўшниларнинг вагонларини нима қилади улар?! Ҳозир бунақа тақиқлар ҳар ойда камида 3-4 марта содир бўлаяпти МДҲ бўйлаб. Ўтган йили эса юзлаб бўлган. Бу темир йўллар ҳаётидаги оддий ҳодисага айланиб бўлди кейинги йилларда", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган россиялик темирйўлчи.

Ўтган йили ҳам айни шу вақтда Ўзбекистон "Ўзбекистон темир йўллари"га қарашли бўлмаган бўш юк ташувчи, асосан, дон ташувчи вагонларнинг Қозоғистон йўналиши бўйлаб кириш-чиқишини қисқа муддатга тақиқлаб қўйган эди. Аммо, "Қозоғистон темир йўллари"га қарашли вагонлар бундан мустасно қилинган.

МДҲ давлатлари ўртасидаги келишувга биноан, алоҳида мамлакатлар бир томонлама тартибда конвенцион тақиқни жорий этиши мумкин. Бу қарор МДҲ Темир йўллари кенгаши томонидан ҳеч бир суриштирувсиз қабул қилинади ва қўшнилар бундан расмий тартибда огоҳлантирилади.

Одатда, бундай тақиқлар баҳсларга ҳам сабаб бўлади. Бу механизм воситасида битта давлат темир йўл ширкати ёки бирор давлат темир йўллари узра назоратни қўлига олган битта хусусий ширкат ўз манфаатини кўзлаётганидан норозилик билдирилади.

Мисол учун, шу йилнинг 5-15 январь кунлари Қозоғистон бошқа давлатларга тегишли дон ташувчи вагонларнинг кириш-чиқишини тақиқлаб қўйди. Ўшанда МДҲдаги бошқа темир йўллари операторлари бу тақиқ воситасида Қозоғистон темир йўлларидаги алоҳида шахслар Белорус ва Латвияга тегишли бўлган "қиммат юк ташувчи вагонлар" хизматидан фойдаланиш орқали пул ишламоқда, деган иддаоларни тилга олдилар.

Хусусан, Марказий Осиё бўйича темир йўллари операторлиги хизматини кўрсатиб келаётган "Технотранс" хусусий ширкати Евроосиё иқтисодий комиссиясига мурожаат қилди ва ўшанда рақобат қоидалари бузилган, деган асос билан суриштирув бошланди.

28 январь куни комиссия Қозоғистон темир йўлларига бундай тақиқни жорий этгани сабабларини тушунтирувчи ва суриштирув учун зарур бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун 15 февралгача муддат берди.

МДҲ давлатлари доирасида ҳамдўстлик доирасидаги темир йўллар ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган ва бу тартиб бузилган тақдирда Евроосиё иқтисодий комиссияси айбдор давлатга нисбатан катта миқдорда жарима солиши ёки бошқа турдаги жазоларни қўллаши мумкин.

XS
SM
MD
LG