Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:47

Ўзбек тадбиркори фақат адвокат иштирокида жазоланадиган бўлди


Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқа беш идора билан ҳамкорликда тасдиқлаган Низомда қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда адвокатларнинг сўзсиз иштирокини таъминлаш тартиби белгилаб қўйилди.

Ҳужжатни Адлия вазирлиги Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тасдиқлаган ва у 28 январда Адлия вазирлигида қайддан ўтказилган.

Ҳужжат мағзи

Низом мазмуни тўғрисида маълумот берган norma.uz сайтига кўра, янги жорий этилаётган тартибга биноан тергов органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширилиши учун жиноят иши очилган бўлиши лозим.

Текширув эса, тадбиркорлик фаолиятининг фақат очилган жиноят иши қамровидаги қисми бўйича ўтказилади ва бу текширув ўтказиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилиши лозим.

norma.uz ўз материалида текширув ўтказадиган комиссия нималарга эътибор бериши, қандай қоғозларни тўлдириши тўғрисида янги ҳужжатга таяниб маълумот берган.

Асосий гап

Меъёрий ҳужжатнинг мана бу жиҳати айниқса эътиборлидир:

Агар тадбиркорлик субъекти текширув жараёнида адвокат иштирок этишини истаса, текширувни бошлаш адвокат етиб келгунича бошланмай туради. Бироқ бу муддат 24 соатдан ортмайди. Шу муддат ичида адвокат етиб келмаса, текширув адвокатсиз бошланади.

Тадбиркорлик субъекти жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи бўлса, улар адвокат билан Жиноят-процессуал кодексга биноан таъминланади.

Сўнгги абзацдаги меъёр – ҳар бир айбланувчи адвокат хизматидан фойдаланишга ҳақлилигига оид меъёр тўғрисида билмаган одам бўлмаса керак.

Бас, шундай экан, 6 та идора ўртасида қабул қилинган Низомнинг янгилиги нимада?

Бу саволни ўзбекистонлик адвокат Гулнора Оқиловага бердик.

- Тўғри, бу меъёрлар Жиноят-процессуал кодексида бор, лекин унда “мажбур”, ёки “бўлиши шарт”, дейилмаган. Тергов ишлари, сўроқ адвокатсиз олиб борилиши мумкин эмас, деб яхшилаб ёзиб қўйилиши керак кодексда, деди адвокат ва қабул қилинган ҳужжатни “яхши иш”, деб баҳолади.

“Яхши иш”, дедию “лекин”и ҳам борлигини писанда қилиб, бундай деди:

- Албатта, бу яхши нарса. Лекин амалда ишласа, яхши нарса. Масала мана шунда. Бизда кўп нарсалар қоғозда бор, амалда йўқ. Тадбиркорми у ёки жиноятчими, оборишганидан кейин адвокатсиз гапирмайман, деб кўрсин – тепиб ташлашади, деди адвокат Гулнора Оқилова.

У янги Низомга ўта кучли скепсис билан ёндошаётганини, унинг ўзбекистонлик тадбиркорга ёрдам беришига шубҳаси катталиги билдирди.

- Ўзбекистонлик тадбиркор банкка қўйган пулини қайтариб ололмайдию сиз яна қаердаги адвокат ҳимояси тўғрисида гапирасиз, деди Гулнора Оқилова.

Тадбиркорлар учун жаннат?

Айни пайтда Ўзбекистондаги жамоатчилик фикрини ўрганиш “Ижтимоий фикр” маркази ўзи ўтказган “Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити – тадбиркорлар нигоҳида” мавзуида сўров натижаларини эълон қилди.

Хабар қилинишича, сўровда иштирок этган тадбиркор ва фермерларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакатда яратилган шароитни ижобий баҳолаган.

“Ижтимоий фикр” фикрича, шароит 2014 йили ҳам ўта зўр эди.

Ўша йили марказ ўтказган cўров иштирокчиларининг 96,2 фоизи “Микрокредитлар жойларда, жумладан, чекка ва қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантиришга керак бўлган бошланғич сармояни шакллантиришга замин яратмоқда”, деб жавоб берган.

Респондентларнинг катта қисми (96,3 фоизи) тижорат банклари ходимлари томонидан пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиш ва унинг ижросини таъминлаш жараёнида мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ортиб бораётганини эътироф этган.

XS
SM
MD
LG