Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:21

Тошкент вилоятида Мудофаа ишлари зобитлари қамалди


Тошкент вилояти Пискент тумани Мудофаа ишлари бўлимининг бошлиғи ва яна уч зобит пора олганликда айбдор деб топилиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу мулозимлар, бир йиллик ҳарбий хизматга юбориш учун ёшлардан ва уларнинг ота-оналаридан мунтазам равишда пора олиб келганликлари айтилади.

Тошкент ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукми билан Пискент тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи майор Содиқ Нишонов 4,5 йилга, ҳарбий чақирув бўлими бошлиғи Ироҳим Қирғизбоев 5,5 йилга, ҳарбий зобитлар Жасур Отамуродов ва Илҳом Омонов 3-2 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Тошкент вилояти Мудофаа ишлари бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг айтишича, бу шахслар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168, 210, 211, 212-моддалари, яъни фирибгарлик, пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилишда айбдор деб топилган:

“Ота-оналарнинг шикояти асосида Миллий хавфсизлик хизмати ўтган йил давомида Пискент тумани мудофаа ишлари бўлимида зимдан кузатув олиб борган. Текширув натижаларига кўра, бўлимда болаларни пора эвазига бир йиллик ҳарбий хизматга олиш билан шуғулланадиган уюшган гуруҳи борлиги аниқланган. Кейин МХХ ходимлари бошлиқни пора олаётган пайтда қўлга олишган. Куни-кеча суд тугади ва пора олишда гумонланувчилар айби тўла тасдиқланди”, деди бошқарма мулозими.

Бир йиллик ҳарбий хизматга боролмаган пискентлик 20 яшар йигитнинг айтишича, конкурс асосида олинадиган бир йиллик ҳарбий хизматга барча кўрсаткичлари тўғри келган бўлсада, уни ҳам олишмаган:

“Мен ҳам бир йиллик ҳарбий хизматга боришга икки йил ҳаракат қилдим. Тиббий кўрикдан аъло ўтдим. Жисмоний кўрсаткичларим ҳам аъло. Охирида жой қолмаган деб хулоса чиқаришди. Икки йил ҳам шундай бўлди. Лекин бўйи мендан паст ва кучсиз бўлган болалар кетди. Ҳамманинг оғзида фақат бир гап: “Пул бермасанг кетолмайсан!”. Агар бу каламушлар қўлга олинган бўлса, зўр иш бўпти. Военкоматнинг янг бошлиқлари энди ҳалол ишлайди, деб умид қиламиз”, деди пискентлик йигит.

Ўзбекистон армиясида муддатли ҳарбий хизматни ўташни хоҳловчилар кўп бўлгани учун ҳарбий чақириқ пайтида таъмагирлик ва порахўрлик авж олиши ҳар йили кузатилади.

Ўзбекистонда ишсизлик ва иш топиш имконларининг чеклангани сабаб кўплаб ёшлар армияга ошиқмоқда.

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизмат 12 ой қилиб белгиланган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қуролли кучлари сафида эллик мингга яқин аскар-зобит хизмат қилади.

Президент фармонига кўра, ҳарбий хизматга чақирув февраль –март ойларида, хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни бўшатиш эса, март-апрель ойларида амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG