Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:27

“Аммофос-Максам”да яна маошлар берилмаяпти. Қарздорлик 5 миллиарддан ошиқ


Ўзбекистондаги энг йирик кимёвий заводлардан бири бўлган “Аммофос-Максам” ишчиларига тўрт ойдан бери маош берилмаяпти. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳарчасида жойлашган корхона “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибига киради ва унда 3200дан ошиқ ишчи ишлайди. Озодликка маълум бўлишича, маошдан қарздорликни камайтириш мақсадида ишчиларга бир марта гуруч тарқатилган. Шунга қарамасдан Ўзбекистон-Испания қўшма корхонасининг маошлардан қарздорлиги 5 миллиард сўмдан ортиқроқни ташкил этмоқда.


“Аммофос-Максам” Ўзбекистон-Испания қўшма корхонаси ўз ишчиларига ўтган йилнинг ноябрь ойи маошларини бергани йўқ. Олмалиқдаги завод ишчиларидан бир гуруҳи Озодликка мурожаат қилиб, корхона раҳбарияти маошлардан қарздорликни узиш бўйича чора кўрмаётганидан арз қилди.

Озодлик билан телефон орқали гаплшган ишчилардан бири, маошларни кечиктириш сўнгги 2 йил ичида сурункали муаммога айланганини айтади.

“Ноябрь ойидан бери ойлик берилмаяпти. Ўзи ноябрь ойигача ҳам бир неча ой бермай келаётган эди. Уч ойлик, тўрт ойлик қилиб берарди. Уни ҳам бўлиб-бўлиб бераётган эди. Ундан кейин умуман бермай қўйди. Раҳбарларга айтсак, пул йўқ, пул тушса, берамиз, дейди. Бир икки марта 10 фоиздан берди, лекин унинг баракаси йўқ”, дейди “Аммофос-Максам” корхонаси ишчиси.

Унинг яна айтишича, завод деярли тўла қувват билан ишламоқда, ишсиз турган цехлар йўқ. Заводда ишлаб чиқариладиган ўғит маҳсулотларининг бозори чаққон, лекин шунга қарамасдан, пулдан дарак йўқ, дейди суҳбатдош.

Пул ўрнига гуруч

51 фоизи “Ўзкимёсаноат” давлат ширкатига, 49 фоизи Испания инвесторларига қарашли қўшма корхонада 3200дан ошиқ одам ишлайди. Корхонада ойлик иш ҳақи 500 мингдан 1,5 миллион сўмгачани ташкил этади. Ўртача ҳисоб-китоб чиқарилганда, корхонанинг маошлардан қарздорлиги 10 миллиард сўмдан ошиқроқни ташкил қилиши мумкин.

“Аммофос-Максам” корхонаси директори Баҳодир Содиқовдан бу ҳолат юзасидан изоҳ олиш уринишларимиз натижа бермади. Лекин корхона маъмурияти вакилларидан бири шахси сир қолиши шарти билан Озодликка вазиятни тушунтирган бўлди.

“Корхонамизнинг маҳсулоти қишлоқ хўжалиги билан боғлиқлигини биласиз. Шу қишлоқ хўжалиги корхоналари аксар ҳолларда биздан олган маҳсулотлар учун пулнинг 30 фоизини ўтказиб, қолганини тўлай олмаяпти. Сўнгги бир неча йилдан бери шу. Ойликларни кредит ҳисобидан бериб келдик. Шу сабабдан ҳозир вазият янада қийинлашди, чунки ҳозир корхона ҳисобига тушган пул биринчи навбатда ўша кредитларни ёпишга кетмоқда. Мана ҳозир директор “Ўзкимёсаноат”га кетди. Ҳозир 600 миллион сўм пул тушган экан, ўшани ойликка берамиз, деб турган эдик, Марказий банки унамаётган экан, аввал кредитни ёпинглар, деб. Вазият шунақа оғир”, дейди “Аммофос-Максам” маъмурияти вакили.

Суҳбатдош ноябрь ойидан бери маошлардан тўпланиб қолган умумий қарздорлик миқдорини аниқ билмаслигини, лекин бу йўқ деганда 5 миллиард сўмдан ортиқроқни ташкил этишини эътироф этди.

“Қарздорлик сиз айтгандек, 10 миллиард бўлмаслиги керак. Чунки бир икки марта ойликларнинг оз қисмини бердик. Ундан ташқари Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги уюшмаси пулини беролмагани учун гуруч берди декабрь ойида. Ўшанда ойликларнинг бир қисмини ишчиларга гуруч тарқатиш ҳисобидан қопладик. Пул йўқлиги учун одамларга гуруч тарқатиш орқали қарздорликни камайтиришга ҳаракат қилдик. Шу охирги маълумотларга кўра, қарздорлик беш миллиарддан ортиқроқ эди, менимча”, дейди “Аммофос-Максам” маъмурияти вакили.

“Ўзкимёсаноат” давлат ҳиссадорлик ширкати таркибига кирувчи “Аммофос-Максам” корхонаси Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 1969 йилда ишга туширилган заводнинг 49 фоизлик улуши 2009 йилда Испаниянинг “Maxam Corp, S.A.U” ширкатига сотилиб, қўшма корхона ташкил этилди. Заводнинг 51 фоиз улуши Ўзбекистонга қарашли. “Аммофос-Максам” йилига 500 минг тонна сульфат кислотаси, 220 минг тонна фосфор кислотаси ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқаради.

“Аммофос-Максам” қўшма корхонаси ва Ўзбекистондаги бошқа йирик ишлаб чиқариш корхоналарида маошларнинг бир неча ойлаб кечиктирилиши Озодлик тез-тез ёритиб борадиган мавзуга айланган.

XS
SM
MD
LG