Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:43

Ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотлар АҚШга киритилмаслиги мумкин


Ўзбекистонда пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш авжига чиқади.
Ўзбекистонда пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш авжига чиқади.

Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларнинг АҚШга олиб кирилиши тақиқланиши мумкин. Президент Барак Обама 24 февраль куни мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга имкон бериб келган қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этди.

Қўшма Штатлар қонунчилигида сўнгги 84 йил давомида, агар талаб таклифдан кўпроқ бўлса, истисно тариқасида қуллар, мажбуран меҳнатга жалб этилганлар, жумладан, болалар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни иморт қилишга рухсат берилган эди.

Президент Барак Обама имзолаган янги қонун ортидан бу истисно икки ҳафтадан сўнг бутунлай йўқ қилинади ва қуллар, мажбуран меҳнатга жалб этилганлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар АҚШда ноқонуний деб топилади.

Мазкур қонун Конгрессга ўтган йили ҳуқуқ фаоллари мажбурий меҳнат ва болаларни меҳнатига қаттиқ эътибор қаратганидан сўнг ишлаб чиқилган эди.

Бироқ ҳозирча Қўшма Штатлар божхонаси ҳуқуқ фаоллари мажбурий меҳнат маҳсули деб ҳисоблайдиган Ўзбекистон пахтасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қандай муносабатда бўлиши ноаниқ қолмоқда.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган “Пахта кампанияси” халқаро ташкилотининг адлия маслаҳатчиси Брайн Кэмпбелл Озод Европа- Озодлик радиосига берган суҳбатида, Обама имзолаган қонун сўзсиз тарзда ўзбек пахтасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам таалуқли бўлади, деб ҳисоблашини айтди.

Мазкур қонун қабул қилинишидан олдин ҳам АҚШга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта маҳсулотлари киритилмай қўйилгани маълум. Масалан, 2014 йил март ойида “Indorama Kokand Textile” Ўзбекистон-Индонезия қўшма корхонасидан 2013 йил сентябрь ойида АҚШга жўнатилган 22 тонна калава ип Лос Анжелес портида тўхтатиб қолинган.

Спорт кийимлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланадиган дунёга машхур Adidas ширкати Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган пахтадан фойдаланишга чек қўйиш йўлидаги уринишга етакчилик қилган эди.

2013-2014 йиллар давомида дунёнинг 153 та чакана савдо ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати пахтазорларда болалар меҳнатидан воз кечишга мажбур бўлган ва мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилишни тақиқлаган эди. Бироқ катта ёшдаги аҳоли, айниқса бюджетдан ойлик олиб ишловчи ишчи-хизматчилар ва талабалар мажбурий тарзда Ўзбекистон пахтасининг асосий терувчилари бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда йилига уч миллион тоннадан кўпроқ пахта етиштирилади. Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ фаоллари ўзбек пахтасини етиштиришда ҳукумат фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилишини таъкидлаб келадилар.

БМТнингХалқаро меҳнат ташкилоти дунёда йил сайин 21 миллион одам мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ҳақида билдирган. БМТнинг ҳисоб-китобига кўра, мажбурий меҳнатга жалб қилинган одамларнинг пешона теридан мажбурий меҳнат мавжуд бўлган давлатлардаги ширкатлар йилига 150 миллиард доллар миқдорида ноқонуний фойда кўради.

XS
SM
MD
LG