Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:28

Наврўз арафасида Тошкентда паспорт режими кучайтирилиб, паспортсиз юрганлар камерага тиқилмоқда


Тошкент ИИБ мулозимининг Озодликка айтишича, пойтахт кўчаларида паспортсиз ва пропискасиз юрганлар камерага тиқилмоқда
Тошкент ИИБ мулозимининг Озодликка айтишича, пойтахт кўчаларида паспортсиз ва пропискасиз юрганлар камерага тиқилмоқда

Ўзбекистон бўйлаб “Тозалаш” тадбири амалга оширилмоқда. Лекин бу тадбирнинг кўчани супуриш, ободонлаштириш ишларига алоқаси йўқ. “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ ўтказилаётган тадбирда “шубҳали шахслар” аниқланиб, жавобгарликка тортилмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида Наврўз арафасида паспорт режими кучайтирилиб, пойтахтга “сабабсиз” келган вилоятликлар аниқланиб, ортга қайтарилаётгани айтилмоқда.

“Тозалаш” тадбири президентнинг “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ижро этиш доирасида ўтказилаётганини Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ЎзА агентлигига гапириб берди.

Мулозимнинг айтишича, “Тозалаш”, деб номланган амалиёт байрам кунлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда ва бу ишга маҳалла фуқаролар қўмиталари жалб қилинган.

Айрим вилоятларда мазкур тадбир “Тозалаш-Антитеррор”, дея номланди. ИИВнинг “Постда” газетасида ёзилишича Хоразм ва Самарқанд вилоятларида мазкур тадбирлар давомида кўплаб қонунбузарликлар аниқланган ва жиноятлар фош этилган.

Лекин, Озодликка маълум бўлишича, Тошкентда “Тозалаш” операцияси пайтида, вазир ўринбосари тилга олмаган чоралар ҳам кўрилмоқда. Хусусан, пойтахтда паспорт режими кучайтирилгани, вилоятдан келганлар аниқланиб, протокол тузилаётгани, маҳаллаларда милиция нозирлари уйма-уй юриб, фуқаролар ҳужжатларини текшираётгани тўғрисида Озодликнинг шаҳар ички ишлар бошқармасидаги манбаси маълум қилди.

“Ҳозир бутун шаҳар бўйлаб кучайтирилган паспорт режими жорий этилган. Шахсий таркибнинг 30-35 фоизи кучайтирилган казарма ҳолатига келтирилган. Бугун масалан, жума намозига шаҳардаги барча масжидларга катта куч ташланди. Улар шубҳали шахсларни текширмоқда. Паспорти йўқлар бўлимга олиб келиниб, текшириляпти. Пропискаси ҳам йўқлиги аниқланса, “дайди”, деб расмийлаштирилиб, камерага ёпиб қўйилади. Паспорти бўлиб, пропискаси бўлмаса, участкага олиб келиниб, протокол тузиляпти. Тошкентда сабабсиз келганлар ҳам аниқланиб, 100 фоиз протокол тузиляпти ва вилоятига қайтариб юбориляпти. Ёнида паспорти бўлмаган тошкентликлар ҳам милиция таянч пунктларига олиб келиниб, шахси аниқлангунига қадар, ушлаб турилади, хабардор қилинган яқинлари паспортини олиб келгач қўйиб юборилади”, дейди шаҳар бошқармаси мулозими.

Унинг айтишича, ҳар бир туман ички ишлар бўлими бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ўз ҳудудидаги маҳаллаларни “шубҳали шахслардан тозалаш” учун масъул этиб тайинланган.

“Ҳар куни кечқурун туман бўлимлари маҳалла посбонларини йиғади. Кейин маҳаллаларда юриб, хонадонлар текширилади. Ҳар бир участка нозири, посбонлар иштирокида амалга оширишади бу ишни. Бунинг учун нозирларга ёрдам учун туман бўлимларидан қўшимча куч ажратилган. Уйма-уй паспортлар текширилмоқда, у ерда ҳам пропискаси йўқлар аниқланиб, протокол тузилмоқда. Фуқаролар ҳужжатларини кўрсатишдан бош тортса, ҳокимият вакилига бўсунмаслик сифатида расмийлаштирилиб, камерага ёпиб қўйилади”, дейди Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси мулозими.

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маҳалла посбонлари билан биргаликда кундалик равишда “хонадонлар эшикларини таққиллатишаётгани”ни тасдиқлади.

“Тозалаш” тадбирини профилактика нозирлари ўтказяпти, маҳалла посбонлари билан биргаликда. Зарур бўлган пайтда ўзим ҳам қатнашяпман. Бундан ташқари, ҳар куни уй бошлиқларини йиғиб, мажлис ўтказяпман ўзим. Шубҳали шахсларни аниқлаш бўйича топшириқ беряпмиз. Бундайлар аниқланса, зудлик билан маҳалла қўмитаси ва участка нозирларига телефон орқали хабар беришни уқтиряпман. 19 март куни маҳаллада кам таъминланган оилалар учун суннат тўйларини қилиб берамиз, ўша тадбирда тартибни сақлашни таъминлаш чоралари ҳам кўриляпти”, дейди маҳалла раиси.

Бундан ташқари маҳаллага Миллий Хавфсизлик Хизматидан бириктирилган кураторга кундалик тарзда маҳалла ҳудудидаги вазият борасида ҳисобот бериб турилади, дея қўшимча қилди раис.

Ўзбекистонда Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилиши одатий ҳолдир. Лекин сўнгги бир-икки йил давомида бундай чоралар доимий тарзда амал қилаётгани “Исломий давлат” экстремист гуруҳидан келаётган таҳдидлар билан шартлангани айтилади.

XS
SM
MD
LG