Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Россияда меҳнат муҳожирларидан руҳий соғлиги ҳақида маълумотнома талаб этилиши мумкин


Гаджимет Сафаралиев
Гаджимет Сафаралиев

Россия Давлат Думаси мамлакатда ишга рухсатнома олаётган меҳнат муҳожирларини руҳий ҳасталиклари йўқлиги борасида махсус маълумотнома олишга мажбурламоқчи. “Единая Россия” депутати Гаджимет Сафаралиев шу тариқа “россияликларни руҳан носоғлом хориж фуқароларидан сақламоқчи” эканини Озодликка билдирди.

Россия парламенти мамлакатга иш излаб келаётган меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома расмийлаштириш жараёнини янада мураккаблаштирмоқчи.

“Единая Россия” депутати Гаджимет Сафаралиев Россия Давлат Думасига киритган қонун лойиҳасида ишга рухсатнома – патент расмийлаштиришни хоҳловчи муҳожирларга руҳий ҳолати борасида махсус маълумотнома тақдим этиш мажбурияти қўйилиши белгиланди.

Озодлик саволларига жавоб берган Россия Давлат Думасининг Миллатлар масалалари бўйича қўмита раиси Гаджимет Сафаралиев Россияда ишга ёлланаётган хориж фуқароси руҳий касалликлар ва юриш-туришидаги бузилишларга текширилади, дейди.

У шу тариқа ҳукумат“россияликларни руҳан носоғлом хориж фуқароларидан” ҳимоялашга интилаётганини гапирди:

- Ўз ҳатти-ҳаракатларини англамаётган ва уларни бошқара олмайдиган руҳан носоғлом одамлар жамиятимизга жиддий хавф туғдираяпти. Шу сабабли, қонун лойиҳамизга кўра, хорижликда руҳий касалланишлар ва юриш-туришидаги бузилишлар йўқлиги тўғрисидаги ушбу маълумотномалар Россия Федерацияси ҳудудида жойлашган тиббий муассасалар томонидан берила бориши кўзда тутилган, дея жавоб қайтарди лойиҳа ташаббусчиси.

Шунингдек, Гаджимет Сафаралиев идорасида руҳий ҳолат борасидаги тиббий маълумотномалар нархи муҳокама этилмагани, ҳар ҳолда “давлат тиббий муассасаларида хусусийга нисбатан нархлар арзонроқ бўлиши” таъкидланди.

Гаджимет Сафаралиев парламент муҳокамасига тақдим этилган лойиҳада мазкур тиббий кўрикдан ўтишга ягона нарх белгиланмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Депутатнинг бу ташаббуси айнан визасиз мамлакатлардан келиб ишга жойлашаётган меҳнат муҳожирларига тегишли экани лойиҳага илова қилинган хатда белгиланди. Ҳозирча патент расмийлаштираётганлардан ФМСда нарколог, ОИТС касаллигига кўрикдан ўтгани тўғрисида тиббий маълумотномалар талаб қилинаётгани маълум.

Гулчеҳра Бобоқулова суд залида
Гулчеҳра Бобоқулова суд залида

Россия парламентининг бу масалани муҳокамага кўтарганига жорий йилнинг феврал охирларида Москвада ўз қарамоғидаги 4 яшар қизчани ўлдирган самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова билан боғлиқ ҳодиса сабаб бўлгани айтилди.

Боланинг кесилган бошини кўтариб метро бекати олдида ҳайқириб юрган аёлнинг руҳан носоғлом экани борасидаги тахминлар у ҳибсга олинганидан кейин ўтказилган экспертизалар давомида тасдиқланди. Самарқанд вилоят психоневрология диспансери Россия терговчилари сўровига Бобоқулова 1999 йилдан буён психиатр ҳисобида тургани ва унга “шизофрения” ташҳиси қўйилганини тасдиқлаб берди.

Ҳозирда Гулчеҳра Бобоқулова аёллар тергов изоляторидан “Бутирка” тергов изолятори ҳузуридаги касалхонага врачлар алоҳида назорати остига ўтказилган: у шахсий розилиги билан интенсив терапия муолажасидан ўтаётгани маълум.

Психиатрия бўлимидан чиққан айрим хабарларга кўра, Гулчеҳра жиноятга уни аллақандай“овозлар” ва “юксак нафрат”ундаганини шифокорларга билдирган.

XS
SM
MD
LG