Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

Гулчеҳра Бобоқулова руҳий касаллар бўлимига ўтказилди


Самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова.
Самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова.

4 яшар ногирон болани ўлдирганликда гумонланаётган ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова кейинги 30 кунни психиатрия шифохонасида ўтказади. “Печатники”даги аёллар тергов изоляторидан Бобоқулованинг “Бутирка” тергов изолятори ҳузуридаги касалхонага врачлар назорати остига ўтказилиши хабар қилинди. Айни пайтда¸ Ўзбекистон махсус хизматлари аёбланувчи аёлнинг эри ва унга қўшни бўлган бир аёлни ҳибсга олган.

Бобоқулова руҳий касаллар бўлимига ўтказилди

Москвада шу йилнинг 29 февралида ўз қарамоғида бўлган қизалоқни ўлдириб, бошини танасидан жудо қилган самарқандлик 39 яшар Гулчеҳра Бобоқулова бунгача сақланган Москванинг “Печатники” туманидаги 6-сонли аёллар изоляторидан “Бутирка” қамоқхонаси ҳузуридаги психиатрия бўлимига ўтказилди.

ТАСС агентлигининг ўз манбасига таяниб хабар қилишича, бу қарор ўтган ҳафта охирларида қабул қилинган:

- Уни 6-сонли аёллар СИЗОсидан 2-сонли (“Бутирка” – таҳр.) тергов изоляторида жойлашган психиатрия шифохонасига шифокорлар назорати остига ўтказиш қарори қабул қилинди, деди ўзини таништирмаган манба.

Айтилишича¸ айбланувчи Бобоқулова кейинги 30 кунни шу муассасада ўтказади. Олдинроқ айбланувчига наркология-психиатрия-психология экспертизалари тайинлангани эълон қилинган эди.

4 март куни ўзбекистонлик муҳожир аёлга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2 -қисми (“Вояга етмаганни ўлдириш”) асосида жиноий иш очилди. 2 март куни Бобоқулова маҳаллий суд қарори билан тергов якунига қадар икки ойлик ҳибсга олинган эди.

Жиноят содир этилганидан кўп ўтмай¸ ўзбекистонлик энаганинг қотилликка “Россиянинг Суриядаги махсус амалиётлари” туфайли қўл урганини тушунтираётган видеокадрлар пайдо бўлди.

Россия Тергов қўмитаси Бобоқулованинг диний ва сиёсий баёнотларини жиддий қабул қилмаслик, зеро унга “шизофрения” ташхиси қўйилганини билдирди.

- Бу каби жиноятларни бундай одамлар касалликнинг кескинлашиши вақтида содир этади, касаллик ҳуружи қайтганидан кейин эса уни тушунтиришга уринади. Шу сабабли улардан ақлга сиғмайдиган ва афсонавий баҳоналар янграйди. Айримлари ўзларини Наполеон, кимдир Индира Ганди ва бошқа деб эълон қилади. Менимча, бу аёлнинг гап-сўзларига фақат психиатрия мутахассисларигина жиддий эътибор беришлари керак, деди Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам боланинг ваҳшиёна ўлдирилишини террорчилик билан боғламасликни сўради.

Айни пайтда терговчилар Гулчеҳра Бобоқуловани бу жиноятни содир этишга ундаган “шериклар” қидирувга берилганини маълум қилди. Улардан бири Бобоқулова билан сўнгги вақтда жазманлик қилиб келган тожикистонлик 1968 йилда туғилган шахсдир.

Россия матбуотига кўра, Бобоқулова билан Москвада шаърий никоҳ қурган тожикистонлик Мамур Жўрақулов бир неча кун аввал Душанбе шаҳрида қўлга олинган.

Гулчеҳра Бобоқулова тожикистонлик 48 ёшли Мамур Жўрақулов билан 2014 йилда танишган ва жуфтлик Москвада вақти-вақти билан учрашиб турган.

Ўзбекистонда Гулчеҳранинг собиқ эри ва қўшниси ҳибс этилди

Ўзбекистон махсус хизматлари Москвада 4 ёшли қизчани ўлдирган энага Гулчеҳра Бобоқулованинг эри Суҳроб Мўминов ва унга қўшни бўлган бир аёлни ҳибсга олганлар.

“Росбалт” агентлигининг вазиятдан хабардор манбасига кўра, Гулчеҳра Бобоқулованинг қўшниси бўлган аёл сўнгги пайтларда қора ҳижоб кийиб юргани, бу эса Ўзбекистон МХХ ходимларига шубҳали кўрингани учун ушланган.

Бобоқулованинг эри самарқандлик Суҳроб Мўминов ҳам тергов изоляторига ташланган. Гулчеҳранинг гувоҳлик беришича, у Суҳроб билан 2008 йилда танишган, никоҳдан ўтиб икки йилча бирга яшаган. Лекин унинг хиёнати туфайли 2010 йилда улар ажрашиб кетган.

“Росбалт” манбасига кўра, махсус хизматлар ҳибсга олинган шахсларни террорчи гуруҳларга алоқадорлик ва мудҳиш жиноятга қўл урган Гулчеҳрага “ишлов берган”ликда гумонламоқда.

Россиялик тезкор ходимлар маълумотига кўра, янги йил байрами олдидан Гулчеҳра Бобоқулова паспортини алмаштириш учун Ўзбекистонга учиб кетган пайтда радикал оқим мутаассиби бўлмаган. Самарқандда у эри Суҳроб Мўминов билан кўп мулоқотда бўлган.

“Суҳроб билан мулоқотдан кейин Гулчеҳра бутунлай бошқача бўлиб қолган. У ҳижобда юра бошлаган, қўлида жойнамоз, қанақадир диний адабиётлар пайдо бўлган, Суриядаги уруш ҳақида бўлмағур гапларни гапира бошлаган”, дейди агентлик манбаси.

Унинг фикрича, Бобоқуловага берилган ишлов жараёни террор хуружи олдидан худкуш аёлларга бериладиган ишловга ўхшамоқда.

У Ўзбекистондан шу йилнинг бошларида эски паспортини алмаштириб қайтган.

39 яшар Гулчеҳра Бобоқулова биринчи турмушидан учта ўғил кўрган: уларнинг каттаси 19 ёшда (2 март куни бу йигитнинг ҳам Ўзбекистонда ҳибсга олингани айтилди), иккинчиси 18 ёшда (кичиклигида қариндошлари томонидан асраб олинган), учинчиси – 16 ёшда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Бобоқуловага 1999 йилда “шизофрения” ташхиси қўйилганини очиқлаган.

Ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқулованинг тўрт яшар қизчани ўлдириш айби судда ўз исботини топса, Россия Жиноят Кодекси асосида 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG