Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Пайариқлик врач: “Тўрт ойлик маошсизлик беморнинг қўлига қарашга мажбур қиляпти”


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани тиббиëт бирлашмаси
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани тиббиëт бирлашмаси

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг шифокору ҳамширалари ва техник ходимлари тўрт ойдан буён маошсиз ишламоқда. Бу ҳақда Озодликка гапирган дўхтирларга кўра, улар оиласини боқиш учун ўзлари истамаган ҳолда беморлардан пул олишга мажбур бўлмоқда.

Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг ходимлари тўрт ойдан буён маошсиз ишламоқда.

Бу ҳақда Озодликка пайариқлик шифокорлар ёзди:

“Бирлашмамизда беш юздан ортиқ одам ишлайди. Ўтган йилнинг декабрь ойлигини тахминан 70 фоиз одам олган. Январь, февраль ва март ойлари маошлари эса шундайлигича турибди. Бухгалтеримиздан сўрасак пул тушмаяпти, деб айтади. Тўрт ойдан буён маошсиз қолаётган дўхтиру ҳамширалар ва бошқа техник ходимлар жуда қийналиб кетди”, деб ёзади шифокорлар.

Пайариқ туман марказий касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бирининг Озодликка айтишича, маошсизлик ва оила иқтисодий аҳволининг кун сайин оғирлашиб бораётгани дўхтирларни касаллар қўлига қарашга мажбур қилмоқда:

“Сўнгги пайтларда шифокорларнинг пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Нима қилсин ахир улар, ўлсинми очидан ёки тиланчилик қилсинми? Оилали ва бола-чақали одамнинг маошсиз тўрт ой яшашини тасаввур қилиб кўрингчи, ана тасаввур ҳам қилолмайсиз. Чунки иложи йўқ. Энди нима қиламиз, касалнинг қўлига қараймиз, кўнглидан чиқариб бир нарса берармикин деб умид қиламиз. Безбетроқларимиз беморга бунча берасан, деймиз. Бемор ҳам яшаш учун қандай курашса, биз ҳам шундай курашяпмиз. Бошқа чора қолмади”, дейди шифокорлардан бири.

Шу касалхонанинг бошқа бир шифокори эса, маошсизлик устига турли хил комиссиялар учун маъмуриятнинг пул йиғиши ҳаддидан ошиб кетганини айтади:

“Ўзи ойлик йўқ. Бунинг устига яқинда Самарқанддан, вилоят марказидан бир автобус врачларни жўнатишди. Чунки бу йил аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш керак экан. Уларни боқиш учун ҳаммадан пул йиғдик. Улар ҳам бирорта кўзга кўринадиган иш қилгани йўқ, қўл учида кўриб кетишди. Энди эса Тошкентдан яна бир группаси келар экан. Бизку бир амаллаб уч-тўрт сўм топиб берамиз, лекин санитаркаю ҳамшираларга жуда ҳам қийин бўлиб кетди”, деди шифокор.

Озодлик пайариқлик дўхтирларнинг бугунги аҳволига муносабат олиш учун туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Шуҳрат Бойзоқов билан боғланди. Бироқ жаноб Бойзоқов дўхтирларнинг нега тўрт ойдан буён маошсиз қолаётгани ҳақидаги мухбир саволидан сўнг, телефонини ўчириб қўйди.

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилот ва корхоналарда иш ҳақининг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан, нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.

Ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботида мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG