Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:25

Брюссел портлашларида 3 шахс айбланди, Обама Бельгияга ёрдам ваъда қилди


Бельгия прокурорлари Брюсселдаги портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб, ушланган 3 шахсга айблов эълон қилди. Уччовлон 25 март куни Брюсселда қўлга олинган. Бельгия 22 март кунги қонли ҳужумлар ортидан терговни давом эттираркан, АҚШ президенти Барак Обама бу иттифоқчи давлат ҳукуматига "ҳартомонлама ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлаши"ни билдирди.

Бельгия маҳаллий матбуоти 25 март куни қўлга олинган 3 шахсга нисбатан Завентум аэропортидаги икки ва шаҳар метросидаги бир портлашга алоқадорлик айби қўйилганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, қўлга олинганлардан бирининг шахси Файсал С. шаклида матбуотга маълум қилинган, қолган иккисининг шахсига оид маълумотлар сир сақланмоқда.

Файсал С. 22 март куни аэропортда ака-ука худкушлар Холид ва Иброҳим ал-Бақравийлар билан бирга бўлган учинчи шахс экани тахмин қилинмоқда.

Уччовлон 25 март куни Брюсселда қўлга олинган. Бу шахслар Париж полициясининг 24 март кунги эҳтимолий террор хуружи олди олинган амалиётлари натижасида ушланган.

Бундан ташқари, Бельгия расмий телевидениеси уч шахсдан бири портловчи мосламалар солинган рюкзак билан қўлга тушганини хабар қилмоқда.

22 март куни Брюссел аэропорти ва метросида содир бўлган портлашда 31 киши ўлди, 300 атрофида одам жароҳатланди.

26 март куни чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама "гуноҳсиз кишилар, аёллар ва болаларга нисбатан ҳужумга алоқадор бўлган" террорчиларни топиш ва уларни жавобгарликка тортишда Бельгия ҳукуматига кўптомонлама ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Шанба кунги чиқишида Обама Бельгияни АҚШнинг яқин дўсти ва иттифоқчиси, деб атади ва: "Яқин дўстларимиз ҳақида гап бораркан, Америка уларни ҳар доим қўллайди, айниқса, террор каби зулмга қарши", деб таъкидлади.

Оқ Уй раҳбарининг сўзларига кўра, ФТБнинг бир гуруҳ агенти Бельгияга юборилган ва терактлар устидан терговда иштирок этмоқда.

"Биз "Исломий давлат"га қарши курашни бу гуруҳ тўлиқ яксон этилгунига қадар давом эттирамиз. Бу ҳафтада биз унинг етакчиларидан бирини йўқ қилдик", деди жумладан Обама.

Президент Обама кейинги ҳафтада Вашингтонда ядровий хавфсизлик масалаларига қаратилган саммит бўлиши ва унга ўнлаб давлат етакчилари келишини ҳам эслатди.

"Биз имкониятдан фойдаланиб, халқларимизни ҳимоя қилиш йўлида "Исломий давлат"га қарши ўзаро бирликдаги курашни кучайтириш йўлларини муҳокама қиламиз", деди Обама.

22 март куни Брюсселнинг Завентум аэропортидаги иккита ва шаҳар метросида бир портлаш учун масъулиятни "Исломий давлат" террор гуруҳи ўз зиммасига олган.

Полиция аэропорт ва метродаги портлашни уюштирган худкушлар ака-ука Холид ва Иброҳим ал-Бақравийлар эканини аниқлаган. Иброҳим ал-Бақравийнинг аэропортда, унинг укаси Холид ал-Бақравийнинг эса метро ичида ўзини портлатгани ДНК анализи натижасида аниқланган.

Маҳаллий матбуот бераётган хабарларга кўра, ака-укалар аввалги жиноятлари билан полицияга яхши маълум бўлган. Хусусан, улардан бири полициячига ўқ отгани учун жазоланган. Бундан ташқари, икковлоннинг Париждаги террор ортидан Брюсселда ўтказилган рейдлар чоғида қочгани ҳам полицияга маълум бўлгани маълумотлар бор.

Аэропорт камераларида ака-укалар билан бирга акс этган учинчи кишининг шахси аниқланган. Бу 24 яшар Нажим Лашравийдир ва унинг Париж ҳужумларида портлатилган бомбаларни ясагани тахмин қилинмоқда.

Маҳаллий матбуот берган маълумотларга кўра, Лашравий икки ой муқаддам Салоҳ Абдеслам билан бирга Брюссел чегарасидаги камералардан бирига тушиб қолган.

Сўнгги хабарларга кўра, портлашларда жароҳат олган 300 чоғли одам орасида аҳволи оғир қолаётган беморлар бор. Жароҳатланганлар орасида комага тушиб қолганлари борлиги ва ҳозирга қадар улардан баъзиларининг шахсини аниқлаш имконсиз қолаётгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG