Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:39

Бош вазир ўринбосари фақат аëллар чўмиладиган ҳовуз лозимлигини айтди


Бухородаги аквапарк
Бухородаги аквапарк

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўзининг ўтган ҳафта сўнгидаги йиғилишида мамлакатдаги чўмилиш ҳавзалари ва бассейнларнинг ëз мавсумига тайëрлиги масаласини муҳокама қилди. Мухокамада аëллар учун алоҳида чўмилиш ҳовузлари ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.

Хотин қизлар қўмитасидаги Озодлик манбасига кўра¸ “Ота-оналардан тушган қатор шикоят ва талабномаларда хотин-қизлар билан эркакларнинг биргаликда бассейнда чўмилишига эътироз билдирилган. Аëллар учун алоҳида бассейнлар ташкил қилинсин дея талаб қилинган”

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова айни мажлисда сўзга чиқиб “Аëллар учун алоҳида чўмилиш ҳовузлари яратиш давр талаби эканлигини” таъкидлаган.

Манбанинг айтишича¸ хотин-қизлар қўмитасидаги йиғилишда “Халқимиз маънавияти ва урф –одатларидан келиб чиққан холда чўмилиш ҳавзаларини аëллар учун алоҳида қилиш таклиф сифатида билдирилган”

Озодликка маълум бўлишича¸ айни мажлисда чўмилиш ҳавзаларининг санитария-гигиена қоидаларига мувофиқлиги масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Хотин-қизлар қўмитасидаги муҳокамадан сўнг “Оила даврасида” газетаси аëллар бассейни қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги мақолани чоп қилган.

Шу пайтгача Ўзбекистондаги чўмилиш ҳавзалари гендерлик аломатига кўра ажратилмаган.

Ўтган йили Москвадаги “Атлант” спорт мажмуасида мусулмон аëллар учун алоҳида ҳовуз ташкил қилинган эди.

Бундан олдин Тожикистондаги Аква-паркда аëллар учун алоҳида чўмилиш кунлари белгилаб қўйилган эди.

Яланғочдаги бассейнда эркагу-аëл бирга чўмилишда давом этади

Тошкентнинг Яланғоч мавзеидаги “Умид “ спорт соғломлиштириш мажмуасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ “бассейнларни аëллар учун алоҳида қилиш бу йилги режага киритилмаган”

Суҳбатдошга кўра¸ “шу пайтгача мажмуа таркибидаги ҳовузларда эркагу аëлнинг биргаликда чўмилиши муаммо туғдирмаган”

Манбанинг таъкидича¸ бассейнларни эркак ва аëллар учун ажратиш бўйича фармойиш келмаган:

“Бундан буëн ҳам айни тартиб (Аëл ва эркакнинг бирга чўмилиши -таҳр.) давом этади. Кийиниш хоналари¸ душ ва ҳожатхоналар айрим¸ лекин чўмилиш бассейни умумий. Бу тартибни ўзгартириш бўйича фармойиш келмади” деди манба.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналик блоггер Шукуржон Исломов аëллар учун алоҳида бассейнлар ташкил қилниши лозим деб билади:

"Мен аёллар чўмиладиган жойлар эркакларнинг мутлақо кўзи тушмайдиган бўлиши тарафдориман"¸ деди фарғоналик блоггер.

Аëллар ғамини ейдиган мулозим

Аëллар учун алоҳида ҳовузлар бўлишини таклиф қилган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова бундан олдин айрим хонандаларнинг "миллийликка ёт" кийиниш услуби ҳамда "беҳаё ва беандиша" клипларини танқид қилиб матбуот назарига тушган эди.

"Ўзбекистон - Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади", - деган эди Боситхонова хоним ўтган йили " Тошкентда ўтган маданият ва санъат арбоблари билан учрашув чоғида.

XS
SM
MD
LG