Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:39

Amnesty International: Дунё бўйлаб қатллар сони ошиб бормоқда


Покистоннинг Равалпинди шаҳрида осилган Мумтоз Қадрийнинг қариндошлари ва тарафдорлари унинг жасади атрофида ўтирибди, 2016 йил 29 феврали (Қадрий 2011 йилда вилоят губернаторини ўлдирганлик учун осилганди).
Покистоннинг Равалпинди шаҳрида осилган Мумтоз Қадрийнинг қариндошлари ва тарафдорлари унинг жасади атрофида ўтирибди, 2016 йил 29 феврали (Қадрий 2011 йилда вилоят губернаторини ўлдирганлик учун осилганди).

Маркази Лондонда жойлашган Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2015 йил дунёдаги қатл этишлар сони сўнгги йигирма йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етганини билдирди. Бунинг асосий сабаби Эрон, Покистон ҳамда Саудия Арабистонида кейинги йилларда қатллар сонининг кескин ошганидир.

Ташкилот 6 апрель куни эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, 2015 йил дунё бўйлаб 1634 нафар киши қатл этилган. Бу эса бир йил аввал қайд этилган кўрсаткичдан 50 фоизга кўпроқдир.

Тасдиқланган қатлларнинг 89 фоизи Эрон, Покистон ҳамда Саудия Арабистонида амалга оширилган.

Amnesty Internationalнинг бош котиби Салил Шетти: “Эрон, Покистон ва Саудия Арабистони мисли кўрилмаган даражада қатл этишларни – кўп ҳолларда адолатсиз суд жараёнларига асосланган ҳолда – амалга оширди. Бу қирғин тўхтатилиши керак”, деди.

Шетти қатл этишларнинг сони ошиб бораётгани жуда хавотирли эканлигини қўшимча қилди. “Кейинги 25 йил давомида дунё бўйлаб бунчалик кўп одам ўлдирилмаган эди”, деди у.

Қатллар сони аслида ҳисоботда кўрсатилгандан ҳам кўп эканлиги айтилмоқда. Amnesty International ҳисоботига ташкилот “дуёнинг етакчи қатл этувчиси” деб атайдиган Хитой киритилмаган, чунки мамлакатда қатл этишлар ҳақидаги маълумот давлат сири ҳисобланади.

Ҳисоботда ёзилишича, Хитойда йилига минглаб одам қатл этилади. Аммо бу кўрсаткич камайиб бораётган бўлиши мумкин, сабаби 2007 йили Хитой Олий суди ўлим жазосидан фойдаланишни назорат қила бошлаган.

Amnesty International қатллар сони кўпайиб бораётган бўлса-да, ўлим жазосини бекор қилиш бўйича ижобий ўзгаришлар кузатилганини билдирди. Amnesty International ўлим жазосига бутунлай қаршидир.

Ташкилотнинг ўлим жазоси бўйича мутахассиси Олуватосин Попула Озодлик билан суҳбатда 2015 йилда ўлим жазосини йўқ қилишга қаратилган курашда “айрим ҳолларда ортга силжиш кузатилган бўлса-да, рўй берган бошқа ўзгаришлар умид бағишлайди. Конго Республикаси, Фижи, Мадагаскар ҳамда Суринам барча жиноятлар учун ўлим жазосига ҳукм қилишни бекор қилди”, деди.

Жорий йилда Мўғулистонда ҳам ўлим жазоси бекор қилинади. Ташкилотнинг билдиришича, тарихда биринчи марта ўлим жазосини бекор қилган мамлакатлар сони бекор қилмаган давлатлар сонидан ошиб кетди. Ҳозирги кунда 102 давлатда қатл этишлар бутунлай тўхтатилган.

“Умуман олганда, дунёнинг 140 мамлакати қонун бўйича ёки амалда ўлим жазосига ҳукм қилмайди”, дейилади ҳисоботда.

Попула ўлим жазоси “Америка ҳудудида ҳам тарихга айланаяпти. АҚШда қатл этишлар сонининг охирги 24 йил ичидаги энг паст кўрсаткичи қайд этилди”, деди.

Ҳисоботда ёзилишича, 2015 йил Европада ёки Марказий Осиёда ҳеч ким қатл этилмаган. Бу ҳудудда Беларус ўлим жазосига ҳукм қилувчи ягона мамлакатдир. Лекин ўтган йилда Беларусда ҳам ҳеч ким қатл этилмади.

XS
SM
MD
LG