Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

Милиция ходими Хоразмда банкдан 45 қоп пул ўғирлади


Хоразм вилоятининг Боғот туманида уюшган жиноий гуруҳ “Микрокредитбанк” бўлимига ҳужум уюштириб, 45 қоп пулни ўғирлаган. Ишончли манбадан Озодликка маълум бўлишича, ўғирланган пул 16 миллион 131 минг сўмни ташкил этган. "Қора бозор" курси бўйича ўғрилар ўлжаси 2600 АҚШ долларидан сал кўпроқ пулдир.

Боғотдаги бу ҳодиса Ўзбекистон банкларида нақд пул камлигига ва сўмнинг қадри қанчалар тушиб кетганига эътиборни қаратди.

Шу ой бошида уюшган жиноий гуруҳ ярим тунда Хоразмнинг Боғот туманидаги “Микрокредитбанк” бўлими биносига ўғирлик мақсадида ҳужум уюштирган.

Боғотда ўғрилар банкдан 45та қоп пулни олиб чиқиб кетишган.
Боғотда ўғрилар банкдан 45та қоп пулни олиб чиқиб кетишган.

"Микрокредитбанк" раҳбариятига яқин ишончлик манбанинг Озодликка айтишича, жиноятчилар ярим тунда банк сигнализациясини электр тармоғидан узиб, бино панжарасини синдиришган, ичкарига кириб банк ғазнахонасидаги сейфларни бузиб, 45та қопга солинган 16 миллион 131 минг сўм пулни олиб чиқиб кетишган.

- Ҳамма ёқни титкилашган. Банкдаги бор-буд қопдаги пулларни “Дамас” машинасига ортиб, воқеа жойидан ғойиб бўлишган, - деди Озодлик манбаси.

Ўғрилар кўлга киритган ўлжа “қора бозор” курсида сал кам 2600 АҚШ долларини ташкил этади.

- Уларнинг ўғирлигидан кўра, банк биносига етказган зарари кўпроқ бўляпти. Банкнинг орқа томонидаги биринчи қавати панжарасини синдиришган, сигнализацияни бузишган, ғазнахонадаги сейфларни бузишган, ҳамма ёқни дабдаласини чиқариб кетишган, - деди “Микрокредитбанк” раҳбариятига яқин манба.

Ўғрибоши милиция ходими бўлган

Хоразм вилояти хавфсизлик идораларидаги Озодлик манбасининг айтишича, жиноят содир этилганидан ўн кун ўтиб ўғирликни содир этгани гумонланаётган икки шахс қўлга олинган. Ўғирланган 45 қопдаги 16 миллион 131 минг сўм топилиб, банкга қайтарилган.

Тергов давомида ушбу жиноятни Боғот тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлинмаси сафдори 38 ёшли Қ. Э. икки шериги билан амалга оширгани аниқланган.

- У ишсиз юрган 34 ёшли укаси Д. Э.ни ҳам жиноятга шерик қилган. Маълум бўлишича Қ. Э. Боғот милицияси ППС ходими сифатида авваллари шу банкда қўриқчилик ҳам қилган. Тергов давомида ҳаммасини бўйнига олди. Улар ёнидан топилган пуллар банкга қайтарилди. Ҳозир жиноятчилар Урганчдаги тергов изоляторида ушлаб турилибди. Иши судга оширилган, - деди Хоразм вилояти хавфсизлик идораларидаги Озодлик манбаси.

Боғотлик учовлон уюшган жиноятчилик ва ўғирликда айбланмоқда. Уларнинг айби судда исботланса, 16 йилгача бўлган муддатга қамалишлари мумкин.

2600 долларлик ўлжа

Боғотдаги бу ҳодиса Ўзбекистон банкларида нақд пул камлигига эътиборни қаратди.

Ўзбекистон "қора бозори"да 1 АҚШ доллари 6 минг сўмдан кўпроқни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон "қора бозори"да 1 АҚШ доллари 6 минг сўмдан кўпроқни ташкил этмоқда.

Хоразмлик тадбиркор Арслон Сапаев бу ўзбек банкларининг қанчалик ночор аҳволда эканидан далолат эканини айтади.

- Бутун бошли банк филиалига ўғрилар ҳужум қилади, ойнасини синдиради, сейфларини бузади. Қўлга киритгани эса 2 ярим минг доллар бўляпти. Бу кулгили. Менинг чўнтагимда ҳам бор бунча пул. Шунча ҳароб аҳволда экан-да банклар. Иккинчидан, қанақа банк бу. Ойнасини синдириб пул олиб чиқиб кетилса, - дейди хоразмлик тадбиркор.

Озодликка кейинги йиллар ва ойлар давомида йирик стратегик корхона ишчи-хизматчиларидан тортиб¸ пенсионер ва нафақахўрларга қадар банкларда нақд пул етишмовчилиги сабабли ойлик ва нафақалари берилиши кечикаётгани ҳақида шикоятлар келиши тўхтамаяпти.

Банкларда нақд пул йўқлиги сабабли Ўзбекистонда одамлар хориждан яқинлари жўнатган пулни ололмаётганликлари ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG