ШҲТ саммити олдидан сателлит антенналар олиб ташланди
Май ойи бошидан Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани кузатилаяпти. Пойтахт вилоятлардан келганлар ва мардикорлардан тозаланаяпти.
Тошкентда "президент трассаси"¸ қолаверса ШҲТ президентлари автокарвони ўтадиган кўчалардаги бинолар фасади безатилмоқда.
Биноларнинг ташқи кўринишини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланиб, турар жой ва ташкилотлар биноларининг қорайтирилган ойналари, кондиционер ва сунъий йўлдош антенналари олдириб ташланди.
Тошкент саммити олдидан ўзбек-қозоқ чегарасидан деярли ўтиб бўлмай қолди
Май ойи охирида Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган транзит автомобиллари текширувини кучайтиргани сабабли ўзбек-қозоқ чегарасида ўнлаб юк машиналари тўпланиб қолган.
Айни пайтда оддий одамлар ҳам Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтишга қийналаётганликларини айтишди.
Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги бу холат Тошкентда ўтказиладиган ШҲТ саммити олдидан хавфсизлик чораларининг кескин кучайтирилиши доирасидаги амалларнинг бири ўлароқ кўрилмоқда.
“Қора бозор”да долларнинг арзонлаши ШҲТ саммити билан боғланмоқда
Ўзбекистон “қора бозор”ида май бошидан доллар курсининг қарийб 20 фоизга пасайиши Тошкентда ШҲТ саммити ўтиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати тошкентлик саррофлар сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Уларга кўра, ШҲТ саммитига олиймақом меҳмонлар келиши муносабати билан норасмий валюта бозорига босим ўтказилмоқда.
Бир ҳафта ичида Ўзбекистон қора бозорида доллар нархи 6700 сўмдан 5400 сўмгача тушиши кузатилди.
ШҲТ саммити сабаб коллеж ўқувчилари ҳам таътилга ҳайдалди
Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, мамлакатдаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 15 июндан бошлаб таътил эълон қилинди.
"2015-2016 ўқув йилини ўқув режаларидаги ўқув соатларини тиғизлаштириш ва ҳафталик ўқув юкламасини ошириш ҳисобига 11 июнга қадар ўқув жараёнини якунланишини ҳамда 15 июнга қадар барча якуний давлат аттестация турларини ўтказишни таъминлаш" таъкидланади Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари У. Салимов имзоси билан тасдиқланган буйруқда.
Ушбу тадбир ҳам айнан ШҲТ саммити хавфсизлиги доирасидаги амаллардан бири экани айтилди.