Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:07

Жон Керри ташқи ишлар вазирларига Юсуф Хос Ҳожибни эслатди


3 августда Вашингтонда С5+1 форматидаги АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати ташқи ишлар вазирлари мулоқоти бўлиб ўтди.

Мажлисни очиб берган АҚШ Давлат котиби Жон Керри АҚШ Марказий Осиё давлатларида қайта тикланувчан тоза энергетикани ривожлантириш лойиҳаларини зудлик билан бошлаш учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиши ҳақида эълон қилди.

Жон Керри тилган олган бошқа лойиҳалар радикаллашув ва ҳалқаро террор таҳдидини камайтириш, иқтисодий ҳамкорлик, транспорт ва логистика масалаларига оид.

"Умумий мақсадларимизга эришиш биздан дипломатик малакани талаб этади. 11 асрда яшаган шоир Юсуф Хос Ҳожиб бу ерда ўтирганларни таърифлагандай (кулади) шундай ёзган эди: Элчи инсонларнинг энг сараси, доноси, ақллиси ва жасоратлиси бўлмоғи лозим", деди Жон Керри.

Мажлис олдидан сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ушбу тадбирдан кўп нарса кутмаётганини айтди. "Бироқ бу форматдаги учрашув ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр алмашиш ва умумий мақсадимиз - давлатларимиз халқларининг тинч - тотув ҳаётини таъминлаш ... нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади" - деди жаноб Комилов.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Эрлан Идрисовга кўра, АҚШ таклиф этган 5 ҳамкорлик лойиҳаси Марказий Осиё давлатлари нақадар биргаликда ишлай олишини кўрсатувчи бир синов бўлади.

"Давлатларимизда сиёсий манзара табиий равишда ўзгариши кутилмоқда. Бироқ бундан қатъий назар С5+1 форматидаги ҳамкорлик узоқ давом этади" - деди жаноб Идрисов. Аммо у сиёсий манзаранинг кутилаётган ва табиий равишда ўзгариши нима эканига аниқлик киритмади.

Маълумки, Марказий Осиёнинг икки энг йирик давлатлари Ўзбекистон ва Қозоғистонни сўнгги чорак асрдан зиёд вақт мобайнида айни президентлар бошқариб келмоқда. Қирғизистон президенти эса келаси йили бу лавозимни тарк этади. Шу маънода Тожикистон ва Туркманистон сиёсий манзарасида яқин орада ҳеч қандай табиий ўзгаришлар кутилмаяпти.

Вашингтондаги анжуманнинг қолган қисми ёпиқ эшиклар ортида давом этди.

Олти томонлама мажлис якунида вазирлар қўшма баёнот қабул қилиб:


- C5+1 форматидаги мулоқотни давом эттиришга;
- минтақа бўйлаб транспорт коридориларини ривожлантиришга;
- транспорт тизими маҳсулдорлиги ва самарасини оширишга;
- минтақавий савдони йўлга қўйиш ҳамда сармоя потенциалини ошириш мақсадида Марказий Осиё бўйлаб логистика секторларини кучайтиришга;
- минтақавий, давлат ва маҳаллий даражада иқлим ўзгариши оқибатларига тайёр туриш ва мослашишга қаратилган чораларни режалаб, амалга оширишга;
- терроризм, оммавий қирғин қуроллари ва қорадорини чегаралардан олиб ўтиш, инсон савдоси каби таҳдидларнинг олдини олишда ва уларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришга;
- қўшни Афғонистон тараққиётини қўллаб-қувватлашга;
- гуманитар соҳалар, таълим, маданий ва бизнес алмашинув дастурлари, минтақа халқлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда ҳамкорликни давом эттиришга ва қатор бошқа масалаларга келишиб олдилар.

Вазирлар, шунингдек, Вашингтонда Марказий Осиё масалалари билан шуғулланувчи таҳлил марказлари ходимлари билан ҳам мулоқот қилди. АҚШ Савдо палатаси эса бизнес форум уюштириб, унга Американинг йирик компаниялари вакилларини таклиф этди. Форумда АҚШ Энергетика вазири Эрнест Мониз ҳам қатнашди.

С5+1 анжуманида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг чиқиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00

XS
SM
MD
LG