Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:50

Ички ишлар вазирлиги Унгартепа Ўзбекистон ҳудуди эканини маълум қилди


Унгартепада Қирғизистонга қарашли радиореле станциялари жойлашган.
Унгартепада Қирғизистонга қарашли радиореле станциялари жойлашган.

Тошкентдаги нашрларнинг Ички ишлар вазирлигига иқтибосан хабар беришича, Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли экани айтилиб келинаётган Унгартепани ўз ҳудуди деб атади. Хабарларда мазкур ҳудуд Наманган вилояти Чортоқ тумани тасарруфида экани айтилади. Қирғизистоннинг радиореле станциялари ўрнатилган мазкур ҳудудга 22 август куни ташланган ўзбек милицияси десанти бу ерда 4 қирғизистонликни қўлга олган эди.

Тошкентдаги нашрларнинг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, Наманган вилоят милицияси 22 август куни Чортоқ туманига қарашли Унгартепа ҳудудида паспортларни текшириш бўйича махсус амалиёт ўткизган.

Амалиёт натижасида бу ердаги Қирғизистонга қарашли радиореле станциясида ишлаётган 4 нафар қирғиз ватандоши қўлга олинган. Ички ишлар вазирлигига таяниб тарқатилган хабарда қўлга олинганлар “Ўзбекистонда ноқонуний юрган шахслар”, сифатида талқин қилинган.

“Текширув натижасида Қирғизистонга қарашли радиореле станциясида ишлаётган ва Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний юрган қирғиз ватандошлари Урманов А.Р., Ташматов Ж.И., Ералиев У.А. ва Усупбаев Н.К., қўлга олинди”, деб хабар берди ўзбек матбуоти.

Аввалроқ қирғиз расмийлари Ўзбекистон ушлаб кетган қирғизистонликларни озод қилиш борасида музокаралар олиб борилаётганини билдирган.

Бишкек расмийларига кўра, Қирғизистон ватандошлари Наманган вилояти Янгиқўрғон Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда. Расмийлар бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда сақланаётган қирғиз ватандошларини озод қилиш борасида сўзлашувлар олиб борилаётганини билдирди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ўзбек ва қирғиз матбуотида пайдо бўлган бу хабар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

Қирғизистон ҳукумати ҳам Ўзбекистон Ичики ишлар вазирлигига иқтибосан тарқатилган Унгартепа ҳудуди Наманган вилоятининг Чотқол тумани тасарруфида экани тўғрисидаги хабарларни изоҳлашдан тийилмоқда. Қирғизистонда Унгартепа Унгартоғ деб аталади.

Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хафсизлик қўмитаси раиси Алмазбек Баатрибеков бу хабарга муносабат билдирар экан қуйидагиларни айтди:

-2006 йилги протоколларда Унгартоғ Ўзбекистонга таалуқли экани тўғрисидаги протоколлар имзоланиб қолгани учун сўзлашувларда натижага эриша олмаяпмиз. Бироқ қирғиз томони бу ер кимники эканини тасдиқлаш жараёни ниҳоясига етмаган, деган йўналишда иш олиб боришимиз керак. Бугун Унгартоғда юзага келган вазият Қирғизистонга ҳам, Ўзбекистонга ҳам яхшилик олиб келмайди, - деди депутат.

Аввалроқ қирғиз матбуотида Унгартепа Ўзбекистонга тегишли экани тўғрисидаги 20-сонли протокол 2006 йилда Тошкентда икки давлат расмийлари томонидан имзолангани тўғрисида ҳужжатлар мавжуд экани хабар қилинган эди. Қирғизистон ҳукумати мазкур ҳудудни аниқлаш жараёни ниҳоясига етмаганини айтиб, бу ерни баҳсли ҳудуд деб атамоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 13 августда ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланди. Бишкек расмийлари ўзбекистонлик милиционер Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган пайтда қўлга олинганини билдирган. Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Мана шу воқеа ортидан 22 август куни Ўзбекистон Қирғизистонининг радоиреле станциялари жойлаштирилган Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган. Бугунги маълумотларга кўра, ўзбек милиционерлари радиореле станцияси ишчиларидан 4 нафарини қўлга олиб, уларни вертолётлардан бирига чиқариб, Ўзбекистонга жўнатган.

Ўзбекистон шундан сўнг қирғиз томонига қўлга олинган ўзбек милиционерини бўшатишни ҳамда Косонсой сув омбори ҳудудидаги Қирғизистонга қарашли постларнинг олиб ташланишини талаб қилган. 23 август куни ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 294 доллар жаримага тортилган ҳамда Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

Расмий Бишкек Тошкентдан Унгартепа ҳудудидан милиционерларни олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Бироқ Ўзбекистон бу талабни бажаришга шошилмаётир.

XS
SM
MD
LG