Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Сидней Жаксон - ўзбек бокси асосчиси


Сидней Жаксон - ўзбек бокси асосчиси
Сидней Жаксон - ўзбек бокси асосчиси

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси энг кўп медал олиб, кўпни кўрган мутахассислар ва бокс ишқибозларини ҳайратда қолдирди.

Учта “олтин”, иккита “кумуш”ва иккита “бронза”ни олган ўзбек йигитлари Куба, Франция, Қозоғистон ва Россия каби “бокс мамлакатлари”идан анча илгарилаб кетди.

Ундан ташқари, ўзининг маҳорати ва техникаси билан мухлислар ёдида қолган андижонлик Ҳасанбой Дўсматов Вэл Баркер Кубоги соҳибига айланди. У ўзбек боксчиларидан биринчи бўлиб бундай нуфузли совринни қўлга киритди: саноқли боксчиларгина бундай кубок эгасига айланишга муваффақ бўлган.

Ҳали Руслан Чагаев, Артур Григорян, Наримон Отаев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Рустам Саидов, Аҳрор Муралимов, Темур Ибрагимов ва бошқа ўзбекистонлик боксчилар донғи жаранглаб турган бир пайтда Ўзбекистонда янги ринг жангчиларининг яралиши соҳа мутаҳассисларининг эътиборини ўзига қаратмасдан иложи йўқ.

Хўш, ўзбек паҳлавонларининг бундай ғалабага эришганлари тасодифми? Қандай қилиб Марказий Осиёдаги бу давлат, конвейерга қўйгандек, бунчалик кўп чарм қўлқоп усталарини тарбия қилаолмоқда? Охирги йилларда “ўзбек бокс мактаби” довруғи бутун дунёга ёйилиши боиси нимада?

Бу саволларга жавобни биз Ўзбекистон бокс тарихидан излаб кўрдик...

Қизил аскар Жаксон

Бокс тўғрисида бироз тасаввурга эга бўлган ҳар қайси одамга “Ўзбек боксига ким асос солган?” дея берган саволингизга, ишончим комилки, у иккиланмасдан шу одамнинг исмини ёдга олади.

АҚШнинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони Сидней Жаксон, 1912й.
АҚШнинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони Сидней Жаксон, 1912й.

Сидней Луис Жексон... Ёки русчасига - Сидней Львович Жексон. Биз, Ўзбекистонда қилинган одатга кўра, уни Жаксон деб атаймиз...

Қахрамонимиз 1886 йилда Нью-Йоркда, аниқроғи асосан эмигрантлар яшайдиган Бронкс маҳалласида яҳудий оиласида туғилган. Тўқимачилик фабрикасида иш бошлаган, 12 ёшида ўша пайтда оммалашиб бораётган боксга қизиқиб қолган. Сидней бокс ёрдамида очлик ва қашшоқликдан қутулиш мумкинлигини айнан шу пайтда пайқаган.

Биринчи Жаҳон уруши бошланиши арафасида Сидней Жаксон енгил вазн тоифасида АҚШ чемпиони бўлади, жаҳон чемпионатига

Ўзбекистон терма жамоаси машқ пайтида. "Пахтакор" стадиони, 1965 й.
Ўзбекистон терма жамоаси машқ пайтида. "Пахтакор" стадиони, 1965 й.

тайёргарлик бошлайди. У қатнаган спорт клуб Европага келиб, бокс томошаларини уюштиради. Шу тариқа бизнинг қахрамонимиз қор босган Петербург шаҳрига келиб қолади.

Бироқ, бошланиб кетган Жаҳон уруши унинг режалари, қолаверса тақдирини ўзгартириб юборди. Билган одамлар Сиддига Афғонистон орқали Америкага чиқиб кетиш мумкинлигини тавсия қилади. Аммо Тошкентга етиб келган америкалик боксчи ўзи ночор аҳволда бўлган оиласидан кетишга маблағ ололмасдан, бутун умрга ўзбеклар ерида қолиб кетади...

Тошкентда у ўзининг эски ишини ёдга туширади: маҳаллий тўқимачилик корхонасига мутахассис сифатида ишга киради. Рус тилини ўрганади, арзимаган ҳақ эвазига маҳаллийларни бокс ва Ғарб курашига ўргатади. 1919 йилда Сидней Жаксон Қозон полки қаторида Каспийорти фронти жангларида иштирок этади, таржимонлик қилади.

Жаксон (ўнгда) Тошкент шаҳар ҳарбий коменданти П.Якименко билан, 1922 й.
Жаксон (ўнгда) Тошкент шаҳар ҳарбий коменданти П.Якименко билан, 1922 й.

Айтишларича, у большевикларга асирга тушган инглиз аскарларини сўроқ қилишда иштирок этган. Унинг хотирлашича, Америка паспортини у почта орқали ўз юртига қайтариб юборган...

“Сидди бобо”

1921 йилда Тошкентга қайтиб келган Сидней рус подшолари сулоласи Романовлар оиласига қарашли бўлган саройда болалар учун илк бокс гуруҳини очади.

У ўзининг шогирдлари билан бирга ўз қўли билан биринчи рингни ясайди. Сидней Львович ()пойафзал фабрикаси ва отхонага бориб чарм ва от қилидан олиб келади, ўз қўллари билан чарм қўлқоп ва “груша”ларни ясайди. У ўзбекистонлик болаларга нафақат бокс, балки сузиш, кураш, баскетбол ва бошқа спорт турлари билан таништира боради.

"Фортуна" Туркистон командаси тренери С.Жаксон, 1925 й
"Фортуна" Туркистон командаси тренери С.Жаксон, 1925 й

Сидней Жаксон “Фортуна” номли Туркистондаги биринчи спорт жамиятига асос солади ва узоқ йиллар уни бошқаради.

Тез орада унинг шогирдлари етишиб чиқади. Сидней Жаксоннинг тўрт нафар шогирди Иккинчи Жаҳон урушига кетиб, Совет Иттифоқи Қахрамони унвонига сазовор бўлади. Яна бир унинг тарбияланувчиси – Андрей Борзенко – урушда асирга тушиб, Бухенвальд концлагерига ташланади.Таниқли фашист боксчиларини бирин-кетин уриб йиқитган Андрей Борзенко ҳақида ҳатто “Симтикон ортидаги ринг” фильми суратга олинади.

Сид бобо ўз шогирдлари - Совет Иттифоқи Қахрамонлари билан Чапдан ўнгга:Н. Марченко, В. Карпов, М. Меш.
Сид бобо ўз шогирдлари - Совет Иттифоқи Қахрамонлари билан Чапдан ўнгга:Н. Марченко, В. Карпов, М. Меш.

Сидней Даксон ўз талабаларига нафақат жисмонан, ақлан ҳам ривожланиш зарурлигини доимо уқтириб келган. “Сид бобо” шогирдлари орасида 5та фон доктори, 30та фан номзоди етишиб чиққан. Бу хизматлари учун Сидней Львовичга СССРда биринчилар қаторида “Хизмат кўрсатган тренер” унвони берилади.

Жаксон йиллар давомида Ўзбекистон Бокс федерациясини бошқариб келди. Унинг иштирокида Ўзбекистонда кўплаб волейбол, футбол, баскетбол спорт майдончалари қурилди, мактаб ва спорт мактаблари қошида заллар қурилди.

Сидней Жаксон ва бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси, 1952 й.
Сидней Жаксон ва бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси, 1952 й.

Қатағонлар авж олган штган асрнинг 30чи йилларида“ўзбек бокси отаси” америкалик бўлгани учун махфий хизматлар назарига тушади. Унинг қатағон қилиниши турган гап эди: ўша йиллари Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантиришга келган бир гуруҳ ақшлик мутахассислар аллақаон турмага ташланган эди. Аммо, Ўзбекистон НКВДси раҳбариятида ишлаётган Жаксоннинг шогирдларидан бири устози ҳаётини сақлаб қолади.

Сидней Жаксон оммалаштирган бокс Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ҳам янги-янги спорт клубларининг очилишига олиб келади. Сид бобо 35 йиллик умрини спортчилар тарбиясига бағишлайди.

“Ўзбек бокс мактаби” асосчиси

Таниқли ўзбек боксчиси, СССРда бокс бўйича биринчи жаҳон чемпиони унвонини олган Руфат Рисқиев Озодлик билан суҳбатда ўзини Сидней Жаксоннинг охирги талабаларидан эканини фахр билан сўзлади.

- У қариб қолганида мен олдига бордим – ёшлари 70 бориб қолганди. Мен учун жуда қари кўринган! Мендан кейин шогирдлари бўлмади – мен охиргиларидан эдим. Кейин мен Барановга ўтганман, лекин бокс

"Қошғар" маҳалласи йигитлари Пионерлар Уйида машқ пайтида, 1957 й.
"Қошғар" маҳалласи йигитлари Пионерлар Уйида машқ пайтида, 1957 й.

алифбесини Дом Пионерда Жексондан ўргандим. Тренировка ўтказарди, келиб. Ўзи у касби бўйича тикувчи эди, костюм-шим тикарди. Рус тилида гапирарди, лекин америкача акценти билинмас эди унчалик. У урушдан олдин аскарларни боксга ўргатган. 20 йилларда биринчи бўлиб бокс бошлаган. Мен эса унинг қўлида 1962 йилда бўлдим, дея эслади Руфат Рисқиев.

Боксчининг айтишича, 20-30 йилларда бокс янги спорт тури бўлгани сабабли Жаксоннинг шогирдлари кўплаб мусобақаларда ғолиб чиқаверган.

Ёзувчи Г.Свиридов Жаксон тўғрисида ёзган китобини қахрамонга совға қилмоқда. Москва, 1955й.
Ёзувчи Г.Свиридов Жаксон тўғрисида ёзган китобини қахрамонга совға қилмоқда. Москва, 1955й.

Руфат Рисқиев ўша даврда ўзбек боксининг юксалишига сабаб бўлган яна бир омилни тилга олди:

- Уруш пайтида Тошкентга кўплаб одамлар келган. Еврейлар, ўрислар келган, “олтин фонд” ҳисобланган артистлар, олимлар, спортчилар юборилган. Шу сабабли санъат ҳам рифожланган, спорт ҳам кўтарилган, деди Руфат Рисқиев.

Руфат Рисқиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:25 0:00
Бевосита линк

Тошкент бокс мактаби намояндаларидан бири, ўзбекистонлик бокс тренери Ренат Юсупов ҳам Сидней Жаксон мактаби вакили. У озгина бўлса ҳам бу инсон қўлида сабоқ олганини эслади:

Алушта. СССР-Норвегия мусобақаси олдидан. 1957 й.
Алушта. СССР-Норвегия мусобақаси олдидан. 1957 й.

- Тиллахўжаев Ҳамид ака Сидней Львовичнинг биринчи шогирдлари эди, спорт устасини олган. Ёш пайтимизда, 1964-65 йилларда ман Дом Пионеровга борардим, озгина бўлса ҳам қўлларида шуғуллангандим. У киши бизнинг босимиз асосчиси-де! Бизнинг бокс мактабимиз техникаси, тактикаси билан кучли бўлиб келган. Кейин, спортчининг функционал тайёргарлиги юқори. Кўпам пулга боғлиқ эмас – Жексон каби ўз ишининг устаси бўлиш керак, деди Ренат Юсупов.

Тренер Ренат Юсупов билан ўзбек бокси ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:44 0:00
Бевосита линк

..............

Сидней Жаксон нафақат Ўзбекистонда, балки оламнинг кўплаб бошқа мамлакатларида хотирланиб туради.

Сидней Луис Жаксон - ўзбек бокс мактаби асосчиси Тошкентда дафн этилган.
Сидней Луис Жаксон - ўзбек бокс мактаби асосчиси Тошкентда дафн этилган.

Унинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида “Жексон Россияда қолади” (муаллиф Г.Свиридов) асари ва ўнлаб биографик мақолалар ёзилган, Қуддус шаҳрида “совет бокс мактаби асосчиси Сидней Львович Жаксон” хотирасига унинг Исроилдаги шогирдлари томонидан уюштирилган турнир ўтказилиб туради, Тошкентда эса ҳар йили ёш ўзбек боксчилари орасида Жаксон Мемориали мусобақалари ташкил этилади.

Нью-йорклик Сидней Жаксон 1968 йилда Тошкентда вафот этди ва шаҳарнинг Боткина қабристонида дафн этилди.

(Озодлик Сидней Жаксон фотосуратларини тақдим этган асли фарғоналик ёзувчи Элиаху Бен-Мордехай ва "Заметки еврейской истории" Тармоқ порталига ўзининг алоҳида миннатдорчилигини билдиради)

XS
SM
MD
LG