Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:43

Путин: Россия бундан буён ҳам Ўзбекистон билан бирга бўлади


Россия президенти Владимир Путин бугун Самарқандда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабрига гул қўйди. Жаноб Путин Самарқандга келиши билан Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамрохлигида Каримовнинг қабри томон йўл олган. Гул қўйиш маросимидан сўнг Путин Россия бундан буён ҳам Ўзбекистон билан бирга бўлади, деб таъкидлади.

6 сентябрь куни Самарқандда Ислом Каримов қабрига гул қўйган Россия президенти Владимир Путин Москва бундан буён ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди, деб таъкидлади.

- Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бошлаган иш давом этишига умид қиламиз, Россия томони эса ўзбек халқи ва раҳбарияти билан дўстона муносабатларни давом эттиради, - деди Путин.

Россия раҳбарига ҳамрохлик қилган Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида "Путин ва Каримов бунёд этган кўприкни мустаҳкамлашда давом этамиз", деб таъкидлаган:

"Сизнинг бугунги ташрифингиз ҳам муносабатлар даражасидан дарак ва бунинг учун биз миннатдормиз. Биз Россия Федерацияси билан ташқи алоқаларда тўлақонли стратегик шерикликка эгамиз ва биз сиз ва Ислом Каримов узоқ йиллар давомида бунёд этиб келган кўприкни мустаҳкамлашда давом этамиз, - деди Мирзиёев.

Гул қўйиш маросимидан сўнг Россия раҳбари Самарқанддаги форумлар саройида Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримовалар билан учрашган ва уларга таъзия билдирган.

Шундан сўнг Путин каримовалар билан ёпиқ эшик ортида мулоқот ўтказган.

2 сентябрь куни инсульт оқибатида ҳаётдан кўз юмган Каримов 3 сентябрда ўзи туғилиб вояга етган Самарқанд шаҳрида Хўжаи Хизр масжиди ёнида шошилинч тарзда қурилган мақбарага дафн этилди.

Путин Самарқандга Хитойдан учиб келди. Катта Йигирматалик саммитида қатнашган Россия раҳбари Каримов жанозасига бош вазир Дмитрий Медведев бошчилигидаги делегацияни жўнатган эди.

Кузатувчиларга кўра, Путин Самарқандга фақат Каримов қабрини зиёрат учун келмаган.

Ўзбекистонлик блоггер Алексей Валосевичнинг ёзишича, Россия раҳбари учун келажакда Ўзбекистонга ким раҳбар бўлишини билиш ҳам муҳимдир.

78 ёшида вафот этган Ислом Каримовнинг 3 сентябрь куни бўлган жаноза маросимига дунёнинг 17 давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари келди. Ўзбекистон бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG