Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

Фарғонада ҳарбий вертолёт қулашидан тинч аҳоли зарар кўрмади


 Ми-171 вертолёти. Сурат uz24.uz сайтидан олинди.
Ми-171 вертолёти. Сурат uz24.uz сайтидан олинди.

18 октябрда Фарғона вилоятнининг Ўзбекистон туманидаги Шўрсув ҳарбий полигонида содир бўлган авиаҳалокат сабабларини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус комиссия ўрганмоқда. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги​ ўз манбаси хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли Ми-171 русумли вертолётнинг қулаб тушиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлган. Улардан 3 нафари экипаж аъзоси ва 6 нафари ҳарбий хизматчидир.

Ҳалокат сабабларини ўрганувчи комиссия аъзолари 19 октябрь куни эрталаб махсус автобусда воқеа жойига етиб борди ва тергов-суриштирув ишларини бошлаб юборди.

- Тергов билан ҳарбий вазирлик ходимлари шуғулланмоқда. Бизга вертолёт қулаб тушгани тўғрисида хабар 18 октябр куни соат 17:20-ларда келиб тушди. Вертолёт полигоннинг ўзига қулабди. У ерга борган қутқарувчилар ҳалокат жойидаги ўликларни кўчиришга ва вертолёт қисмларини ажратишда ёрдами тегди. У ерга эрталабдан бир автобус текширувчи етиб келди. Улар вертолёт қулаши сабабларини аниқлаб, эълон қилса керак, деди Озодликнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги ўз манбаси.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, Ми-171 вертолёти вазирликнинг “режа асосидаги парвози” давомида қулаб тушган.

Ҳалокат оқибатида 3 экипаж аъзоси ва вертолётда бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 6 ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Авиаҳалокат сабабларини текшириш бўйича махсус комиссия ташкил этилди. Ўзбекистон раҳбарияти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, Мудофаа вазирлиги тарқатган расмий хабарномада.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мулозими Озодликка ҳозирча бундан ортиқ маълумот берилмаслигини билдирди.

Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги ўз манбаларидан авиаҳалокат Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида жойлашган ҳарбий полигонида содир бўлганини аниқлади.

- Вертолёт Ўзбекистон туманидаги Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли Шўрсув дала полигонида қулаб тушди. Ҳалокат тергови билан фақат ҳарбий мутахассислар шуғулланмоқда – унга Ички ишлар ходимлари жалб қилинмади. Полигон одамлар яшовчи аҳоли пунктидан узоқда жойлашгани сабабли, маҳаллий аҳолига зарар етказилмаган, деди Озодликнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги ўз манбаси.

Маълум бўлишича, ушбу мақсадда Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, ҳарбий прокуратура ва бошқа куч ишлатар идоралар вакилларидан таркиб топган махсус комиссия ташкил қилинган.

Sputnik нашрининг ўз манбасига таяниб хабар қилишича, вертолётнинг қулашига Фарғона водийсига ўрнашган ёмон об-ҳаво шароитлари бўлган. Айтилишича, ҳалокат рўй берган куни минтақанинг айрим ҳудудларида секундига 15-20 метр тезлик билан эсувчи кучли шамол бўлгани, тоғли ҳудудларда қор ва ёмғир ёғиши қайд этилган.

Ҳарбий вертолётнинг қулашига техник носозлик ёки машина бошқарувида йўл қўйилган хатоликлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминлар ҳам комиссия аъзолари томонидан ўрганилаётгани маълум.

2009 й. январда Россиянинг Олтойида ҳам МИ-171 қулаб тушган
2009 й. январда Россиянинг Олтойида ҳам МИ-171 қулаб тушган

Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев терговни ўз назоратига олгани айтилмоқда. Мирзиёев ҳукумат номидан ҳалок бўлганлар оила аъзоларига таъзия билдирди.

Авиаҳалокат тўғрисида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабар ортидан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдиргани маълум бўлди.

“Қирғизистон Республикаси ва шахсан ўзим номимдан халок бўлганлар яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдириб қўйишингизни сўрайман”, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган номада.

Россиянинг "Миль" конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқарилган Ми-171 русумли транспорт вертолётлари 2009 йилдан бери 7 марта ҳалокатга учраган. Бу авиаҳалокатлар оқибатида жами 41 киши ҳалок бўлган.

Тинч мақсадларда фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган Ми-171 вертолётининг 2009 йилдан буён Ми-171Ш ҳарбий модификацияси ҳам мавжуд.

Ми-171 вертолётининг қулаши мустақил Ўзбекистон тарихида матбуотга маълум бўлган иккинчи авиаҳалокатдир. 2004 йил 13 январ куни Термиздан учган Як-40 самолёти Тошкент аэропортига қўниш пайтда ҳалокатга учраган, оқибатда самолёт бортидаги 37 нафар йўловчининг ҳаммаси нобуд бўлганди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмий маълумотларига кўра, бугунги кунда республика Ҳаво мудофааси ва Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 7 та авиация ва вертолёт полкида 15 мингга яқин ҳарбий хизматчи хизмат қилади.

Global Firepower расмий ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари қисмларида жами 65 та оддий ва 25 та ҳарбий верртолёт мавжуд.

XS
SM
MD
LG