Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2021, Тошкент вақти: 07:43

Матбуот шарҳи: Фарғоналик қотил, чақалоқфуруш шифокор ва пешоб фойдалари


Чақалоқфуруш шифокор 3 йилу 9 ойга қамалди

Фарғоналик йигит пул учун ўз холаси ва унинг яқинларини ўлдириб, ёқиб юборди. Ўзини Москваданман деб таништирган Сардор Миланони мухлислар хоин деб атади. "Фан" нашриётида чоп этилган китобда пешобни мунтазам ичиш тавсия этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори: Тил меъёрини бузганларни жавобгарликка тортиш вақти келди

Ўзбек матбуоти тил муаммоларига эътибор қаратди
Ўзбек матбуоти тил муаммоларига эътибор қаратди

Ўзбекистонда олий маълумотли раҳбар ва мутахассисларнинг давлат тилида равон ёза олмаслиги, кўчалардаги эълон ва ёрлиқларда тил қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолати ҳамон давом этмоқда. "Оила даврасида" газетаси 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан тил муаммоларига эътибор қаратади. "Миллий тилдан фойдаланувчи доираларда тил меъёрлари бузилганда, остига қизил чизиқ тортиб тўхтатадиган, ўрни келганда, жавобгарликка тортадиган бўлимлар ташкил қилиш вақти келди. Зеро, она тилимизнинг бугунги мавқеи ҳам шуни талаб қилмоқда" дейди Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов.

"Ҳуррият" газетаси ҳам 19 октябрь сонида тил меъёрларининг бузилишига бир қатор мисоллар келтиради. Масалан, мақолада Ўзбекистонни "жаннатмакон" деб аташ тўғри эмаслиги, чунки бу сўз мумтоз адабиётда "жойи жаннатда бўлгур", "раҳматли" маъносида ишлатилиши қайд этилади. Муаллифга кўра, бу ўринда жаннатмакон эмас, жаннатмонанд сўзини қўллаш лозим.

ИИВ расмийси: Чақалоқфурушлик қилаётган оналарнинг аксари енгилтабиат аёллар

Милиция ходимларига кўра, ўз фарзандини сотмоқчи бўлганларнинг кўпи енгилтабиат аёллардир
Милиция ходимларига кўра, ўз фарзандини сотмоқчи бўлганларнинг кўпи енгилтабиат аёллардир

Ўзбекистонда ўз чақалоғини сотаётган аксар оналар боланинг отаси билан никоҳдан ўтмасдан яшаётгани маълум бўлмоқда ("Постда", 15 октябрь). "Ходимларимиз томонидан аниқланган вояга етмаганларни сотиш билан боғлиқ жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, эркак киши билан никоҳдан ўтмай яшаётган ёш аёллар кўпинча ўзларининг фарзандларини сотишга ҳаракат қилишади. Чунки улар ўзларининг турмуш тарзини қариндошларидан яширишади. Бунинг устига ҳомиладор бўлиб қолсалар, сирлари ошкор бўлиши тайин... Яна бир бошқа тоифадаги аёллар енгилтаклик билан ҳаёт кечиришни ўзларига одат қилиб олишади. Бундайлар учун фарзанд умуман керак эмас, ҳатто ортиқча дахмаза саналади" дейди Ички ишлар вазирлиги ЖҚ ва ТҚКББ бошқарма бошлиғи, полковник Т.Нурмуҳамедов.

Фарғоналик йигит пул учун ўз холаси ва унинг яқинларини ўлдириб, ёқиб юборди

Беш нафар қариндошини ўлдирган фарғоналик йигит
Беш нафар қариндошини ўлдирган фарғоналик йигит

Фарғона вилоятида мудҳиш жиноят қайд этилди: коллежни битириб ёлчитиб ишламаган йигит ўз холаси ва унинг яқинлари жонига қасд қилди ("Ҳуқуқ", 13 октябрь). Исми ошкор этилмаган жиноятчи холаси бир неча йилдан бери машина олиш учун пул йиғаётганидан хабар топади. Шундан кейин у холасининг эри ва ўғли уйда йўқ вақтни мўлжаллаб Тинчлик шаҳарчасига – уларникига меҳмонга боради. Йигит жиноятни амалга оширишга бошқа бир қариндошини ҳам жалб этади. Икки жияни ёвуз ниятда келганидан бехабар хонадон бекаси уларни меҳмон қилади ва уйида олиб қолади. Икки йигит тунда холаси, унинг қизи, келини ва икки набирасини чавақлаб ўлдиради ва жамғарилган пулга эга чиқади. Сўнг жиноятни яшириш учун солярка қуйиб жасадларга ва ҳовлига ўт қўйишади. Қайд этилишича, мазкур жиноят тез муддатда фош этилган. Беш нафар қариндоши ҳаётига зомин бўлган йигит умрбод озодликдан маҳрум этилган. Унга ёрдам берган қариндоши ҳам озодликдан маҳрум қилинган.

"Фан" нашриётида чоп этилган китобда пешобни мунтазам ичиш тавсия этилди

Даъво истаганларга пешоб ичиш тавсияси
Даъво истаганларга пешоб ичиш тавсияси

Турли нашриётларда чоп этилаётган тиббиёт йўналишида китоблар одамларни чалғитиб, гоҳида беморларнинг аҳволи оғирлашувига сабаб бўлмоқда ("Оила даврасида", 20 октябрь). Масалан, 2000 йилда "Фан" нашриётида чоп этилган "Дардингизни олсин табиблар" китобининг 35 саҳифаси пешобнинг шифобахш хусусиятларига бағишланган. Китобда сийдикни мунтазам ичган одам буйрак, жигар ва бошқа оғир касалликлардан халос бўлиши, кун давомида қўлини уч марта сийдик билан ювган одамнинг кўзи равшан тортиши каби тавсиялар берилади. "Пешоб қайси дардга даво дея изласангиз, минг бир дард номи чиқади. Уринотерапия тарафдорлари бу "минг бир дардга даво суюқлик"ни ёшлик манбаи сифатида ичади, тери ва сочларига суртади. Бурун, кўз, қулоқ тешикларига иситиб, совитиб, тиндириб... томизади. Уни организмнинг чиқиндиси эмас, балки нектари сифатида қадрлашади" дейди тиббиёт фанлари номзоди, уролог, Халқ табобати академияси аъзоси Алижон Фақиров. Мутахассисга кўра, пешобдан фойдаланиш аслида инсон саломатлиги учун кони зарардир.

Андижонда чақалоқфурушлик қилган шифокор 3,9 йилга кесилди

Чақалоқфуруш шифокор 3 йилу 9 ойга қамалди
Чақалоқфуруш шифокор 3 йилу 9 ойга қамалди

Андижон вилояти Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси шифокори иккинчи марта чақалоқфурушлик жиноятини содир этди ("Ҳуқуқ", 20 октябрь). Икки фарзандини онасига ташлаб Россияга ишлашга кетган аёлнинг у ерда “ошиқлари” кўпаяди.

Кўнгилхушликлардан кейин у ҳомиладор бўлиб қолади. Ўзбекистонга қайтгач, қорнидаги боласини сотишга қарор қилади. Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг исми ошкор этилмаган шифокори аёлни туғдириб, бошқа бир аёл номига расмийлаштириб беради ва бунинг эвазига 2000 доллар пора олади. Қайд этилишича, мазкур жиноят куни келиб фош этилди ва шифокор 3 йилу 9 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзини Москваданман деб таништирган Сардор Миланони мухлислар хоин деб атади

Сардор Милано ўзбек мухлислари норозилигини уйғотди
Сардор Милано ўзбек мухлислари норозилигини уйғотди

Россиянинг Биринчи каналида намойиш этиладиган "Голос" лойиҳасида хонанда Сардор Милано ўзини Москваданман деб таништиргани кескин танқидларга сабаб бўлди ("Даракчи", 20 октябрь). Ижтимоий тармоқларда мухлислар таниқли ўзбек режиссёри Элёр Эшмуҳамедовнинг набираси бўлган Сардор Миланони "хоин" деб аташгача боришди. "Қалбида озгина бўлса-да, миллатга, Ватанга нисбатан муҳаббати бор инсон катта саҳнада, миллионлар олдида чиқиш қиларкан, ўз Ватани, она шаҳри ҳақида бир оғиз гапириб ўтса, уни ҳеч ким саҳнадан қувиб солмасди... Албатта, дарров хулоса чиқариб, бу ёш истеъдод эгасини хоинга чиқариш тўғри бўлмаганидек, уни тўла оқлаш ҳам мумкин эмас" деб ёзади "Даракчи" нашри.

XS
SM
MD
LG