Линклар

Ўзбекистондан чиқариб юборилган аёл 2 йилдан буён касал қизини кўра олмаётир


Россиянинг Красноярск шаҳридан Озодликка мурожаат қилган 43 яшар Нигора Норбутаева қарийб 2 йилдан буён Ўзбекистонда қолган касал ўсмир қизини кўролмай қийналаётганини сўзлаб берди. Қизимни бир кўрсам, кейин ўлсам майли, дейди Нигора.

Нигора Норбўтаева ҳали Совет даврида Ўзбекистондан Тожикистонга турмушга чиққан, қисқа вақт ўтгач эридан ажралиб, яна туғилган юрти - Ўзбекистонга қайтган.

Аммо у қарийб 2 йил олдин виза тартибини бузиш айби билан Ўзбекистондан Тожикистонга депортация қилинганини айтди.

Қонунга мувофиқ, Нигора Норбўтаева Ўзбекистонда туғилган ўсмир қизини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Ўзбекистоннинг Гулистон туманида туғилиб ўсган Нигора 90-йиллар бошида Тожикистон шимолидаги Зафаробод шаҳрига турмушга чиққан.

Зафарободда бир муддат яшагач яна Ўзбекистонга қайтган, уч фарзанд кўрган.

Орада эри уни ташлаб, Россияга кетади ва у ерда рус аёлига уйланади.

Нигоранинг айтишича, “у пайтлар қишлоқда ҳеч ким ҳужжат сўрамаган”, “ота соясида” яшаб юрган.

Кейинроқ “прописка”, ҳужжат масалалари бошланади.

Нигора Тожикистон қайдидан чиқиш учун СССР паспорти билан яна Зафарободга келади.

Тожик расмийлари “олдин янги тожик паспорти олишинг керак, кейин қайддан чиқарамиз, Ўзбекистонга бориб рўйхатга оласан,” деб маслиҳат беришади.

У Тожикистон паспортини олиб яна Ўзбекистонга қайтади.

- 2000-йиллар бошида ота-онам оламдан ўтди. Уйда энг катта фарзанд эдим. Ҳамма қийинчилик, ташвиш мени бўйнимга тушди. Битта уйда 2 йил ичида кетма-кет 3та ўлик чиқардим. Етишмовчилик бўлди, қийналдик. Албатта қариндош-уруғлар ёрдам бериб туришди. Далага чиқдим, гектар олиб ишладим. Ёзда ишлаган пулимизни қишда еб чиқдик. Яна Тожикистонга келдим, виза қилиб юрдим. Бир келишимда Тожикистонда 3 ой қолиб кетдим. 3-4 йил шунақа сарсон-саргардонликда юрдим. 2014 йилнинг декабр ойида виза муҳлати ўтиб кетгани учун мени судга чақириб, Тожикистонга депортация қилишди, - дейди Нигора.

Депортация қилинганлар орасида, Нигоранинг айтишича, у билан яна олти нафар Тожикистондан келин бўлиб тушган ёш аёл бўлган.

- Битта ёш келинчакка ичим ачиди, олти 6 ойлик чақалоғини Ўзбекистонда қолдириб, аёлни ҳам депортация қилишди. Яна депортация қилинганларга, 820 минг штраф тўлашга тўғри келди. Мендан олдинроқ Ўзбекистондан Тожикистонга депортация қилинган 21 яшар ўғлим Россиядан пул жўнатди, жаримани тўлаб, 12 декабрь куни Тожикистонга чиқиб кетдим. У ердаги шароит ҳам оғир эди. Россияга ишга чиқиб кетишга мажбур бўлдим, - деб эслайди Нигора Норбўтаева.

“Аяжон, келиб мени олиб кетинг ё мен олдингизга борай”

Нигоранинг айтишича, ҳозир у Красноярск шаҳридаги ширкатларнинг бирида ошпазлик қилиб топган пули, асосан Ўзбекистонда қолган ўсмир қизининг яшаш ва даволанишига сарфламоқдаи.

У Ўзбекистондан депортация қилингач кенжа қизидан узоқ бўлмагани, аммо қарийб 2 йил давом этаёткан жудолик, қизи соғлиғига ёмон таъсир қилганига ишонади.

- Мен Ўзбекистондан чиқиб кетганимга қарийб 2 йил бўлган бўлса, ўшандан буён бош оғриғидан шикоят қилиб келади. Мен узоқ бўлганимдан сиқилиб шундан касал бўлган деб ўйлайман. Ёшлигида бирор марта ҳам қаттиқ касал бўлмаган. Шовқин жой ёқмайди аяжон, дейди. Стрессга тушган, сиқилган, шунинг учун касал бўлган деб ўйлайман. Россиядан Тожикистонга қайтганим билан, мен Ўзбекистонга касал қизимни олдига боролмайман. Чунки мен депорт қилинганман у ердан. “Аяжон келиб мени олиб кетинг ё мен олдингизга борай” дейди. Депортацияга тушганим боис, Ўзбекистонга кира олмаслигимни қизимга тушунтириш қийин. Тошкентга олиб бориб уч маротиба томография қилдиришди. Менга тушунтиришлари бўйича мияни орасида суюқлик тўпланиб қолган. Тошкентдаги профессор -шифокорлар қизимни касаллиги оғир эканлиги ва унга жарроҳлик қилиш лозимлигини айтди,- дейди Нигора.

У қизи ҳаётини сақлаб қолиш учун Тожикистонга ёки Россияга чиқаришга уринаётгани, лекин ҳар икки юртда ҳам фарзандига турар жой ёки шароити йўқлигини айтади.

Нигора муваққат президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг борди-келдиларига енгиллик киритиши ва ўзига ўхшаган минглаб инсонлар тағдирига эътибор қаратиш лозимлигини айтади.

- Бирортасини гапи ўтмади. Лекин паспорт столи ходимлари охирги пропискаси қаерда бўлса, ўша ерга бориши керак деб айтишди. Ўртада фақат 4 йил Тожикистонда яшаб келганман холос. Мен ҳатто адвакат ҳам олган, лекин иш бермади. Судга қариндош уруғим ҳаммаси борган эди, иш бермади. Виза олиб бир ой яшайман Ўзбекистонда, яна қизимни ташлаб яна орқага Тожикистонга қайтаман. Бир ой яшаб, яна виза олиб Ўзбекистонга келаман. Депортацияга тушганимча шундай қилиб кун кечирдим. Роса сарсон-саргардон бўлдим. Пулим йўқлиги учун ми, ё бошқа сабаб боис ми қизимни чиқариб ололмаяпман. Қизимни бир марта кўрсам, кейин ўлсам майли, - дейди Нигора.

XS
SM
MD
LG