Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:55

Ўзбекистонда бу сафар Hаlloween нишонлашга монелик қилинмади


Ўйилган ошқовоқ - Ҳеллоуин байрамининг асосий персонажи
Ўйилган ошқовоқ - Ҳеллоуин байрамининг асосий персонажи

Ўзбекистонда расмий тақиқ остида бўлиб келган Ҳеллоуин​ байрами нишонланишига бу йил монелик қилинмади. Ғарб давлатларида оммавий байрамлардан бири саналган Ҳеллоуин​ 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси нишонланган бир пайтда Озодлик Ўзбекистон пойтахтида ҳам “жодугарлар кеча”лари ўтказилгани, айрим кафе-ресторанлар бу байрамни нишонлашга рухсат бераётганини аниқлади.

Hаlloweenга рухсат йўқ. Лекин у тақиқлангани ҳам йўқ...

Бир неча йилдан буён Тошкент шаҳрида Ҳеллоуин нишонланишига расмий рухсат бермай келаётган бўлса-да, бу йил биринчи маротаба уни нишонлашга ҳукумат монелик қилмагани кузатилди.

Ўзбекистон пойтахтида кийим тикиш билан шуғулланадиган агентликларнинг кўпида карнавал либослари, жумладан Hаlloweenда кийиладиган жодугар, арвоҳлар ва бошқа афсонавий образлар кийимлари сотилаётгани маълум бўлди.

Озодлик Тошкент ательеларидан бирида охирги пайтларда бу каби маҳсулотларга талаб ошганини тасдиқлади.

- Ҳеллоуинга кийимлар бор. Ҳеллоуинга асосан “даҳшатлироқ” бўлиши керак, шу учун асосан қора кийимдан тикаяпмиз. Бир хилларга “панчо”, бошқаларга “алвасти” кийими, бир хилларга бошига “шайтонча” парик қилиб, макияж қилиб ясаяпмиз.Одам жудаям кўп, деди жорий йилда ҳеч кимдан бундай кийимларга тақиқ тушмаганини айтган ателье ходимаси.

Беларусда ошқовоқлар "Ленин" клубида безатилмоқда
Беларусда ошқовоқлар "Ленин" клубида безатилмоқда

Ғарб давлатларида кенг нишонланадиган "жодугарлар байрами" Ўзбекистонга атиги 5-10 йил олдин кириб келган бўлса-да, қисқа вақт ичида бу байрам Ўзбекистон ҳукуматининг тақиқи остига тушишга улгурди.

Бундан роппа-роса 3 йил олдин Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Ҳеллоуин​ байрамини нишонламаслик хусусида барча халқ таълими бўлимларига махсус телефонограмма юборгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Ўшанда мактаб директорлари, боғча мудиралари ҳамда ўқитувчилардан иборат “ишчи гуруҳлар” Скверда ва бошқа гавжум жойларда юришиб, ўқувчиларни Ҳеллоуин​ни байрам қилишга қўймаслик рейдларини ўтказган.

Шунингдек, бу тадбирга жалб қилинган милиция ходимлари карнавал маскаларида бўлган ҳар қайси шахсни бўлимга келтириб, “тушунтириш ишлари”ни олиб боргани айтилган эди.

Озодлик “тақиқланган байрамлар”га жорий муносабат хусусида Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги, Маънавият тарғибот маркази ва Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилди. Республикада тарғибот-ташвиқот ишлари билан шуғулланувчи мутассади идоралардан бирида бу хусусда бирор қўшимча йўриқнома ёки оғзаки буйруқ келмаганини билдиришди.

Исми сир қолишни сўраган суҳбатдош Ҳеллоуинни нишонлашга расман рухсат берилмаганига қарамасдан, уни нишонлашга монелик қилувчи бошқа буйруқ бўлмаганини ҳам айтди.

Озодлик Тошкентнинг саноқли клуб ва ресторанлари бу йил Ҳеллоуин нишонланиши мумкинлиги тўғрисида тасдиқ олди.

- Ҳа, ҳа, бўлади, акажон, дея гапни қисқа қилди Тошкент тунгги клуб ходимларидан бири.

Бироқ, аксар кўнгилочар ва тунги клубларда ҳозирча бу каби байрамларни нишонлашга тақиқ борлигини билдиришди.

- Ҳеллоуин нишонлаш тақиқланган. Бизни бу ҳақда огоҳлантириб келишади, суҳбатлар ўтказишади, деди суҳбат олиб борувчилар “орган” одамлари эканини билдирган “Аристон Парк” ресторани ходимаси.

Шайҳонтоҳур туманидаги X-clubда фақат “миллий байрамларни” нишонлашга рухсат сақланиб қолаётганини билдиришди.

- Ҳеллоуин нима дегани?! Бу байрам ҳатто ўзбекча ҳам эмас! Шу сабабли биз уни ўтказмаймиз. Наврўз байрами бўлганда – бошқа гап. Яъни, бизга тегишли бўлмаган байрамларни биз нишонлашга ҳаққимиз йўқ. Бизда ҳатто Янги йил нишонланлаш тақиқланган! Афсуски, қонунлар ва тартиблар ўзгаргани йўқ, деди клуб вакиласи.

"Байрамлар хилма-хиллиги - толерантлик инъикосидир"

Ўзбекистонлик таниқли рассом Вячеслав Охунов Ҳеллоуин каби ҳазил карнаваллар ўтказилиши жамиятнинг очиқлиги ва толерантлигини намойиш қилади, дейди.

Санъаткорнинг фикрича, кўплаб тадбирлар қатъий назоратда бўлган ва доимий тақиққа учраган жамиятларда бу каби байрамларга доимий қизиқиш бўлади.

- Шахсан мен бундай байрамларга нормал муносабатдаман. Байрамлар қанчалик кўп бўлса - шунча яхши. Масалан, афсусдаманки, Тошкентда “шаҳар куни” нишонланмайди. Бутун дунё шаҳарларида ўтказилади бу байрам! Майли Ғарб байрамларини четга олиб турайлик – ўзимизда Наврўздан ташқари “Анор сайли”, “Қовун сайли”, қишки байрамлар нишонланмайдику... Бу ҳақда гапирилмайди ҳам. Расман бизда иккита байрам қолди, холос. Айниқса дунёни кўраётган ёшлар учун ўзга маданият билан шу тарзда танишиш - бу қизиқ-ку! Ундан ташқари, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарёда ўзига хос байрам ва ўйин кулгу давралари бор. Қолаверса, Ўзбекистонда кўплаб бошқа миллат вакиллари ўз байрамлари билан яшамоқда, дея фикр билдирди Вячеслав Охунов.

Суҳбатдош турфа хилдаги байрамлар ўсиб келаётган ёшлар тарбиясида, улар дунёқарашини кенгайтиришда жуда ижобий ўрин касб этишини қўшимча қилди.

Hаlloween ("All Hallows' Evening") ёки "Барча Авлиёлар Кечаси" қадимги келтларнинг ёвуз кучларни ҳайдаш маросими бўлиб, ҳар йили 31 октябридан 1 ноябрига ўтар кечаси ўтказилади.

Ривоятларга кўра, шу куни ўлган одамларнинг руҳи ерга қайтиши мумкин. Шу боис қора тунда одамлар уйлари атрофига ичига ёниқ шам солинган ошқовоқларни қўйиб чиқадилар.

Ичи кавлаб олинган ошқовоқлар кўз, бурун ва бошқа турли шаклларда ўйилади.

Ўзбекистонда ҳам бу байрам кенг омма орасида урф бўла бошлаши ортидан расмийлар Ҳеллоуин ва насроний байрамларни нишонлашни тақиқлаб қўйди.

Ўзбекистонда бир неча йилдан буён Янги йил базмлари ва кечаларини ўтказишга тақиқлар борлиги тўғрисида Озодлик хабар бериб келади.

Тўрт йилдан буён ўзбекистонлик талаба ёшларга 14 февраль – Авлиё Валентин севишганлар кунини нишонламаслик қатъиян тавсия қилиниб келинмоқда.

Ғарблик ёшлар кенг нишонлайдиган, мустақиллик йилларида ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам урф бўлган Авлиё Валентин кунида йигитларнинг қизларга гул тухфа қилиши тақиқланди.

2012 йилнинг январида Республика “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан тайёрланган “14 февраль Севишганлар куни эмас” номли махсус тарғибот буклети талабалар орасида тарқатилган эди.

XS
SM
MD
LG