Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:49

БМТ: Ўзбекистон ҳар йили 1,6 миллиард доллар зарар кўрмоқда


БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти ёйинлаган янги ҳисоботида Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қатор ютуқларга эришганини, бироқ мамлакатда ердан самарали фойдаланиш механизми мавжуд эмаслиги ортидан йил сайин миллиардлаб доллар зарар кўрилаётганини қайд этди. Қуйида мазкур ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмининг қисқача мазмуни билан таниша оласиз.

Ўзбекистонда 4 миллион гектардан кўпроқ ерга экин экилади

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти “Марказий Осиё ва Кавказ ортида ер заҳиралари ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги”, деб номланган ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистонда ер заҳираларидан унумли фойдаланилмаётгани ортидан ҳар йили ўртача 1 миллиард 600 миллион доллар зарар кўрилмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон минтақада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун энг қулай шароитларга эга бўлган давлатдир.

Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизи қишлоқларда яшайди. Ялпи ички маҳсулотнинг 28 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда экин экиладиган 4 миллион гектардан ортиқроқ ер бор. Бу ернинг 87 фоизи суғориладиган майдонлардир”, дейилади ҳисоботда.

"Ғалла мустақиллиги"га эриша олмаган Ўзбекистон

БМТ экспертлари Ўзбекистонда “ғалла мустақиллиги” сиёсати олиб борилганини нотўғри қадам сифатида баҳолаганлар.

“Бу вариантнинг фойдасиз эканини ҳисоблаб чиқиш учун яхши иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Негаки, бозорда пахта нархи ғалла нархидан беш баробарга қимматроқдир, ғалланинг ҳосилдорлиги эса пахта ҳосилдорлигидан 2 маротаба кўпроқдир. Албатта, ҳосилни етиштириш учун сарфланадиган ҳаражатда фарқлар бор, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам суғориладиган ерларда ғалла етиштириш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди”, дейилади ҳисоботда.

Муаллифларнинг таъкилдашича, бугунги кунда Ўзбекистонда 1 миллион гектар суғориладиган ерда ғалла етиштирилади. Ғалла ҳосилдорлиги гектарига 45-47 центнерни ташкил қилади.

"Ғалла ҳосили 6 миллион тоннадан ошиб кетди. Бу ғалла мустақиллиги учун етарли миқдордир. Бироқ ғалла мустақиллигига эришилмади. Чунки суғориладиган ерда етиштириладиган буғдойнинг сифати тандир нон ёпиладиган ун тайёрлашга имкон бермайди. Шунинг учун мамлакатда ғалла етарли бўлса ҳам, хориждан бунга қўшимча равишда 1 миллион тонна буғдой уни сотиб олишга мажбур бўлинмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистонда 2 миллион гектар ер эррозияга учраган

БМТ мутахасисларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда шўрланган ерлар миқдори умумий экин майдонларининг 67 фоизини, ўта шўрлашган ерлар 11 фоизини ташкил қилади. 2 миллион гектар ер эрозияга учраган. 245 минг гектар ер эса ҳосилдорлигини йўқотган. Бунинг натижасида 1960 йилларда бир гектар ердан ўртача 29,5 центнер пахта олинган бўлса, 1991 йилга келиб ҳосилдорлик 25,7 центнерни ташкил қилган.

Ер деградациясидан ҳар йили 252 миллион доллар, яйловлардан 91 миллион доллар, сувдан унумли фойдаланмаслик оқибатида 118,5 миллион доллар зарар кўрилмоқда.

Ерлар инфраструктурасини реабилитациялаш учун 31 миллиард доллар керак бўлади

Ҳисобот муаллифлари Жаҳон банки маълумотига таянган ҳолда ер деградацияси масшатбларининг кенгайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги ва аҳоли фаровонлигига таҳдид солаётганини таъкидлаган. Жаҳон Банки ва Глобал экология фонди ҳисоб китобларига қараганда, Ўзбекистонда ерларни, ирригация ва дренаж инфраструктурасини реабилитация қилиш учун 23 миллиарддан 31 миллиард долларгача маблағ талаб қилинади.

Айни пайтда ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ютуқларга эришилаётганини ҳам билдирган. Жумладан, қишлоқ хўжалик масҳулотларини етиштириш йил сайин аҳоли сони ўсишига нисбатан 1,5 фоизга кўпроқ бўлмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми ўсиши бўйича Ўзбекистон минтақада Тожикистон ва Туркманистондан кейинги учинчи ўринни эгалламоқда.

Сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми кўпайиб, четдан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш камайган. Масалан, буғдой етиштириш 17 фоиздан 85,3 фоизга, картошке етиштириш 55 фоиздан 98 фоизга, гўшт 88,8 фоиздан 98,4 фоизга, савбазовт етиштириш 120 фоизга, мева етиштириш 142 фоизга кўпайган.

XS
SM
MD
LG