Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2019, Тошкент вақти: 03:51

Йил якунлари: “Евромайдон” билан Европа ўртасида коррупция тўсиқ бўлмоқда


Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида таҳсил олаётган 17 ёшли Святослав Юраш миллионга яқин ҳамюрти Киевда намойишга чиққани акс этган видеони кўрганидан кейин, инқилобга айланиш арафасида турган намойишда шахсан иштирок этишга қарор қилди.

Бир кун аввал, яъни 2013 йилнинг 30 ноябрида асосан талабалардан иборат юзлаб намойишчини полиция калтаклаган эди. Табиатан идеалист бўлган Юраш бошқа қўл қовуштириб ўтира олмас эди. У Киевга учди ва шунчаки “майдон” номи билан танилган “Мустақиллик” майдонига ошиқди. Тез орада у катта таъсирга эга бўган “Евромайдон” PR агентлигини яратди. Агентлик намойишчилар овозини бир неча тилда, бир неча платформада баландлатди.

2010 йилда россияпараст Виктор Януковичнинг президент этиб сайлангани келтириб чиқарган умидсизлик туфайли Юраш Украинани тарк этган эди. Майдонда эндиликда бу умидсизлик озайди. Юраш бошқа намойишчилар билан биргаликда ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатишни ва шаффофликни оширишни талаб қилган ҳолда полиция билан тўқнашар экан, унинг ичи ёнди. У ўз мамлакати ниҳоят тўғри йўлда эканлигини ҳис қилди. Юраш учун бу йўл Украинани янги демократия сифатида Россия кишанларидан озод этиб, Европа томон элтарди.

Орадан уч йил ўтиб, Юрашнинг иштиёқи ғазабга айланди.

Якукович Россияда сургунда бўлса-да, намойишга чиққан аксар украиналик олға силжиш йўқлигидан умидсизланиб, мамлакатлари намойишлар бошлаб берган Европага олиб борувчи йўлдан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида арзланди.

Жорий йилда инқилобдан кейин тузилган иккинчи ҳукумат парчаланиб кетди, ислоҳот қилиш тарафдори бўлган бир неча вазир ва расмий ишдан кетди. Уларнинг ўрнини асосан ўзгаришларни хушламайдиган сиёсатчилар эгаллади. Улар орасида президент Петро Порошенкога яқин шахслар ҳам бор. Танқидчилар Порошенкони Украина сиёсатини эски ҳолига қайтаришда айбламоқда.

20 га чиққан Юраш Озодлик билан суҳбатда “Майдондан кейинги етакчилик Украинани қайта қуриш умидимизни чиппакка чиқарди”, деди. “Бу одамлар мамлакатни ушлаб туришибди, аммо уларда ислоҳот қилиш истаги йўқ”.

“Бунининг ўрнига улар одатий коррупцион йўлга қайтишган”.

Украинада чиндан ҳам коррупция чуқур илдиз отган. Қолаверса, айбловчилар собиқ ёки амалдаги расмийларни жиддий жиноятлар, жумладан, “Евромайдон” давомида 100 дан ошиқ намойишчининг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортгани йўқ.

Украина иқтисоди эса 2014 йилги тартибсизликлар ва улар ортидан Россия ҳамда россияпараст айирмачилар билан келиб чиққан можародан бери оёққа тургани йўқ. Мамлакат пул бирлиги гривна кескин қадрсизланди. Яқинда ўтказилган сўровлар натижасига кўра, украиналикларнинг тўртдан уч қисми ойига атиги 200 доллар топади ва ўзини камбағал ҳисоблайди; аҳолининг 82 фоизи эса инқилобдан кейин яшаш шартлари ёмонлашган, деб ҳисоблайди.

“Евромайдон”га чиққан намойишчиларни руҳлантирган идеализм ўз кучини йўқотди. SOCIS ташкилоти ўтказган сўров тўрт украиналикнинг тақрибан биттаси бугун ҳам “Евромайдон”да иштирок этишни исташини аниқлади. Аҳоли орасида ҳаммаси жойида эмас, деган фикр кенг тарқалган. Сўровда иштирок этганларнинг деярли ярми 2017 йилнинг биринчи ярмида бундай намойиш рўй бериши мумкин, деб ҳисоблайди.

2013-14 йиллардаги намойишлар давомида кенг тарқалган “Бандитлар кетсин!” ҳамда “Уят!” каби шиорлар президент ҳамда ҳукуматга қарши намойишлар давомида яна янграмоқда. 8 декабрь куни Украина касаба уюшмалари федерацияси олида мингдан ошиқ намойишчи депутатлар коммунал хизматлар нархи ошишига қарамасдан, ижтимоий нафақаларни оширмагани учун ўзларидан уялишлари кераклигини айтиб, уларни кескин қоралашди. 21 ноябрь, яъни намойишлар бошланганига уч йил тўлган кун ўн қанот гуруҳлар аъзолари Украинанинг “жиноятчи етакчилари” кетишини талаб қилиб “Мустақиллик” майдонига чиқишди. 12 йил ичида икки инқилобни бошидан кечирган Киевда учинчи инқилоб содир бўлиши мумкин эканлиги ҳақидаги миш-мишлар бир неча ойдан бери тинчимаяпти.

Собиқ журналист, ҳозир ҳуқуқшунослик билан шуғулланувчи Мустафа Наййем инқилобнинг уч йиллиги арафисда Facebookда “Агар ҳозирги ҳол давом этаверса, бизни контрреволюция кутмоқда, деб ўйлайман”, деб ёзди. Наййемнинг 2013 йилнинг 21 ноябрида Facebookда ёзган пости “Евромайдон” учун туртки бўлган, деб ҳисобланади.

Аксар украиналик ривожланиш аста кетаётгани учун асосан бир шахсни: президент Петро Порошенкони айблайди. Ўз лавозимидан кетган бир неча ислоҳотчи сиёсатчи Порошенко яқинларини коррупция ва таниш-билишчиликка қарши курашга тўсқинлик қилишда айблаб келади. Яқинда мамлакатдан ўз хоҳиши билан чиқиб кетган парламент аъзоси президент ва унинг яқинларини кенг қамровли коррупцияда айблади. Порошенко маъмурияти эса бу айбловларни кескин рад этади.

Келиб чиқиши литвалик бўлган собиқ иқтисод вазири Айварас Абромавичус февраль ойида Порошенко ҳамкорлари учун “қўғирчоқ” бўлишни истамаслигини айтиб, Украина ҳукуматидан кетди. Абромавичус президент тарафдорларини иқтисодий ислоҳотларга тўсқинлик қилишда ҳамда ўзини ҳукумат бошқарувидаги ширкатлардаги юқори лавозимларни шубҳали шахсларга беришга мажбурлашда айблади.

Президент томонидан Одессса губернатори этиб тайинланган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ўтган ойда Порошенко ва унинг шерикларини коррупцияда айблаб, лавозимидан кетди. Саакашвилининг “Мен украинман” видеоси билан танилган ҳамкори Юлия Марушевска Озодлик билан суҳбатда Одесса вилоятида ислоҳот қилиш учун ўзи ва Саакашвилига берилган “яшил чироқ қизил чироққа айланганини” айтди. Марушевсканинг айтишича, улар иш бошлаганларидан кейин Порошенконинг ҳукуматдаги шерикларида, хусусан, бош вазир Володимир Хройсманда сиёсий иштиёқ ҳамда ўзгариш истагининг умуман йўқлигини кузатишган. Марушевска Саакашвили кетганидан бир ҳафта ўтиб лавозимини бўшатди.

Киевдаги “Фуқаровий тозалаш қўмитаси” директори, коррупцияга қарши курашувчи фаол Олександра Дрикнинг айтишича, Порошенко ҳамда Хройсман ҳукумати ҳам Украинани қўлловчи ғарб мамлакатларига хуш келиш учун озгина ислоҳот қилишга, ҳам мамлакат 1991 йил мустақил бўлганидан бери олигархларни бойитиб ҳамда ҳукумат сандиқларини бўшатиб келаётган “эски, коррупцион” тузумни сақлаб қолишга уринмоқда.

Табиийки, айрим тўсиқларни бартараф этиш фақат Киев қўлида эмас. Янукович қулатилиб, Кремль Қримни аннексия қилиб олиши ортидан Украина шарқида юзага келган, ҳозиргача давом этаётган уруш Украинада ислоҳот қилишни секинлатмоқда. 6 декабрь куни уруш фронтига борган Порошенко 2014 йил апрелида бошланиб, 31 ойдан бери давом этаётган тўқнашувлар натижасида 10 мингдан ошиқ одам, жумладан, камида 2500 аскар ҳамда 7500 оддий фуқаро ҳалок бўлганини айтди. Москва мазкур уруш ёрдамида Украинани беқарорлаштириб, истаган пайтида урушни аланглатиб келади. Президент Прошенконинг айтишича, уруш туфайли Украина кунига 5 миллион доллар йўқотмоқда.

Ғарб мамлакатлари Киевни қўллаб келади. Аммо икки ғарблик дипломат Озодлик билан суҳбатда Вашингтон ҳамда Брюссель Киевдаги секин ривожланишдан ҳамда Порошенко ислоҳот қилишни исмаётганидан норози эканлигини айтишди. Халқаро валюта жамғармаси расмийлари ноябрь ойида Киевга ташриф буюришди, аммо коррупцияга қарши курашиш ҳамда юқори лавозимли порахўрларни жавобгарликка тортиш учун муайян чора кўрилиши кераклигини айтиб, мамлакатга янги молиявий ёрдам беришни ваъда қилишмади. Европа аудиторлари суди 7 декабрь куни эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, Европа Иттифоқи Украинага ажратган маблағ “оз самара берган” холос.

Президент маъмурияти етакчиси ўринбосари Дмитро Шимкив Озодликка берган интервьюсида “шошиш ўрнига бир маромда олға силжиш муҳимдир”, деди. “Агар биз тўхтаб қолсак, мамлакат қийин аҳволда қолади. Ортга йўл йўқ, деб ўйлайман”, дея сўзини давом эттирди расмий.

Украина фақат муаммо ичида қолгани йўқ. Мамлакат коррупцияга қарши янги агентликларни тузишга, расмийлар мулки ҳамда ҳукумат харидларини ёритиш электрон тизимини киритишга, армиясини замонавийлаштиришга ҳамда Россияга бўлган энергия қарамлигини озайтиришга (Киев бир йилдан ошиқ вақтдан бери Россия газини сотиб олгани йўқ) муваффақ бўлди.

Энг кўзга кўринарли ислоҳот эса порахўр ва жоҳил ходимлари билан ном чиқарган полиция кучларидаги ўзгаришлардир. “Еромайдон”даги ҳодисалар ҳақида Twitterда ёзиб танилган 25 ёшли фаол Катерина Крук “Уч йил аввал полицияга қарши турган эдик. Эндиликда улар учун турибмиз”, деди.

Декабрь ойида ҳукумат бир неча йирик ислоҳотни қабул олди. Келиб чиқиши АҚШлик бўлган соғлиқни сақлаш вазири Ульяна Супрун Озодлик билан суҳбатда бу ислоҳотлар Украинанинг бюрократик ҳамда коррупцион соғлиқни сақлаш тизимини ўзгартиришига ишонишини айтди. “Евромайдон”да тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим роль ўйнаган Супрун 1 январь куни кучга кирадиган ислоҳотлар барча украиналикларни дастлабки ҳамда тез тиббий ёрдам билан таъминлашини қўшимча қилди.

Украина расмийлари юқорида айтиб ўтилган ислоҳотлар Европа Иттифоқига ўз мамлакатлари ўзгача муносабат қилишга арзишини кўрсатишига умид боғлаганлар. Яқиндагина украиналикларга Шенген ҳудудига визасиз саёҳат қилиш имконини берувчи келишув имзоланди. Европага визасиз саёҳат қилиш имконияти “Евромайдон” намойишларининг асосий талабларидан бири эди.

Аммо бу ўзгаришлар умидсизланган украиналикларни ўз мамлакатларида ҳали ўзгаришлар давом этишига ишонтира олмайди.

Абромавичус собиқ бош вазир Арсений Яценюк ҳукуматини назарда тутган ҳолда “Ҳақиқий ислоҳотларга бўлган умид “супер жамоа” тарқаб кетганидан кейин пучга чиқди”, деди. Мазкур ҳукумат аъзолари орасида Абромавичус билан бир қаторда Америкада туғилган молия вазири Наталья Яресько ҳам бор этди. Мазкур ҳукумат жорий йилнинг апрель ойида тарқаб кетди.

2016 йил ўз якунига яқинлашар экан, Юраш бир пайтлар ўзининг “Евромайдон” PR амалиёти маркази бўлган касаба уюшмаларининг куйиб кетган биноси олдида ўтириб, келажакка оптимизм билан қарашини айтди. Аммо фаол Украина расмийлари унинг ишончини оқламаганини ҳамда ўзларига берилган имкониятни қўлдан бой беришганини таъкидлади.

“Ҳозирги расмийлар янги Украинанинг асосчилари ўлароқ тарихда қолиш имкониятини қўлдан бой беришди. Порошенко Украинанинг Жорж Вашингтони бўлиши умкин эди. Аммо у бу имкониятни фойдалана олмади”.

XS
SM
MD
LG