Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:05

Жанубий Корея Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик давом этишига умид билдирди


Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1991 йилдан 2015 йилгача Жанубий Кореяга 7 марта сафар қилган эди.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1991 йилдан 2015 йилгача Жанубий Кореяга 7 марта сафар қилган эди.

Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазир Хван Гё Ан 5 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон суҳбатида икки давлат ўртасидаги тиғиз ва стратегик ҳамкорлик давом этишига умид билдирди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, суҳбат Жанубий Корея ташаббуси билан ўтказилди.

Хабарда айтилишича, Корея президенти Мирзиёевни сайловда ғалаба қилгани билан муборакбод этган. Шундан сўнг томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллиги билан бир-бирини табриклаган.

Суҳбат давомида Ўзбекистон - Жанубий Корея муносабатларининг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

«Суҳбат очиқ ва дўстона руҳда ўтди», — деб билдирди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Хван Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе коррупция жанжали оқибатида жиноий жавобгарликка тортилиши муносабати билан ўтган йилнинг 9 декабридан президент лавозимини вақтинча бажариб келмоқда.

У бу лавозимни эгаллаганидан бери биринчи марта хориж давлати президенти билан мулоқот қилди.

Хван маъмурияти матбуот хизматининг билдиришича, суҳбат чоғида Жанубий Корея раҳбари Ўзбекистон билан янги лойиҳаларни амалга ошириш масаласини томонлар ўрганиши зарур эканини таъкидлади. Бунга қадар Жанубий Корея Ўзбекистонда Сургил кони лойиҳасини якунига етказган эди.

Сурғил кони негизидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси 2016 йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёев ва Хван Гё Ан иштирокида расман очилган. Умумий қиймати 3 миллиард 900 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳани амалга ошириш шартномасига 2006 йилда қўл қўйилган эди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, 2017 йилда корейсларнинг Ўзбекистонда истиқомат қила бошлаганига 80 йил тўлади.

“Бу сана арафасида томонлар икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда корейс миллатига мансуб ҳамюртларимиз алоҳида ўрин тутишини қайд этиб, Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи қурилишини имкон қадар жадаллик билан охирига этказиш зарурлигини таъкидладилар. Мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида Ўзбекистоннинг корейс миллатига мансуб фуқаролари фаол иштирок этаётгани алоҳида қайд этилди”, дейилади матбуот хизмати маълумотномасида.

Жанубий Корея томонидан тарқатилган маълумотда Ўзғбекистонда 180 минг этник корейц яшаётгани ва Корея маданияти ва санъати уйи қурилиши 2018 йилда якунланиши режалаштирилаётгани қайд этилган.

Президент вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасига расмий ташриф буюришга таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. 2015 йилда икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 1 миллиард 300 минг долларни ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1991 йилдан 2015 йилгача Жанубий Кореяга 7 марта сафар қилган эди.

XS
SM
MD
LG