Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

Генерал Дўстумнинг 9 нафар яқини ҳибсга олинади


Афғонистон вице-президенти Абдурашид Дўстум
Афғонистон вице-президенти Абдурашид Дўстум

Афғонистон Бош прокуратураси мамлакат вице-президенти Абдурашид Дўстумнинг 9 нафар тансоқчи ва яқинини ҳибсга олиш ҳақида ордер берди. Прокуратура вакилининг Озодликка айтишича, бу шахслар Жузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчини калтаклаб таҳқирлаганликда гумонланмоқда.

Афғонистон Бош прокуратураси матбуот хизмати мулозими Жамшид Расулийнинг 24 январь куни Озодлик радиосига айтишича, мамлакат хавфсизлик кучлари собиқ ҳокимни калтаклаб таҳқирлашда гумонланган 9 кишини қўлга олишга киришган.

“Тергов бу ҳаракатларни содир этган 9 кишини ҳибсга олишга қарор қилди”, деди Жамшид Расулий.

Прокуратура мулозимининг айтишича, Абдурашид Дўстум ёки унинг вакили тергов бериш учун прокуратурага чақиртирилган ва у келмаган тақдирда Дўстумни ўзини ҳибсга олиш ҳақида қарор олинади.

Афғонистон вице-президенти Абдурашид Дўстумнинг сиёсий рақибларидан бири бўлган Аҳмад Ишчининг даъво қилишича, генерал Дўстум ва унинг қўриқчилари уни калтаклаганлар, кийимларини ечиб ташлаганлар ва унга нисбатан жинсий тажовуз мимикасини қилганлар.

“Жаноб Дўстум мени уйига олиб борди. Уйига кираётган пайтимизда Дўстум ўз қўриқчиларини чақириб, мени машинадан тортқилаб туширишди. Танамда улоқ либоси бўлганини кўрган Дўстум беш нафар қўриқчисига кийимларимни ечишни буюрди, улар ички кийимларимни ҳам ечиб ташлашди,” дея ҳикоя қилган эди Аҳмад Ишчи.

Унинг иддао қилишича, Дўстумнинг қўриқчилари, шунингдек, унга нисбатан жинсий тажовуз мимикасини қилганлар ва шу ҳолатда уни суратга олганлар.

Аҳмад Ишчи
Аҳмад Ишчи

Генерал Дўстум собиқ ҳокимнинг бу айбловини "провокация" дея инкор этган.

Абдурашид Дўстумнинг айтишича, Аҳмад Ишчи у томонидан эмас, балки мамлакат хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган.

"У (Ишчи) Афғон хавфсизлик хизматлари томонидан мухолифатни молиялашда гумон қилиниб ҳибсга олинган," дея баёнот берган эди Генерал Дўстумнинг сўзчиси.

"Баъзи номаълум доиралар анча вақтдан буён биринчи вице-президентга қарши ҳаракат бўлаяпти," дея илова қилинади баёнотда.

Аммо, шу пайтгача генерал Дўстум матбуот хизмати вице-президентнинг тўққиз нафар тансоқчи ва яқинларининг ҳибсга олиниши ҳақидаги прокуратура қарорига муносабат билдиргани йўқ.

Жузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчининг Озодлик радиосига айтишича, Афғонистон Бош прокуратураси генерал Дўстумнинг тергов тугагунча ўз вазифасидан озод этилишини сўраб мамлакат Олий судига сўровнома жўнатган.

Президент Ашраф Ғаний идораси ҳодиса юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказишга ваъда берган эди.

"Афғон ҳукумати учун ҳеч ким қонундан устун тура олмайди. Қонун устуворлиги ва жавобгарлик ҳукуматнинг ўзидан бошланади ва биз бу таймойилга содиқмиз," деган эди Афғонистон президентининг сўзчиси Ҳорун Чахансурий.

Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам собиқ ҳоким илгари сурган даъволар юзасидан текширув ўтказишга чақирган.

XS
SM
MD
LG